Россиялик олимлар урушни тўхтатишни сўраб очиқ хат ёзишди
Россиялик бир қатор олимлар ва илмий журналистлар Украина билан урушни тўхтатишни сўраб очиқ хат ёзди. Хатни 300 га яқин зиёлилар имзолаган.
«Россиялик олимлар ва илмий журналистлар бизнинг ҳарбий кучларимиз томонидан Украина ҳудудида бошланган ҳарбий ҳаракатларни кескин қоралаймиз. Бу ҳалокатли қадам халқаро хавфсизликка дахл қилади ва инсонлар ўлимига сабаб бўлади. Европада кузатилаётган уруш учун жавобгарлик тўлалигича Россия гарданига тушади. Донбассдаги воқеалардан ҳарбий ҳаракатларга баҳона сифатида фойдаланишни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.
Украина Россияга ҳеч қанақа хавф туғдирмаётгани кўриниб турибди. Украина бизга яқин давлат, унга қарши урушдан ҳеч қандай мантиқ йўқ. Ота-боболаримиз нацизмга қарши биргаликда курашган. Россия раҳбариятининг шубҳали тарихий фантазиясига асосланган геосиёсий мақсадлар учун уруш очиш ота-боболар хотирасига хиёнатдир. Украинанинг демократик институтлар чиндан ишлайдиган давлатчилигини ҳурмат қиламиз.
Қўшниларимиз Европани танлаганини ҳурмат қиламиз. Уруш бошлаш орқали Россия ўзини дунёдан яккалаб қўйди. Бу эса биз ортиқ ўз фаолиятимиз билан шуғуллана олмаслигимизни англатади. Чунки бошқа давлатдаги ҳамкасблар билан алоқада бўлмай ишлаб бўлмайди. Нацизм устидан қозонилган ғалабада ҳал қилувчи бўлган давлатимиз бугун ўзи уруш очадиган давлатга айланганидан қаттиқ афсусдамиз.
Украинага қарши урушни тезда тўхтатишга, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чорлаймиз. Келинг, уруш билан эмас, илм-фан билан шуғулланайлик», дейилган зиёлилар хатида.
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
21:25 / 22.11.2024