Жаҳон | 19:49 / 02.03.2022
31996
8 дақиқада ўқилади

Даромадлар камайиши, ишсизлик ва нархлар ошиши: урушнинг Марказий Осиёдаги эҳтимолий оқибатлари

Россиядаги миллионлаб меҳнат муҳожирлари реал иш ҳақининг камайиши ва янги иш ўринлари очилишининг тўхташи билан юзлашмоқда. Бундан ташқари, Марказий Осиёда озиқ-овқат ва энергия нархлари ошиши мумкин. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов мулоҳазалари.

Фото: AP Photo/Vadim Ghirda

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Тwitter'даги саҳифасида Россиянинг Украинага ҳужуми ва санкциялар Марказий Осиё иқтисодиётига қандай таъсир қилиши ҳақидаги мулоҳазалари билан бўлишди.

Пул ўтказмалари

Биринчидан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Россиядан пул ўтказмаларига жуда боғлиқ.

Бюджетининг 50 фоизи атрофидаги миқдори фақат пул ўтказмалари ҳисобига шаклланадиган Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон пул ўтказмаларига энг кам боғлиқ бўлган давлат ҳисобланади.

Қирғизистон ва Тожикистондаги вазият бундан ҳам ёмонроқ – пул ўтказмалари ялпи ички маҳсулотга нисбатан икки хонали сонда. Агар пул ўтказмалари 50 фоизга камайса, бу йил жиддий рецессия кутилиши мумкин.

Тожикистонда пул ўтказмалари ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизини ташкил қилади, бу миқдор 2 баробарга қисқариши жуда жиддий муаммодир. Ковид шоки қисқа муддатли бўлганди, бироқ бу ундай эмас.

Қозоғистон Россия билан иқтисодий иттифоқнинг бир қисми бўлса-да, эҳтимол у уруш шокига нисбатан энг чидамли давлат ҳисобланади.

Рублдаги пул ўтказмалари ҳажми бир хилда сақланиб қолган тақдирда ҳам (бу оптимистик тахмин) Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон девалвация туфайли пул ўтказмаларининг кескин пасайишига дуч келади.

Меҳнат бозори

Яна бир зарба меҳнат бозори билан боғлиқ бўлади: ёмон иқтисодий шароитлар ишчи кучига талаб ва иш ҳақининг қисқаришига олиб келади. Энг муҳими, янги иш ўринлари яратилмайди.

Энг кўп ташвишга соладиган нарса қимматли қоғозлар эмас, балки (ишчи кучи) оқимдир. Яъни Ўзбекистонда ҳар йили 450 мингдан ортиқ ўқувчи ўрта мактабни тамомлайди ва уларнинг 10 фоиздан камроғи олий ўқув юртларига ўқишга киради. Мамлакатда бўш иш ўринлари сони чекланган.

Хўш, ёшлар қаёққа кетяпти?

Ишсиз ёшлар иш излаб кўпинча Россия ва Қозоғистонга кетади. Агар Россияда иқтисодий муаммолар юзага келса, юз минглаб ўзбекистонлик мактаб битирувчиларининг кузда борадиган жойи қолмайди. Бу жуда ҳам жиддий ва мисли кўрилмаган муаммолар туғдирувчи масаладир.

Тожикистонда ҳам шунга ўхшаш тенденция мавжуд – бу ерда “ишсизлар оқими” муаммоси акциялар муаммосидан кўра муҳимроқ. Ишчи кучининг 20 фоиздан ортиғи Россияда расмий равишда банд бўлишига қарамай, ишга ёлланиш ва ишчи кучига бўлган талабнинг пасайиши бир қатор салбий ташқи таъсирларга эга бўлиши мумкин.

Марказий Осиё ёшлари Россияга ишлашга бориш учун ўз хавфсизлигини қурбон қилишга тайёр. Менимча, Россияга автобусда кетмоқчи бўлган 52 нафар ўзбекистонлик тириклайин ёниб кетганини эслаш мумкин.

Транзакция харажатлари

Энди, агар Россия капитал устидан назорат ўрнатса ёки мамлакат банк секторига тўлиқ санкция қўйилса, мигрантлар уйларига (Марказий Осиё давлатларига) пул жўнатишлари учун транзакция харажатлари сезиларли даражада ошади.

Бу кўпчилик учун ажабланарли ҳолат бўлиши мумкин, аммо Western Union (ёки унинг Россиядаги аналоглари) ва банклар каби расмий пул ўтказмаларидан фойдаланган ҳолда уйга пул жўнатиш энг кенг тарқалган усул ҳисобланади.

Агар Россияда “расмий” ва норасмий доллар курси пайдо бўлса, бу ундан-да аянчли якун дегани. Аллақачон 10 фоизлик фарқ юзага келиб бўлган. Бу шуни англатадики, алалоқибат меҳнат муҳожирларининг реал даромадлари камроқ бўлади ва уйга пул жўнатиш билан боғлиқ транзакция харажатлари ошади.

Асосий масала эса мигрантлар учун ишчи кучига бўлган талабнинг пасайиши ҳамда меҳнат шароитларини яхшилаш учун имкониятларнинг чекланиши бўлади.

Икки хил таъсир: макробарқарорлик ва уй хўжалиги даражаси

Макроиқтисодий барқарорлик нуқтайи назаридан Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистонга нисбатан яхшироқ ҳаракат қилмоқда, шунинг учун мен Ўзбекистон ҳақида фикр билдираман. Ўзбекистоннинг долларда деноминация қилинган қарзи бор ва валюта тушумларининг камайиши унинг валютаси (сўм)га босим ўтказади.

Ўзбекистоннинг йўқотишларни қоплай оладиган қийматли экспорт товарлари – газ ва олтини бўлишига қарамай, урушнинг мамлакат иқтисодиётига етказадиган таъсир даражаси қандай бўлишини айтиш қийин. Лекин макроиқтисодий барқарорлик учун жиддий муаммолар юзага келиши аниқ.

Уй хўжаликлари даражасида, айниқса озиқ-овқат нархлари инфляцияси ва тупроқ эрозияси билан боғлиқ хавотирларни ҳисобга олсак, вазият оптимистик эмас.

“Уруш шоки” аҳолининг энг заиф қатламлари – аёллар, болалар ва меҳнат муҳожирларининг ота-оналарига таъсир қилади.

Озиқ-овқат муаммоси

Россия ҳам, Украина ҳам Марказий Осиёга кўплаб турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беради. Шакар, дон, буғдой, ёғ, уруғлар, ун, гўшт ва бошқалар Россия, Европа иттифоқи, Қозоғистон ва Беларусдан келади.

Уруш ва санкциялар ишлаб чиқариш қувватини пасайтиради ва таъминотнинг қисқариши ҳамма жойда нархларни оширади.

Марказий Осиёдаги камбағаллар учун озиқ-овқат харажатлари ойлик харажатларининг ҳаммаси бўлмаса ҳам, катта қисмини ташкил қилади. Ўзбекистонликларнинг 10 фоиздан ортиғи озиқ-овқат таъминотидан азият чекмоқда. Озиқ-овқат муаммосини Қирғизистон билан солиштириш мумкин, бироқ Ўзбекистондаги вазият Тожикистондан яхшироқ.

Марказий Осиё давлатлари озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтира оладими? Катта эҳтимол билан қишлоқ хўжалигига тўғридан тўғри инвестициялар оқими ошмаяпти, хусусий қарз эса аллақачон ошган. Минтақавий бизнес хатарлари яна ошмоқда. Сув билан боғлиқ вазият ҳам ачинарли.

Энергия нархлари

Марказий Осиёда энергоресурсларга ҳукуматлар томонидан катта миқдорда субсидиялар ажратилади. Бошқа Марказий Осиё давлатлари ичида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари энг кўп, Қирғизистон эса энг кам энергияни субсидиялайди.

Энергия нархининг ошиши катта молиявий юкни келтириб чиқаради. Субсидияларни олиб ташлаш ёки нархларни ошириш сиёсий жиҳатдан қимматга тушади. Яқинда Қозоғистонда юзага келган вазиятни эслатиш кифоя бўлса керак.

Энергия нархлари ҳукуматлар ўйлаши керак бўлган асосий бош оғриғи ҳисобланади. Марказий Осиё давлатларини энергия билан таъминлашда Россиянинг таъсири катта.

Ҳукумат мажбуриятлари ошади

Озиқ-овқат ва энергия инфляцияси ва пул ўтказмаларининг қисқариши туфайли ҳукумат учун фискал мажбуриятлар ошишда давом этади. Сиёсий вазият кескинлиги сабаб, энергия субсидияларини олиб ташлаш каби харажатларни камайтириш ислоҳотлари чидаб бўлмас даражада қимматга тушди. Ўз навбатида улар (МО давлатлари) ташқи кредитларга муҳтож, лекин бу билан давлат қарзлари ҳам ошади.

Ислоҳотларни амалга ошириш учун кучли сиёсий ирода талаб этилади. Сиёсатчиларнинг яхши вариантлари кўп эмас – асосийси, нархларни назорат қилиш ёки автократия кучайиши каби иқтисодий хатоларга йўл қўймасликдир.

Мухтасар қилиб айтганда, бу ажабланарли бўлиши мумкин, аммо Россиядаги жиддий иқтисодий рецессиялар ҳали Россия билан иттифоққа кирмаган Марказий Осиё мамлакатларига ҳам жуда катта таъсир қилади.

Мен Марказий Осиёдаги камбағал қатламларга номутаносиб таъсир кўрсатаётган озиқ-овқат, электр таъминотидаги узилишлар, валюта тушумларининг қисқариши ва газ нархининг ошаётганидан хавотирдаман.

Россиядаги турғунлик натижасида бўш иш ўринларининг қисқариши ички меҳнат бозорларига кучли босим ўтказади.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид