Жаҳон | 16:26 / 01.03.2022
26208
2 дақиқада ўқилади

Лавров АҚШнинг Европадаги ядровий қуролини “уйига қайтариш” вақти келганини айтди

Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, Россия "ҳар доим ядровий урушда ғолиблар бўлмаслиги ва бу уруш ҳеч қачон бошланмаслиги кераклиги" нуқтаи назаридан келиб чиқиб ҳаракат қилади.

Фото: globallookpress.com

Россия АҚШнинг Европадаги ядровий қуролини ортга қайтаришга ва у билан боғлиқ инфратузилмани йўқ қилишга чақиради, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

"Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага зид равишда Қўшма Штатларнинг ядровий қуроли Европанинг қатор мамлакатлари ҳудудида ҳалигача жойлаштирилганлиги биз учун номақбул ҳисобланади, НАТОнинг ноядровий мамлакатлари иштирокида ядровий миссиялар ўтказиш амалиёти сақланиб қолмоқда. Бундай миссиялар доирасида Россияга нисбатан ядровий қурол қўллаш сценарийси ишлаб чиқилмоқда", - деди Лавров.

"Американинг ядровий қуролини уйига қайтариш, Европадаги у билан боғлиқ барча инфратузилмани йўқ қилиш вақти аллақачон келди", - деб таъкидлади у.

Лавровнинг сўзларига кўра, Россия "ҳар доим ядровий урушда ғолиблар бўлмаслиги ва бу уруш ҳеч қачон бошланмаслиги кераклиги" нуқтаи назаридан келиб чиқиб ҳаракат қилади.

Аввалроқ Россия ядровий кучлари жанговар шай ҳолатга келтирилгани хабар қилинганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид