Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хивада «Дешон қалъа» деворининг бир қисми қулаб тушди
Хива шаҳридаги 180 йиллик тарихга эга объектнинг қулаб тушиши оқибатида 1 киши жароҳат олган.
23 февраль куни тунда Хива шаҳридаги «Дешон қалъа» девори маданий мерос объектининг Қумясқа маҳалласи ҳудудидан ўтган 8 метр қисми қулаб тушган. Оқибатда, деворга туташ бўлган хонадонда яшовчи аёл жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳозирда унинг аҳволи қониқарли.
Деворнинг қулаб тушишига эскириш ва табиий жараёнлар, қор-ёмғир таъсирида нураш сабаб бўлгани айтилмоқда.
«Дешон қалъа» девори 1842 йилда Хива хони Оллоқулихон буйруғи билан ташқи ҳимоя воситаси сифатида барпо қилинган. Унинг узунлиги 6614 метр бўлиб, 10 та дарвозаси бўлган.
Деворнинг бир қисми 1873 йили генерал фон Кауфман бошчилигидаги рус ҳарбий қўшинлари томонидан ўққа тутилиб, вайрон этилган. Шўролар даврида қалъа деворидан ғишт ишлаб чиқариш учун хомашё сифатида фойдаланилган.
2019 йилда «Дешон қалъа» девори маданий мерос объекти Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан «Моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари» миллий рўйхатига киритилган.
Ҳозирги кунда қалъанинг тахминан 1,5 км қисми турли даражада сақланиб қолган. Уларни консервация қилиш мақсадида ёғоч устунлар билан вақтинча мустаҳкамлаш ва асраб қолиш чоралари кўрилмоқда.