Иқтисодиёт | 18:14 / 05.03.2022
64046
7 дақиқада ўқилади

Рубл атрофидаги муҳокамалар: Ўзбекистон банклари рубл олиш ва сотишга мажбурланяптими?

3 март куни Ўзбекистонда рубл курси бўйича тавсиявий коридор белгиланди. Бу иқтисодчилар танқидларига сабаб бўлди. Тавсиявий коридор нима ва у нега ўрнатилди каби саволлар билан Kun.uz иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев ва “Агробанк”нинг бошқарув раиси ўринбосари Эркин Қаҳҳоров билан суҳбатлашди.

Ўзи нима гап?

Ўзбекистонда банкларга рубл айирбошлашни тўхтатиб қўймаслик, сотиб олиш ва сотиш курси ўртасидаги фарқни “мақбул даражада” сақлаб туриш “тавсия этилди”. Бу ҳақда Марказий банк расмий баёнот эълон қилди. Иқтисодчилар бу қарорни “рублдаги барча рискларни сўмга юклаш” деб таърифлаб, Ўзбекистонга “вагонларда рубл кириб, вагонлаб доллар чиқиб кетиши”дан огоҳлантирди.

Kun.uz масала атрофидаги саволлар юзасидан иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев ва “Агробанк”нинг бошқарув раиси ўринбосари Эркин Қаҳҳоров билан интервю ташкил қилди.

—  Рубл курси бўйича “коридор” нимани англатади?

Нодир Жумаев: Россия ва Украина ўртасидаги можаро натижасида бу давлатларнинг иқтисодиётида маълум маънода беқарорлик кузатилди. Эътибор қилган бўлсангиз, Россия асосий ставкани 8 фоиздан 20 фоизгача кўтарди. Кўплаб ўзгаришлар бўлди ва Ўзбекистонда нима учун рубл бўйича коридор қўйилгани саволларни туғдирмоқда. Тавсиявий характерга эга бўлган кўп нарсалар бор, бутун дунёда банкларни назорат қилиш бўйича “Базел- 1,2,3” шартларига қарайдиган бўлсак, рискка тортадиган банк активи капитали 8-10 фоиз бўлсин деган ҳолатлар бор, чунки тавсия характерига эга бўлишга сабаб банк молия тизимининг барқарорлиги бутун иқтисодиёт барқарорлигига жавоб беради. Агар тизимда қандайдир узилишлар, беқарорлик бўладиган бўлса, у рисклар ошишига, занжир реакция орқали дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ошиб кетишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун тавсиявий характерга эга бўлди дегани аниқ буни бажарсин дегани эмас, балки бевосита шу ҳолатда операция амалга ошириш учун регулятор сифатида Марказий банк томонидан тавсия қилинган бўлиши мумкин.

Нодир Жумаев

Марказий банк маълумотлари рублни сотиш ва сотиб олиш ўртасидаги тафовутни эълон қилди. Мен рублни жисмоний шахслар томонидан банкка сотиш кўп бўлади деб ўйлагандим, лекин банклар томонидан сотиш 10 баробар кўплиги ҳам кўпгина хавф-хатарнинг олди олингани ва бизнинг ташқи савдомизда муҳим аҳамиятга эга РФ ва Украина экани бу соҳадаги котировкаларни жорий қилишни кун тартибига қўйди. Ҳар бир валюта котировкасини амалга ошириш (рублдами, евродами) етакчи валюталарда котировка амалга ошиши банк тизимида барқарорлик ва маълум даражада операциялар кенгаяётганини кўрсатади.

Регулятор рубл курси бўйича тавсиявий коридор белгилаган бўлса, қанақадир ҳисоб-китобларга асосланган бўлиши мумкин. Албатта уни олиш, сотиш мажбурий ёки бу босим ўтказиш дегани эмас.

Россияда SWIFT ёпиляпти, у дунё бўйича халқаро ахборотлар узатиш ва тўловларни амалга ошириш тизими ҳисобланади. Тизимдан мақсад тезроқ операцияларни амалга ошириш. Россияда мигрантларимиз бор, ташқи савдода ҳамкорлармиз. Бир йиллик трансферларимиз ўртача 10-12 млрд атрофида. Ўтган йил мигрантлар ўтказган пуллар 7 миллиарддан ошиқ бўлди. SWIFT'ни кутадиган бўлсак, ўтказмалар ойлаб чўзилиши мумкин, шунинг учун рублда амалга ошириш маълум даражада аҳоли ўтказмаларни олиш имкони бўлмоқда.

Рубл кескин қадрсизланиб бораётган бир пайтда айнан рубл бўйича тавсиявий коридор белгилангани рублнинг рискини сўмга юклаш дегани эмасми?

Нодир Жумаев: Буни икки тарафдан кўриш мумкин. Агар рублнинг рискини сўмга юклаш деб қайта-қайта айтаверсак, шунақа бўлиши ҳам мумкин. Бизда яна Россиядан трансферлар катта ҳажмда бўлганини ҳисобга олиш керак. Мигрантларимиз пул ўтказиши керак, буни кутадиган бўлсак узоқ вақт кетиши мумкин, бунга минглаб оилалар қараб турибди. Демакки, улар пул ўтказиш учун миллий тизимдан фойдаланади. Ташқи савдомизда Россия биринчи ўринга чиққан. Буни бевосита босим, Россия Федерациясининг валютасини ҳимоя қилиш учун деб бўлмайди. Шу пайтгача биз доллар олган бўлсак, Америка ҳукуматининг ёки конгрессни молиялаштирган бўлиб қоламизми?! Йўқ, валюта бўлгани учун ишлатганмиз. Операцияларнинг ҳажми ошаётгани ҳозирги конъюнктурадан келиб чиқади.

Эркин Қаҳҳоров

Эркин Қаҳҳоров: Марказий банк томонидан олди-сотди курси қатъий белгилаб қўйилса, сўмга рублнинг риски юклаб қўйилган бўлади. Ҳозир ўртадаги коридорни мақбул ушлаш бўйича тавсия берилди, лекин шунингдек, тижорат банклари томонидан халқаро савдо платформаларида рублнинг қаттиқ валюталар орасидаги тенденцияси кузатилиб кун давомида кўтариб, тушириб борилди. Мақбул даражада ушлаш бўйича тавсия берилди, курс олди-сотдисини қатъий белгилаш эмас. Валюта биржамизда олди-сотди қилинмайдиган ҳар қандай хорижий мамлакатларнинг валютаси халқаро савдо платформаси орқали аниқланади. Шу курслар натижасида биз ўзимизнинг рискларимизни аниқлаб фақат ўша тавсиядан келиб чиқиб қилдик. Бу тавсияни қайсидир банк амалга оширади, қайсидири амалга оширмайди. Лекин орадаги курсни тушунсак яхши бўларди.

— Марказий банк ўрнатган тавсиявий коридордан кейин сизнинг банкингиз жараённи қандай ташкил қилди?

Эркин Қаҳҳоров: Агробанк мисолида гапирадиган бўлсам, бизнинг 169та филиалимиз, 600дан зиёд аҳолига хизмат кўрсатадиган шохобчаларимиз бор. Шу пайтгача валюта турлари бўйича ҳам аҳолига хизмат кўрсатиб келаётгандик. Шу масала бўйича рубл ва сўм ўртасидаги рискни белгилаш, рубл ва сўм ўртасидаги амалиёт амалга оширилди. Бу Агробанк учун янгилик эмас, сабаби биз банклар орасида биринчи бўлиб Сбербанкдан рубл сўм орқали халқаро пул ўтказмасини жорий қилганмиз. Ҳозирда онлайн пул ўтказмаларининг 80 фоиздан юқориси бизнинг ҳиссамизга тўғри келади. Бу риск биз учун янги эмас, халқаро савдо платформаларидан фойдаланамиз ва рискларни баҳолаб борамиз. Иккинчидан, Марказий банк томонидан рубл бўйича валюта айирбошлаш шохобчалари узлуксиз ишлашга оид тавсия бергандан кейин банк филиалларимиз томонидан бу нарса ташкил бўлди. Кун давомида рубл доллар парасига қараб рискларимизни аниқлаб курсни ўзгартириб боряпмиз. Бошқа банкларни билмадим, лекин бизда харид ва сотув ўртасида фарқ йўқ. Яъни бозор тенг амалга ошмоқда.  

Соҳа мутахассисларининг фикрлари билан видео орқали батафсил танишишингиз мумкин.

Мадина Очилова суҳбатлашди,
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид