Ўзбекистон | 10:39 / 02.03.2022
7235
2 дақиқада ўқилади

700 ёшли тут дарахтига шикаст етказган фуқаро жаримага тортилди

Фото: Kun.uz

Фарғона вилояти Риштон туманида экилганига етти юз йил бўлган тут дарахтига шикаст етказган тадбиркор жаримага тортилди. Бу ҳақда Фарғона вилоят Экология бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Kun.uz сайтида Риштон Марказий деҳқон бозори ҳудудидаги 1340 йилда экилган тут дарахтлари ёнида икки қаватли савдо дўкони қурилиши бошлангани, иш бошлаган қурувчилар пойдеворни қазиши оқибатида дарахтларнинг томирларига шикаст етгани ҳақида мақола эълон қилинган эди.

Маълум бўлишича, Риштон туман давлат инспекторлари томонидан ҳолат жойига бориб ўрганилган.

Қурилиш ишларини амалга ошираётган тадбиркорда туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарори бўлган, бироқ Экологик экспертиза хулосаси бўлмаган. Фуқаро қурилиш ишлари давомида ноқонуний қазиш ишларини олиб бориб, муҳофазага олинган дарахт илдизларига шикаст етказган.

Ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари, яъни 5 400 000 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланган. Шунингдек, дарахтлар атрофида олиб борилаётган қурилиш ишлари тўхтатилиб, пойдевор учун қазилган жойда кўмиш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид