Жаҳон | 22:24 / 28.02.2022
36667
3 дақиқада ўқилади

Москва ва Киев делегациялари Беларусдаги музокараларни якунлади. Яқин кунларда иккинчи раунд бўлиб ўтади

Фото: Беларусь ТИВ

Москва ва Киев делегациялари Беларуснинг Гомель области ҳудудида ташкиллаштирилган музокараларнинг биринчи раундини якунлади. Бу ҳақда Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг баёнотига асосланиб, БЕЛТА агентлиги хабар берди.

Музокаралар олти соатга яқин вақт давом этган. Подолякнинг сўзларига кўра, муҳокамалардан мақсад Украинада ўт очишни ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўлган.

«Томонлар устувор мавзуларни белгилаб олишди, муайян ечимлар белгиланди. Уларни амалга ошириш мақсадида томонлар маслаҳатлашув учун ўз пойтахтларига жўнашади», — деган Подоляк. Унинг сўзларига кўра, Россия билан музокаралар оғир бўлган, аммо «мажбурий ультиматумлар»сиз кечган.

У делегациялар яқин вақт ичида музокараларнинг иккинчи раундини ўтказиш имкониятини ҳам муҳокама қилишганини қўшимча қилган. 

РФ делегацияси раҳбари, президент маслаҳатчиси Владимир Мединскийнинг маълум қилишича, томонлар «умумий позицияларни башорат қилиш мумкин бўлган баъзи нуқталарни топишган». Делегациялар ўз мамлакатлари раҳбариятлари билан маслаҳатлашишади ва яқин кунларда музокараларни давом эттиради. Кейинги учрашув Польша-Беларусь чегарасида ташкиллаштирилади.

  • Россия Украинага босқинни 24 февраль куни бошлаганди. 27 февраль куни мамлакатлар музокаралар ўтказишга келишди. Россия музокараларни Гомелда ўтказиш Украина томони таклифи эканини маълум қилган.
  • Украина президенти Владимир Зеленский русларнинг Минскда учрашиш бўйича илк таклифидан кейин Киев Беларусдаги музокараларга бормаслиги, чунки россиялик ҳарбийлар айнан шу мамлакат ҳудудидан Украина ҳудудига бостириб киргани ва ракеталар отаётганини айтганди ва бошқа бетараф ҳудудларни - Варшава, Вена, Истанбул ва Боку шаҳарлари вариантларини таклиф қилганди.
  • Якунда томонлар Украина ва Беларусь чегарасида, Гомель области ҳудудида жойлашган, Припять дарёси бўйидаги қароргоҳда учршишга келишди.
  • Украина делегацияси таркибига — Михаил Подоляк, шунингдек «Слуга народа» партиясининг Олий рададаги фракцияси раҳбари Давид Арахамия ва Украина мудофаа вазири Алексей Резников кирган. Россия делегацияси таркибидан — Владимир Мединский, шунингдек ТИВ, Мудофаа вазирлиги ҳамда президент администрациясидан вакиллар бор.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид