Жаҳон | 23:01 / 28.02.2022
49519
12 дақиқада ўқилади

Босқин учун жазо: Россияга қарши киритилган иқтисодий санкциялар

Украинага бостириб киргани Россияга ниҳоятда қимматга тушмоқда. Йирик давлатлар нафақат Путин ва унинг атрофидаги одамларга санкция киритяпти, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам жиддий зарба бўладиган жазоларни қўлламоқда. Kun.uz уруш бошланганидан кейин Россияга киритилган иқтисодий санкциялар рўйхатини тақдим этади.

Фото: AFP/Getty Images

Ғарбнинг илк жавоби: Германия “Шимолий оқим 2” сертификациясини тўхтатиб қўйди

22 феврал куни Германия “Шимолий оқим 2” сертификациясини тўхтатиб қўйди. Бу Германиянинг Россия ДХР ва ЛХРни мустақил деб тан олганига биринчи реакцияси бўлди.

Россия Европага газ етказиб берувчи асосий давлат ҳисобланади. “Шимолий оқим 2” орқали Россиядан Европага катта миқдорда газ экспорт қилиш кўзланган. У ҳали ишга тушгани йўқ ва бу айнан Германия бевосита назорат қила оладиган оператор ҳисобланади. Унинг охирги манзили ҳам айнан Германия. Россия гази АЭСларидан воз кечаётган Германия учун муҳим энергетик хомашё ҳисобланади.

Европа газ масаласида Россияга қанчалик боғлиқлиги ҳақида иқтисодчи Отабек Бакиров Kun.uz'га берган интервьюсида гапириб ўтганди.

АҚШнинг биринчи жавоби: давлат қарзи ва банклар

23 феврал, Россия Украинага бостириб киришидан бир кун аввал АҚШ илк санкция пакетини эълон қилди.

АҚШнинг бирламчи санкциялари Россия давлат қарзига қаратилди. Шунингдек, Россия ҳарбий тузилмасига хизмат кўрсатувчи “Роспромсвяз” ҳарбий банки ҳам санкцияга тушгани маълум қилинди. Бундан ташқари, Байден Россиянинг “Промсвязбанк”, “ВЭБ” банки ва уларга алоқаси бўлган 42 та шуъба компаниялар санкцияга тушганини айтди.

Канада, Австралия ва Япония санкциялари

23 феврал куни Канада, Австралия ва Япония ҳукуматлари Россия ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олишига жавобан Россияга қатор санкциялар жорий этишга қарор қилди.

Канада санкциялари Россия суверен қарзлари ва ДХР ҳамда ЛХР билан келишувларни қамраб олди. Бундан ташқари, улар Россиянинг икки банки ва Россия парламентининг ДХР ва ЛХР тан олиниши учун овоз берган вакилларига тааллуқли бўлади. Канадаликларга ушбу республикалар билан молиявий операциялар ўтказиш тақиқланди.

Австралия ҳам Россия банклари, ДХР ва ЛХР жисмоний ва юридик шахсларини санкцияга дучор этди. Канберра Россия Хавфсизлик кенгашининг ДХР ва ЛХР тан олинишини қўллаб-қувватлаган саккиз вакилини санкциялар рўйхатига киритган.

Япониянинг санкциялари мамлакатга ДХР ва ЛХРдан расмий шахслар келишини чеклаш, шунингдек бу республика билан экспорт ва импорт маҳсулотларини тақиқлашни назарда тутди. Бундан ташқари, япон бозорида россияликлар облигациялари жойлаштирилиши чекланмоқда. Россия ҳукуматининг янги суверен қарзи бўйича операциялар тўхтатилди. Япония бош вазири Фумио Кисида вазият ёмонлашган тақдирда, чора-тадбирлар рўйхати кенгайтирилиши мумкинлигини қайд этган.

Европа иттифоқи

25 феврал куни Европа Иттифоқи Россияга санкциялар рўйхатини эълон қилди. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, қуйидаги чеклов чоралари кўрилади:

  • Россия банк бозорининг 70 фоизига ва асосий давлат компаниялари, шу жумладан мудофаа соҳасида фаолият юритувчи компанияларга таъсир қилувчи молиявий санкциялар;
  • Энергетика соҳасидаги санкциялар: ЕИ субъектлари Россия нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қила олмайди;
  • Россияга самолётлар ва авиация ускуналарини сотишни тақиқлаш;
  • Россиянинг технологиялар, шу жумладан яримўтказгичлардан фойдаланишини чеклаш;
  • Виза санкциялари – дипломатлар ва бизнес вакиллари энди Европа Иттифоқи мамлакатларига кириш имтиёзларидан фойдалана олмайди.

Бундан ташқари, Financial Times нашри санкция остида қолган банклар, молиявий хизматлар ва компанияларнинг тўлиқ рўйхатини келтирди. Унда молиявий операциялар билан боғлиқ санкциялар ҳам ўрин олган.

Марказий банк: Ғарб давлатлари коллектив равишда Россия Марказий банки активларини музлатишга қарор қилди. Шу пайтгача фақатгина Эрон, Сурия, Афғонистон ва Венесуэла Марказий банкларининг активлари музлатилганди. Россия Банки қарийб 640 млрд долларлик валюта захираларига эга, унинг катта қисми Ғарбда – Нью-Йорк, Лондон ва Франкфуртдаги Марказий банкларда сақланади.

Захираларнинг музлатилиши регуляторнинг банкларни қўллаб-қувватлаш қобилиятини фалажлайди, рубл курсини ушлаб туриш учун пул бозорига интервенциялар қилиш имкониятидан маҳрум қилади.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи 2022 йил 12 апрелдан кейин чиқариладиган қимматли қоғозлар ва пул бозори воситалари билан инвестиция хизматларининг тўғридан тўғри ёки билвосита савдосини тақиқлади. Бундан ташқари, АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Европа Иттифоқи Россия Марказий банкининг халқаро захираларидан санкциялар таъсирига путур етказадиган тарзда фойдаланишига тўсқинлик қиладиган чеклов чораларини қўллашга интилмоқда.

SWIFT: Иқтисодий чораларнинг энг оғири Россия банк тизимини халқаро SWIFT тўлов тизимидан узиб қўйиш таҳдиди ҳисобланган ва бу ҳар доим энг охирги чора сифатида кўриб келинган. Украинага босқин ортидан халқаро санкцияларга тушган Россия банклари SWIFT'дан узилади, заруратга қараб бошқа банклар ҳам тизимдан узилиши мумкин. Россия банкларини SWIFT тизимидан чиқариб ташлаш мамлакатнинг бутун дунё бўйлаб молиявий бозорларга киришини чеклаб қўяди.

Kun.uz Россиянинг SWIFТ’нинг узилиши қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида мақола эълон қилганди.

Сбербанк: АҚШ Россиянинг энг йирик банки ва 25 та шуъбасини АҚШ молия тизимидан узди. Санкциялар Сбербанкнинг АҚШ долларидаги операцияларни амалга ошириш имкониятини чеклайди. Молиявий ташкилот Россия банк тизимининг деярли учдан бир қисмини ташкил қилади ва жаҳон молия тизими билан чамбарчас боғлиқ.

ВТБ Банк: АҚШ ва Буюк Британия Россиянинг иккинчи йирик банкининг активларини музлатиб қўйди, у Ғарб молиявий тизимларига қаттиқ боғлиқдир. Бу шуни англатадики, банк ва унинг шуъба корхоналари Буюк Британия ва АҚШда уларнинг фуқаролари билан бизнес юрита олмайди.

Россия ҳукумати учун муҳим даромад манбайи ҳамда йирик ривожланиш молия институти бўлмиш ВЭБ РФ Европа Иттифоқи санкциялари остида қолди. У аллақачон АҚШ ва Буюк Британия рўйхатида эди.

Европа Иттифоқи Алфа-Банк ва Откритие Банк қайта молиялаш учун облигациялар, акциялар ёки кредитлар чиқаришига тақиқ қўйди. АҚШ эса Алфа-Банк қарзи ва капиталига чекловлар киритди, Откритие Банк, Совcомбанк ва Новикомбанкка қарши тўлиқ блокировка қилувчи санкциялар киритди. Шунингдек, Америка Росселхозбанк, Москва кредит банки ва Газпромбанкнинг қарз ва капиталига янги чекловлар қўйди.

Буюк Британия Промсвязбанк активларини музлатиб қўйди. ИС Банк, Генбанк ва Қора денгиз тараққиёт ва тикланиш банки ҳам Британия санкциялари остида қолди.

Беларусдаги банклар

АҚШ Минскнинг Россия босқинидаги иштирокига жавобан икки давлат банки – Belinvestbank ва Bank Dabrabyt'га қарши санкциялар киритди. Бундан ташқари, Минскда жойлашган иккита компания, Belinvest Engineering кўчмас мулк гуруҳи ва CJSC Belbizneslizing молиявий лизинг компанияси Belinvestbank номидан иш олиб бориш учун рўйхатга киритилган.

Россиянинг қуйидаги йирик компаниялари халқаро санкциялар остида қолди:

  • “Аэрофлот” авиакомпанияси. Унга Буюк Британия ҳаво ҳудудида парвоз қилиш тақиқланди.
  • “Ростеc” – Россиядаги энг йирик мудофаа компанияси.
  • “Уралвагонзавод” – дунёдаги энг йирик танк ишлаб чиқарувчиси.
  • Tactical Missile Corporation – ҳаво ва денгиз ракеталарининг асосий етказиб берувчиси
  • United Aircraft Corporation – Россиянинг барча йирик самолёт ишлаб чиқарувчиларини ўз ичига олган ҳарбий самолётларни етказиб берувчи Россия ҳолдинг компанияси.
  • Бирлашган кемасозлик корпорацияси. Россиянинг асосий ҳарбий кемаларини қурган мамлакатдаги энг йирик кемасозлик компанияси.

Шунингдек, Европа Иттифоқи компанияларига технологияларни Россиянинг қурол ишлаб чиқарувчи “Калашников” ОАЖ, шунингдек, фармацевтика компаниялари, ҳарбий алоқа бўлинмалари ва кемасозлик заводларига экспорт қилиш тақиқланди.

Европа Иттифоқи компанияларига қуйидаги давлат компаниялари билан бизнес юритиш тақиқланди:

  • қурол ишлаб чиқарувчи Алмаз-Антей;
  • юк машиналари ишлаб чиқарувчи Камаз;
  • Новороссийск денгиз савдо порти;
  • “Ростеc” мудофаа корхонаси;
  • Россия темир йўллари;
  • Атом сувости кемалари ишлаб чиқарувчи “Севмаш”;
  • Углеводород етказиб берувчи “Совcомфлот”;
  • Россиянинг энг йирик кема қурувчиси “Бирлашган кема қуриш корпорацияси”.

Шунингдек, Украинада дезинформацион кампаниялар уюштирганликда айбланиб, Евгений Пригожин томонидан молиялаштирилиши айтиладиган ва Кремл томонидан қўллаб-қувватланадиган Интернет тадқиқот агентлиги ҳам санкцияларга учради.

Америка Қўшма штатларининг рус компанияларига санкциялари

Россиянинг энг йирик молия институтларини нишонга олишдан ташқари, Қўшма Штатлар мамлакат иқтисодиёти учун муҳим бўлган компанияларнинг АҚШ бозори орқали пул йиғишларини кескин чеклаб қўйди. Бунга қуйидагилар киради:

  • Дунёдаги энг йирик газ компанияси “Газпром”;
  • Россиянинг энг йирик нефт ишлаб чиқарувчилари ва қайта ишловчиларидан бири “Газпром Нефт”;
  • “Транснефт” нефт қувурлари компанияси;
  • Россиянинг энг йирик энергетика компанияларидан бири “RusHydro”.
  • Россиянинг энг йирик денгиз ва юк ташиш компанияси “Совcомфлот”;
  • дунёдаги энг йирик темирйўл компанияларидан бири – “Россия темир йўллари”.
  • Россиянинг йирик алоқа оператори “Ростелеком”;
  • дунёдаги энг йирик олмос қазиб олувчи “Alrosa” компанияси.

Бошқа санкциялар

Буюк Британия Россияга қарши қуйидаги қўшимча санкцияларни қўлламоқда:

  • Бадавлат россияликларнинг Буюк Британия банкларига киришини чеклаш, жумладан, банк ҳисобларига 50 минг фунт стерлинг миқдорида чеклов;
  • Россиянинг барча молия институтларидаги активларни музлатиш;
  • Россия компанияларининг Буюк Британияда қимматли қоғозлар ва пул бозори воситаларини чиқаришига йўл қўймаслик чоралари;
  • Белгиланган банкларнинг Буюк Британия орқали стерлинг ва клиринг тўловларига киришини тақиқлаш;
  • Электрон, телекоммуникация ва аэрокосмик соҳаларда юқори технологияли ва муҳим техник жиҳозлар ва бутловчи қисмларни экспорт қилишни тақиқлаш;
  • Буюк Британиянинг Қримга нисбатан қўйган ҳудудий санкциялари Донецк ва Луганскка ҳам қўлланилади, яъни Украина уларни қайтадан ўз назоратига олмагунча, Британия фуқароси бу ҳудудларда бизнес билан шуғуллана олмайди.

Европа иттифоқи:

  • Россиянинг Европа Иттифоқи банкларида 100 минг евродан ортиқ депозит қўйиши, Европа Иттифоқининг марказий депозитарийларидаги Россия ҳисобрақамлари ва евродаги қимматли қоғозларни россиялик мижозларга сотишни тақиқлаш;
  • Россия давлат тузилмаларининг акцияларини Европа Иттифоқи савдо майдончаларида жойлаштиришни тақиқлаш;
  • Россияга нефтни қайта ишлаш технологияларини сотиш, етказиб бериш, узатиш ёки экспорт қилишни тақиқлаш ва тегишли хизматларга чекловлар;
  • Россия авиакомпанияларига, шунингдек, Россия космик саноатига барча самолётлар, эҳтиёт қисмлар ва жиҳозларни экспорт қилишни тақиқлаш (бу суғурта ва қайта суғурталаш, техник хизмат кўрсатишни тақиқлашни ўз ичига олади);
  • икки мақсадли товарлар ва технологиялар, шу жумладан яримўтказгичлар экспортига қўшимча чекловлар;

Шунингдек, АҚШ Россия армиясини Ғарб технологиясидан маҳрум қилиш учун Россияга юқори даражали Америка технологияси экспортини чеклади. Россияга Америкадан чиплар ва компютерлар  экспортига ҳам чекловлар қўйилди.

Яримўтказгичларнинг дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчиси бўлмиш Тайваннинг ТСМC компанияси АҚШ санкциялари туфайли Россияга маҳсулот етказиб беришни тўхтатди.

Россия иқтисодиёти яримўтказгичлар экспортига қаттиқ боғланган, чунки Россия маиший электроника ёки юқори технологик товарлар учун мўлжалланган микрочипларни ишлаб чиқармайди. Бу соҳада Тайван, Жанубий Корея, АҚШ, Европа ва Япония етакчилик қилади.

Мавзуга оид