Иқтисодиёт | 22:25 / 01.03.2022
34566
2 дақиқада ўқилади

МБ Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказишда узилиш бўлмаслиги учун барча чоралар кўрилаётганини маълум қилди

Ўзбекистон Марказий банкининг маълум қилишича, Россиядан юбориладиган пул ўтказмалари кўплаб тизимлар орқали амалга оширилади. Баъзиларида узилиш вужудга келганда, муқобил тизим уларнинг ўрнини тўлдиради.

Фото: Getty Images

Россия банкларига қўлланилаётган молиявий санкциялар ушбу давлатдан Ўзбекистонга пул ўтказмалари юборишда қийинчиликлар юзага келиши ҳақидаги хавотирларни кучайтирди. Ўзбекистон Марказий банкининг баёнотида хавотирларга ўрин йўқлиги таъкидланади.

Баёнотда бугунги кунда мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда айрим халқаро пул ўтказмалари операторлари фаолиятида вақтинчалик узилишлар ёки тўхталишлар кузатилаётгани тан олинади.

“Қайд этиш лозимки, Россия Федерациясидан Ўзбекистонга пул ўтказмаларини амалга оширувчи кўплаб тизимлар йўлга қўйилган бўлиб, баъзи тизимларда узилишлар вужудга келганда уларнинг бошқа муқобилидан фойдаланиш имконияти мавжуд.

Халқаро пул ўтказмаларининг аҳоли учун долзарблигидан келиб чиқиб, тижорат банклари томонидан мамлакатимиз ҳудудида уларнинг узлуксиз фаолияти учун зарур чоралар кўриб борилмоқда”, – дейилади Марказий банк баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Евроиттифоқ, АҚШ, Канада ва Британия Россиянинг Украинага босқини туфайли санкциялар остига тушган Россия банкларини SWIFT халқаро тўлов тизимидан узиш бўйича келишиб олишган. Россия банкларига қарши қўлланган санкциялар ҳозирча Россия марказий банки, «ВТБ», «Сбербанк», «Алфа-банк», «Откритие», «Газпромбанк», «Росселхозбанк», «Новиком», «Совком», «МКБ» банкларига таъсир қилади. Заруратга қараб бошқа банклар ҳам тизимдан узилиши мумкин.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид