Спорт | 20:01 / 04.03.2022
28755
15 дақиқада ўқилади

«Шарҳ – мен учун байрам». Отабек Жўраев билан шарҳловчилик, танқидлар, футбол ва тотализатор ҳақида суҳбат  

«Шарҳловчи» лойиҳасининг 2-сонида икки тилда футбол шарҳлашни уддалаётган, ўзига хос ўхшатишлар устаси, мухлислар билан эринмай мулоқот қиладиган Отабек Жўраев кутилган ва кутилмаган саволларга жавоб қайтарди.

Шарҳловчиликка кириб келиши

– Тасодифан келиб қолганман. 2015 йили шарҳловчи Жасурбек Ғайбуллаев мен билан алоқага чиқди ва «UzReport»да ўзимни синаб кўришимни тавсия қилди. Бордим, хонага кирдим. «Барселона» – «Ювентус» (3:1) ўртасидаги 2015 йилги Чемпионлар Лигаси финалини қўйиб беришди. Шарҳлагандек бўлдим, аниқроғи, гапирдим. Орадан бир неча кун ўтгач, Александр Шмурнов ва бошқа рус шарҳловчиларининг мастер-классига бордим. Ўшанда «Эртага футбол шарҳлайсан», дейишди. Барчаси кутилмаганда тез бўлиб кетди.

    Илк шарҳим? Шмурнов билан EЧЛ гуруҳ босқичидаги «Рома» – «Барселона» (1:1) баҳси бўлган. Айтганча, ўша пайтда Элдор Шомуродов «Рома»да йўқ эди. Суарес ҳисобни очган бўлса, Флоренци майдон марказидан гол уриб тер Стегенга «алангали салом йўллаганди». Ўша куни асосан Саша ака гапирди. Мен эса «Ассалому алайкум» ва «Хайр. Кўришгунча» дедим.

    Ҳаяжон бўлмади. Чунки ҳали қаерга келганимни яхши англамагандим. Айримлар шарҳловчи бўламан, деб бутун умр орзу қилади. Менда эса бундай ният бўлмаган. Аммо имконият бўлиб қолди. Иккинчи шарҳимда, ҳа, эмоциялар бўлган.

Шарҳловчиликдан ташқари

– Соҳам? ТАТУда ўқиганман. Информацион технологиялар бўйича мутахассис бўлишим керак эди, лекин соҳам бўйича бир кун ҳам ишламадим.

    Шарҳловчиликда ташқари? Ҳа, бошқа ишларим ҳам бор. «Sport»да «Реклама ва маркетинг» бўлими раҳбариман. Бундан ташқари, кўчада бошқа лойиҳаларим ҳам бор. Лекин ҳозир буларни гапирмайман. Чунки интервью ижтимоий тармоққа чиққач, солиқ инспекциясидан қизиқиб қолишлари мумкин. Кейин солиқ декларацияларини тўлдиришимга тўғри келади.

Ҳавас қиладиган шарҳловчилари

 – Биринчиси – Алексей Андронов. Унинг таҳлиллари кучли эди. Лекин вақт ўтиб, уни эшитмай қўйдим, чунки Андронов сиёсатга берилиб кетди. Иккинчиси – Юрий Розанов. У универсал эди – исталган спорт турини тушунарди, шарҳлай оларди. Бугунги кунда Денис Казанский ва Роман Гуцайт шарҳларини кўпроқ эшитаман.

«Шарҳ – мен учун байрам»

– Шарҳ – аввало, ҳобби. Лекин ҳозирги кунда касбга айланди. Ҳар ҳолда шу орқали пластик карточкага пул тушиб турибди. Таъкидлашим керакки, мен мухлислардан чиққанман. Оддий мухлис эдим. Омадим келиб, тасодифан шу касбга келиб қолдим. Шу сабаб телеграм каналимда ҳам мухлисларнинг саволларига тўлиқ жавоб беришга ҳаракат қиламан. Улар бегона эмас. 

    Қизиқ воқеалар? Мен аслида зерикарли шарҳловчиман. Қизиқми-йўқми, билмадим-у, шарҳ пайтида ҳушдан кетишимга сал қолган. Аввалроқ боксга қатнар эдим. Бир марта машғулотларда жароҳат олганман. Қовурғам синган экан. Ўзбекчилик – эриндим, шифохонага бормадим. 2 кун ўтгач, ЕЧЛ ўйинини шарҳлаётганимда хавфли вазиятда бақирдим. Ўшанда қовурғам ўпкага киргандек бўлди. Аранг ўзимга келдим. Сўнг шифохонага бордим. Шифокорлар: «Табриклаймиз, 3 кун қандай қилиб юрдингиз?» дейишди.

    «Ы операцияси»да бир қаҳрамон «Имтиҳон – мен учун байрам» дейди. Шарҳ ҳам менга худди шундай. Шарҳ – мен учун байрам, ижод. Қайси жамоалар ўйинини шарҳлашнинг қизиғи йўқ. Пастки ўринлардаги жамоалар ўйнаса ҳам, шарҳлайвераман. Шунда билмаган футболчиларингизни билиб оласиз.

 

Шарҳловчининг севимли жамоаси бўлиши?

– Бу ерда аниқ жавоб йўқ. Ўзбекистонлик ҳамкасбларим негадир беркитишади. Эҳтимол, «ҳейтер»ларга йўлиқишни хоҳлашмайди. Рус шарҳловчилари эса беркитишмайди.

    Фикримча, шарҳловчи севимли жамоасини айтиши нотўғри эмас. Лекин у ўзи ёқтирган жамоа иштирокидаги баҳсни шарҳламаслиги керак. Холислик бўлмайди.

Шарҳга тайёргарлик

– Шу ерда Розановдан иқтибос келтираман: «Шарҳловчи шарҳга максимум 2 соат тайёргарлик кўриши керак. Агар бундан ошиб кетса, у касбини ўзгартириши керак». 1 соат тайёргарлик кўриб, таржибасидан ва аввалги билимларидан фойдаланган ҳолда шарҳга кирса ҳам бўлади.

    Шарҳга тайёрланишда статистикаларни тўплайсиз. Ўйин пайтида уларнинг атиги 20 фоизини айтишга улгурсангиз, демак, баҳс зўр ўтди. Лекин айтилмай қолган 80 фоизи шарҳловчининг хотирасида қолади ва бу кейинчалик ёрдам беради.

«SportTV» шарҳловчиларига эътирозлар

– Эътирозлар бўлса, бекорга эмас. Лекин бунинг тўлиқ сабабини билмайман, чунки телеканалга келганимга кўп бўлмади. Асосий сабаблардан бири – канал шарҳловчилари маълум муддат давомида еврофутболни шарҳлашмагани. Яъни улар амалиётсиз қолиб кетишган. Шунинг учун трансляциялар қайтгач, дастлабки шарҳларда қийналишган. Танқид бўлса, тўғри қабул қиламиз. Лекин шахсиятга ўтилса, бу ёмон.  

    Шу ўринда телеканалнинг бир «минусини»  айтмоқчиман – пиар деган нарса йўқ. Масалан, Фёдор Емеляненко – у фақат октагонга чиқарди, жанг қиларди. Конор Макгрегор эса жанглардан аввал гап-сўзлар, интервьюлар билан пиар қиларди. Шунинг учун у машҳурроқ.

    Қилган ишингни кўрсатишда пиар муҳим. Трансляцияларни харид қилдик, буни гапиришимиз керак. Биз эса «Хизмат қиламиз. Бизни кўринглар» деймиз холос. «Вау» деб эълон қилмаймиз. Токио-2020 олимпиадасини олайлик: 5та телеканалдан трансляция қилдик, ўзбек спортчилари иштирокидаги баҳсларнинг деярли ҳаммасини қамраб олдик. Бу тарихий воқеа эди. Лекин ҳеч қаерда ортиқча овоза қилмадик. Олимпиада якунлангач, техникаларни ўчирдик ва уйга кетдик. Бўлди, жим. Меҳнатимизни кўрсатмадик. Халқ йигитларнинг меҳнатини, уларнинг кечаси билан ётиб қолиб ишлашаётганини кўрмаяпти.

«Рома» ўйнаётганида Элдорни кўп гапиришимиз – нормал ҳолат»

– Шарҳда Шомуродовни кўп гапирамиз? Жанубий Кореяда Парк Жи Сун деган футболчи бўлган. У «МЮ»да ўйнаганида, маҳаллий телевидение қанчалик эътибор кўрсатган. Ҳозир Сон Ҳён Мин билан шундай. Улар ғурурланади. Менимча, бу яхши нарса. Аудиторияга «Рома»дан кўра, Элдор қизиқ. Умуман олганда, ҳамма мухлисга бирдек ёқиш қийин.

    Моуриньонинг Шомуродовга танқиди? Танқид ўринли, аммо кийиниш хонасида бўлса. Оммага олиб чиқиш нотўғри.

«Шарҳловчиларнинг гонорари ошиши керак»

– Гонорар миқдори шарҳловчининг тоифасига боғлиқ. Шунингдек, шарҳ стадиондан бўлса, гонорар қимматроқ бўлади. Европадан тайёр сигнал келса, бошқа нарх. Нархларни ҳамкасбимиз Сардор Раҳимов яхшироқ билади. 

    Албатта, шарҳловчиларга кўпроқ маош тўлаш керак. Чет элда шарҳловчиларга кўпроқ тўлашади. Масалан, ҳамкасбларим гапириб беришган: интервью олишга боришганида, интервью берувчи кишилар менсишмаган. «Бу автобусда ёки пиёда юради» қабилида муносабат кўрсатишган.

«Сен ёмон шарҳлаганинг учун ютқаздик»

– Юзма-юз танқидлар? Бунинг учун, аввало, «дух» керак. Мен билан икки бор бундай ҳолат бўлган. Биринчиси, «Ҳумо» ўйнаётганда, аренада туриб шарҳлаганман. Шарҳ жойи атрофи очиқ эди. Айрим мухлислар ёнимда турган, «мен ҳам гапириб кўрсам бўладими? » деганлар ҳам бўлган (кулади). Икки киши эса ўйиндан кейин «Сен ёмон шарҳлаганинг учун ютқаздик» дейишган. Индамаганман. Эҳтимол, ҳазил қилиб айтгандир.

    Иккинчиси, «Реал» ўйинини шарҳлаганимда Бенземанинг фойдали ўйинчи эканлиги ҳақида кўп гапирганман. Мухлис эса бир куни олдимга келиб: «Мақтайвериб жонимга тегяпсан? Ахир у тахта-ку», деб эътироз билдирган. Бундайларга эътибор қаратмайман.

Ўринли танқидларни эса қабул қиламан. Масалан, бир мухлис келиб: «Ака, фалон сўзни кўп ишлатяпсиз», деган. Эътибор берсам, у ҳақ. Кейин у сўзга 2-3та синонимлар топиб олдим. Ўша мухлисга эса раҳмат айтдим.

«Salom Soccer», «Zarba gol» лойиҳалари давом этмагани сабаби?

– Бу лойиҳалар бизга тегишли эмасди. Унда меҳмон сифатида иштирок этдик. Лойиҳа раҳбари қозоғистонлик эди. Youtube'да монетизация ва «просмотр»деган нарса бор. Менимча, шу томонлардан ўзини оқламагани учун лойиҳа тўхтатилди.

«80 фоиз одамлар ташқи кўринишим туфайли сўкади»

– Бу – жамиятимизга тегишли муаммо. Масалан, хорижга чиқсам, бу борада муаммо йўқ. Ижтимоий тармоқларда 80 фоиз одамлар айнан ташқи кўринишимни танқид қилишади, шу туфайли сўкишади. Бунга эътибор қаратмайман.

    Соч-соқолнинг давлат ишига таъсири? Ҳа, протокол деган нарса бор. Авваллари телевидениега киришда муаммолар бўлган. Лекин ҳеч қачон шу сабаб билан «Сени ишдан бўшатамиз», дейишмаган.

«UzReport»дан кетиши сабаби

– «UzReport»дан кетишни хоҳламагандим. Мисол учун, футболда Паоло Мальдини фаолиятини тўлиқ «Милан»да ўтказган. Менга шундай содиқ инсонлар яқинроқ. Иш жойини ўзгартираверишни ёқтирмайман. Ўз хоҳишим билан кетмаганман, лекин раҳбар билан келишмовчилик бўлиб қолди ва мени «истеъфога чиқаришди».

    «Sport»га қандай келдим? Лойиҳаларим бор эди. «UzReport»даги ҳамкасбим Хайрулла ака Ҳамидов ўртада туриб бердилар, раҳбариятга таклиф қилдилар. Директор Зоҳид Каримов билан гаплашдик. Соч-соқол, диний ибодат борасидаги ҳолатимни тушунтирдим. «Хабаримиз бор. Муаммо йўқ», дейишди.

Ўзбек тилида шарҳлай бошлагани

– Аудиториядан келиб чиқишимиз керак. Ўзбекистонда рус тилида гаплашадиганлар сони камаймоқда. Бу – нормал ҳолат. 20-30 йил аввал аксинча эди. Россияга кетиш вариантини ҳам ўйладим, лекин у ердаги букмекерлик, тотализаторлар эътиқодимга тўғри келмайди. Уларга муносабатим салбий.

    Раҳбариятдан ўзбек тилидаги шарҳларга киришга рухсат сўрадим. Рози бўлишди. Рус тилидаги шарҳларимнинг 80 фоизидан, ўзбек тилидаги шарҳларимнинг 100 фоизидан қониқмайман.  Лекин дастлабки шарҳларим билан таққосласам, бироз ўсиш бор.

    Шу ўринда Ўзбекистонда ўзбек тилини ўрганишни хоҳлаганлар учун курслар деярли йўқлигини айтмоқчиман. Атрофимда ўзбекча гапиришни хоҳлайдиган бошқа миллат вакиллари бор. Лекин қаерга боришни билмайди. Интернетдан қидиришади, танлов жуда кам. Устига-устак, ўзбекча гапирмоқчи бўлса, устингдан кулишади.

Мушукларни яхши кўриши. Зума воқеаси

– Курт Зума мусулмон биродаримиз. У мушукни тепиб, хатога йўл қўйди. Аммо у бунинг нотўғрилигини тушунди. Уни қўллаб-қувватлашимиз керак.

    Болалигимдан мушукларни яхши кўраман. Ўша пайтларда мушукларни ўлдириб юрадиган болаларни кўрганман, уларнинг кўпчилиги ҳаёт давомида муаммоларга дуч келган: алкаш ёки наркоман бўлиб кетган.

Диний маърузаларда мушуклар ҳақида яхши гаплар айтилади. Адашмасам, масжидга ҳам ҳайвонлардан фақат мушукларнинг киришига рухсат берилган.  

Тотализаторда ким ютади?

– Одамлар тушуниши керак: футболни тушунадиганлар тотализаторда ҳеч қачон ютмайди. Реклама эмас. Алгоритм, математикани биладиганларгина ютиши мумкин, лекин уларнинг сони жуда кам. Нима учун тотализатор, казинолар сони кўпаймоқда, чунки уларнинг ўзи ютқазмайди.

    Бундай ўйинларга муккасидан кетиш фанда «играмания» дейилади. Бундан чиқиб кетиш осон эмас. Ҳатто Майкл Жордан (баскетболчи) ҳам ўз вақтида бунга берилиб кетган, психологлар ёрдами билан аранг қутулиб олган.

    Одамлар «ютаман» деб ўйлаб, якунда ютқазади. Вақти кетгани қолади. Ва энг муҳими бу – ҳаром.

    YouTube'да лойиҳаларимиз бор. Тотализаторчилар тез-тез ўз рекламаларини таклиф қилишади, аммо биз рад этамиз. Улардан воз кечиш керак. Букмекерлар бюджетимизни ўстиришда ҳал қилувчи омил эмас.

Қисқа савол-жавоблар

– Футбол тарихидаги энг яхши ўйинчи?

– Пеле

– Энг яхши мураббий?

– Валерий Лобановский

– Мбаппе ё Ҳоланд?

– Ҳоланд.

– Энг кучли «Бавария»?

– Мен кўрганларим ичида Ҳанс-Дитер Фликнинг «Бавария»си (2020). Лекин номлардан келиб-чиқсак, Зепп Майер, Герд Мюллер ва Франц Беккенбауэрлар ўйнаган 1970 йиллардаги «Бавария» энг кучлиси.

– Эсда қоларли ЖЧ ва Евро?

– ЖЧ-1986, Евро-1988.

– Нойер ё Кан?

– Кан.

– Гвардиола ёки Клопп?

– Гвардиола.

– VAR'ли футбол ёки VAR'сиз футбол?

– Албатта, VAR'ли.

– Ўзбекистондаги энг яхши шарҳловчи?

– Сардор Раҳимов. Унинг услуби Америкаликларга яқинроқ, у шоу қилиб юборади.

– Роналду–Месси даври тугадими?

– Менимча, йўқ. Улар яна 2 йил давомида ўзларини кўрсата олишади.

– «Олтин тўп-2021»га Месси ҳақли эдими?

– Буни бир киши ҳал қилмайди. Кўпчилик овоз бердими, демак, ҳақли. Менинг фикрим эса Левандовскига бериш керак эди.

Рамзий терма жамоа: Лев Яшин – Кафу, Паоло Мальдини, Франц Беккенбауэр, Роберто Карлос – Лотар Маттеус, Зинедин Зидан – Лионель Месси, Криштиану Роналду, Диего Марадона, Пеле.  

Бош мураббий: Валерий Лобановски.

Аъзамжон Иззатиллаев суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азимжон Воҳидов

Мавзуга оид