Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадаги вазият Ўзбекистондан Россияга самолётлар қатновига қандай таъсир қилади?
Дунёнинг 30дан ортиқ давлати Россия авиакомпаниялари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпганини эълон қилди. Ўз навбатида Россия Федерацияси ҳам бу давлатларга нисбатан шундай чора қўллади. Баҳор мавсумида, Ўзбекистондан Россияга йўловчилар оқими кескин кўпаядиган бир вақтда парвозларда қандай ўзгаришлар бўлгани юзасидан Транспорт вазирлиги билан боғландик.
Kun.uz саволларига вазирлик матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов жавоб берди.
– Сўнгги воқеалар фонида Қозоғистон ҳаво ҳудудидаги парвозлар сони уч карра ошгани қайд қилинди. Бу қанчалик асосли?
– Бу маълумотлар асосли. Чунки Қозоғистон Россия билан қўшни ва катта масофадаги умумий чегараларга эга. Ҳозир айланиб ўтаётган самолётларнинг аксарияти Қозоғистон ҳаво ҳудуди орқали ҳаракатланмоқда. Бу ҳолат қанча вақт давом этади – жавоб бериш қийин.
– Ўзбекистон ҳаво ҳудудидаги вазият қандай? Бу воқеалар Ўзбекистон транзит имкониятларига қай даражада таъсир қилади?
– Бизда ҳаво ҳудудидан фойдаланишда ҳам, транзит бўйича ҳам бирор жиддий ўзгариш йўқ, ҳаммаси бир маромда давом этмоқда.
– Ўзбекистондан Россия шаҳарларига парвозлар сонида қандай ўзгаришлар бор?
– Ҳаммаси белгиланган жадвал бўйича амалга ошириляпти, фавқулодда ўзгариш йўқ. Одатда ҳар йили баҳор ойларида Россия йўналишида қатновлар талабга кўра кўпаяди. Бу йил вазият қандай бўлишини тез орада билиб оламиз.
Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways жорий йилнинг 20 февралидан якшанба кунлари Тошкент – Ростов-Дон – Тошкент йўналиши бўйича қўшимча авиақатновларни йўлга қўйгани ҳақида хабар берилган. 23 февралдан эса чоршанба кунлари Тошкент – Краснодар – Тошкент йўналиши бўйича қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилган.