Босқин учун энг қиммат жазо: SWIFT тизимидан узилиши Россия учун қанчалик ҳалокатли?
Ғарб давлатлари Россиянинг қатор банкларини (рўйхат яна кенгайиши ҳам назарда тутилган) SWIFT’дан узишга қарор қилди. Бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Иқтисодий чораларнинг энг оғири Россия банк тизимини халқаро SWIFT тўлов тизимидан узиб қўйиш таҳдиди ҳисобланган ва бу ҳар доим энг охирги чора сифатида кўриб келинган. Украинага босқин ортидан халқаро санкцияларга тушган Россия банклари SWIFT'дан узилади, заруратга қараб бошқа банклар ҳам тизимдан узилиши мумкин. Хўш, бу Россия иқтисодиётига қанчалик аянчли таъсир ўтказади?
SWIFT нима?
SWIFT (Society for Worldwide Interbank Financial Telecommunication) – банклараро маълумот алмашиш ва тўловларни амалга ошириш тизими бўлиб, унга дунёнинг деярли барча мамлакатларидаги 11 мингдан ортиқ йирик ташкилотлар уланган.
Ушбу тизим бутун дунё бўйлаб молия институтларига операциялар тўғрисидаги маълумотларни хавфсиз, стандартлаштирилган ва ишончли тарзда юбориш ва қабул қилиш имконини беради. SWIFT орқали кунига ўртача 42 млн маълумот алмашилади ва глобал миқёсдаги тўловларнинг ярмига яқини ушу платформа орқали амалга оширилган.
SWIFT тизимига ўхшаш қуйидаги муқобиллар мавжуд:
- CIPS – Хитойнинг клиринг банклари билан Хитой валютасида савдога оид битимлар учун мўлжалланган;
- SFMS – Ҳиндистон ҳомийлигида ташкил этилган;
- SPFS – Россия томонидан ташкил этилган, асосан рус банклари ички ўтказмаларда фойдаланишади;
- INSTEX – Эрон SWIFT тизимидан узиб қўйилганидан кейин Европа Иттифоқи томонидан ташкил этилган ва АҚШ долларидан ташқари операцияларда фойдаланиш учун мўлжалланган, бироқ деярли фойдаланилмаган ва ўз самарасини бермаган.
SWIFT’ни содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, қайси мамлакат тизимдан чиқарилса, бу давлатда халқаро пул оқимининг кириши ва чиқиб кетишида жиддий муаммолар пайдо бўла бошлайди. Хусусан, Россиядан Ўзбекистонга қилинадиган транзакциялар ҳам SWIFT орқали амалга оширилган.
SWIFT’дан узилиш Россия учун қанчалик ҳалокатли?
Россия Миллий SWIFT ассоциацияси маълумотларига кўра, мамлакатнинг 300 га яқин етакчи банк ва ташкилотлари маълумот алмашишда айнан ушбу тизимни ишлатишади ва платформадан фойдаланувчилар сони бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туришади. Ҳисоб-китобларга кўра, SWIFT’да юборилувчи хабарлар сони бўйича Россия дунёда 6-ўринда туради. Россиянинг йиллик ўтказма ҳажми 800 млрд долларга етиши мумкин. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ярмидан бироз кўп. Энди нима бўлади?
Биринчидан, Россия банкларини SWIFT тизимидан чиқариб ташлаш мамлакатнинг бутун дунё бўйлаб молиявий бозорларга киришини чеклаб қўяди. Буни бирор давлатни интернетдан узиб қўйишга ўхшатиш мумкин. Молия сектори ва экспорт, хомашё етказиб бериш учун тўловларни амалга оширишда жиддий муаммолар пайдо бўлади.
Иккинчидан, Россиянинг SWIFT’дан узилиши натижасида халқаро инвесторларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши юз бера бошлайди ва бу қимматли қоғозлар бозорини қулатиши мумкин. Бунинг оқибатида корпоратив ва давлат қимматли қоғозларининг асосий эгалари бўлган банклар катта йўқотишларга учрайди.
Учинчидан, Россия АҚШ долларида амалга ошириладиган углеводородлар экспорти туфайли SWIFT тизимига қаттиқ таянади. Мамлакат бюджети ҳам нефть ва газ каби хомашё экспортидан олинадиган солиқларга боғланган. Савдонинг қийинлашиши эса бюджет учун зарур бўлган пул тўплашни оғирлаштиради.
Тўртинчидан, рус банкларининг бошқа халқаро банклар билан тўғридан тўғри ишлаши қийинлашади. Улар санкцияга тушиб қолмаслик учун алоҳида ўзаро ҳамкорлик алоқаларидан қочишлари мумкин. Буни ҳатто Хитойнинг икки йирик давлат банки Россиядан хомашё товарларини харид қилиш бўйича битимларга хизмат кўрсатишни тўхтатгани ҳақидаги хабарлар чиқа бошлагани ҳам исботлайди. Репутация йўқотилиши оқибатида Ғарбнинг кўплаб банклари ва компаниялари мамлакатда ишлашдан, Россия ва рус бизнеси билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиши мумкин. Глобаллашув даврида харажатлар ошиши ва молиявий оқимлар кескин секинлашиши бизнесга жиддий зарба беради.
Маълумот учун, 2012–2016 йиллар давомида Эрон банклари тизимдан узиб қўйилганидан сўнг, мамлакат нефть экспортидан келадиган даромадларининг деярли ярмини ва ташқи савдосининг 30 фоизини йўқотади. Шунингдек, 2017 йилда Шимолий Корея ҳам SWIFT’дан узиб қўйилган.
Россия учун бошқа муқобил танловлар борми?
Россияни SWIFT тизимидан узиб қўйиш ҳақидаги чақириқлар олдин ҳам бўлган. 2014 йил август ойида Буюк Британия Европа етакчиларига шундай вариантни кўриб чиқиш таклифи билан чиққан. Ўшанда Россиянинг собиқ молия вазири Алексей Кудрин бундай ҳаракат Россия ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизга қисқаришига олиб келиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирганди. Ўша пайтдаги мамлакат бош вазири Дмитрий Медведев эса бу ҳаракатни «уруш эълон қилиш билан баробар», дея таърифлаган.
Кейинги даврда Россия ҳукумати бу борада муқобил ечимлар яратишга ҳаракат қилиб кўрган. Улардан бири – SPFS тизими. Унга 331та кредит ташкилотлари бирлаштирилган ва мамлакат ичидаги молиявий ўтказмаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мумкин. Аммо SPFS’да транзакция харажатлари қимматлиги ва тизим секинлиги боис шу пайтгача рус банклари SWIFT’дан фойдаланиб келишган.
Яна бир вариант: унутилган эски усулга қайтиш мумкин. 2005 йилгача Россиянинг чет элдаги тўловларининг аксарияти Тelex орқали амалга оширилган. Бу тизимда банклараро комиссиялар юқори, тезлиги эса паст, бироқ фойдаланиш имконияти бор.
Шунингдек, банклар икки томонлама тўлов тизимига ўтади. Кредит ташкилотлари вакиллик ҳисобварақалари бўйича транзакцияларни онлайн амалга ошириши мумкин.
Нега шу пайтгача Россияни SWIFT тизимидан узишмаганди?
SWIFT - Бельгия юрисдикцияси остидаги корпоратив ҳамжамият. Ушбу тизим Ғарб давлатларидаги ўндан ортиқ Марказий банклар томонидан ҳамкорликда бошқарилади. Яъни АҚШнинг ёлғиз ўзи Россияни тизимдан узиб қўя олмайди. Бирор мамлакатни тизимдан четлатиш учун Европарламент қарори керак, шунингдек, бу қарор Бельгия томонидан тасдиқланиши ҳам зарур.
Бундан ташқари, Европа мамлакатлари (айниқса, Германия, Италия ва Франция) Россия нефти ва газига қаттиқ боғланган. Икки ўртадаги тўловлар SWIFT орқали амалга оширилгани боис тизимдан Россияни узиб қўйиш савдо қилишни қийинлаштириб юборарди.
АҚШ ва Германия банклари Россия банклари билан энг кўп мулоқот қиладиган SWIFT фойдаланувчилари ҳисобланади.
Шунингдек, барча (умумий 3та) SWIFT маълумотлар марказлари Россиядан ташқарида (АҚШ, Нидерландия ва Швейцарияда) жойлашган. Экспертларнинг фикрларига кўра, бу АҚШ разведкасига Россия банклари томонидан амалга оширилаётган молиявий операциялардан хабардор бўлиб туриш имконини берган. Россиянинг соядаги иқтисодиётга ўтиши АҚШнинг стратегик манфаатларига ҳам тўғри келмаган.
Умумий қилиб айтадиган бўлсак, Россиянинг Ғарб давлатлари билан юқори даражадаги ўзаро боғлиқлиги тизимдан чиқиб кетишининг олдини олишда «қалқон» вазифасини ўтаб келган. Россиянинг четлаштирилиши натижасида Европа мамлакатларида ҳам энергетик таъминот ёмонлашади ва уларга ҳам сезиларли таъсир ўтказади.
Бу ўзбек банкларига ҳам таъсир қиладими?
Россиядан Ўзбекистонга қилинадиган транзакциялар ҳам SWIFT орқали амалга ошириб келинган. Агар Россия тизимдан чиқариб юбориладиган бўлса, ўзбек банклари пул ўтказмаларини амалга ошириш учун Россия банклари билан алоҳида шартнома қилишига тўғри келади. Энди шу бўйича ишлар олиб борилиши кутилмоқда.
Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, келаётган ҳафта ўзбек банклари учун ҳам синовли бўлади.
«Йилига, масалан, Россия билан Ўзбекистон ўртасида 10-12 миллиард долларлик транзакциялар ўтади. Транзакцияларнинг 99 фоизи долларда амалга оширилади. SWIFT яратадиган афзаллик, масалан, халқаро пул ўтказмалари, депозит операциялари нархини ҳозирги даражадаги минимумда ушлаб туришга имкон беради. Афсуски, телетайп орқали молиявий ахборот алмашинишда бундай эмас. Қолаверса, ахборот алмашинишда, идентификациялаш ва молиявий муттаҳамлик билан боғлиқ рисклар каррасига ортади.
Шундай экан, келаси ҳафта ўзбек банклари учун ҳам синовли бўлади. Шу ўринда, мигрантларимиздан ҳам, бизнес вакилларидан ҳам SWIFT узилиши юз бериши шароитида битим ва ўтказмалардан, токи вазият барқарорлашгунча тийилиб туришни яна бир бор сўрайман», дея таъкидлаган иқтисодчи.
Достон Аҳроров тайёрлади.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
11:53 / 22.11.2024
АҚШ Россиянинг 50 та банкига қарши янги санкциялар киритди
09:12 / 22.11.2024