Ўзбекистон | 21:03 / 23.02.2022
14545
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фуқароларга очиқ ҳавода ниқоб тақмасликка рухсат берилади

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб фуқароларнинг очиқ ҳавода ниқоб тақмаслигига рухсат берилди.

Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаяётгани боис аввал жорий этилган муайян чекловларни олиб ташлаш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда январь ойига нисбатан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус 1 ва 2-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига беморлар госпитализацияси 7 бараварга камайган.

«2022 йил январь ойида «103» тез тиббий ёрдам хизматига кунлик чақириқлар сони республика бўйича 34 мингта бўлган бўлса, ушбу кўрсаткич охирги кунларда 20 мингтани ташкил этмоқда. Яъни деярли 1,5 баробарга камайди.

Бугунги кунда касалликнинг тарқалганлик даражаси 0,4 ни ташкил этмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари хулосасига кўра, бу кўрсаткич 1,0 гача бўлса, вазият барқарорлигини англатади. 

Хорижий оммавий ахборот воситаларининг тарқатаётган хабарларига кўра, бугунги кунда аксарият мамлакатлар коронавирус инфекциясини эндемик касаллик сифатида тан олиб, асосий чекловларни, ҳатто ниқоб тақиш тартиби ва COVID-19 паспортларини бекор қилиш ниятида эканини маълум қилмоқда.

Шу билан бирга, Европа давлатлари аҳолини эмлаш жараёнини кучайтиришни таклиф этмоқда», дейилади ССВ хабарида. 

Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб фуқароларнинг очиқ ҳавода ниқоб тақмаслигига рухсат берилди.

Шунингдек, эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ижтимоий масофасини таъминлаш қийин бўлган жойларда: 

  • жамоат транспортида 
  • йирик савдо дўконларида 
  • таълим муассасаларида
  • давлат ва нодавлат идораларида 
  • масжидлар, театр, кинотеатр, музей, санъат саройлари, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ва бошқа одамлар гавжум жойларда ниқоб тақиш тавсия этилди.

Соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббиёт ходимларининг, улар коронавирус билан касалланганлар билан алоқада бўлишидан қатъи назар, ниқоб тақиши талаби сақлаб қолинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда COVID-19 билан боғлиқ илк ҳолат 2020 йил 15 март куни аниқлангач, 16 мартдан таълимгоҳлар карантинга ёпилган, 23 мартдан эътиборан бутун мамлакат бўйлаб тиббий ниқобсиз ҳаракатланиш тақиқланган эди.

Мавзуга оид