Иқтисодиёт | 13:23 / 08.03.2022
66857
11 дақиқада ўқилади

Қийинчиликлар ва оқибатларни юмшатиш — Зафар Ҳошимов Россия-Украина тўқнашувининг Ўзбекистонга таъсири ҳақида

Фото: Kun.uz

Ишбилармон Зафар Ҳошимов Facebook’да Украинадаги воқеаларнинг Ўзбекистон иқтисодиётида келтириб чиқарадиган оқибатлари борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Шу кунларда мендан Украинадаги воқеалар бизнинг иқтисодиётимизда қандай оқибатлар келтириб чиқаради, деб кўп сўрашмоқда.

Қисқача жавоб берадиган бўлсам: яхши оқибатлар эмас.

Ҳозирнинг ўзидаёқ кўплаб муаммолар пайдо бўлмоқда.

1. Логистика билан боғлиқ: Украинадан, Украина ҳудудидан, Украина ва Болтиқбўйи давлатлари портларидан кейинчалик Россия ҳудуди бўйлаб транзит ҳолда етиб келадиган барча нарсалар учун муқобил, эҳтимолки, янада қимматроқ йўллар топишга тўғри келади. Айрим товарлар учун эса бундай йўналишларни топиб ҳам бўлмайди. Масалан, биз олмаларни Полшадан, сутларни Болтиқбўйидан импорт қилар эдик, йўлни Россия, Беларус ва Украина ҳудудларини кесиб ўтган ҳолда олиб келар эдик. Бу товарлар учун муқобил йўналишни топиш иқтисодий нуқтайи назардан имконсиз.

2. Россия портлари орқали турли давлатлардан етказиладиган юкларни олиш ҳам муаммога айланади: кўплаб денгиз линиялари (халқаро денгиз фрахтовка компаниялари кемалари) Россия портларига юк элтишни рад этишмоқда. Россия савдо кемалари эса Европа, Шимолий Америка, Япония ва Жанубий Корея портларига кира олмайди. Шу сабабли барча денгиз юкларини Босфор бўғози орқали Қора денгизга фақат Поти (Гуржистон) портига ёки Форс кўрфазидаги Бандар-Аббос (Эрон) портига олиб келиш мумкин, холос. Айрим товарлар учун бу йўллар қимматга тушади, бошқалар учун эса нархлар ва муддатлар туфайли амалда имконсиз бўлади. Бу портларда ҳам тирбандлик юзага келиши, ўтказиш қуввати пастлиги туфайли тўлиб кетиши эҳтимоли ҳам бор.

3. Банклар билан боғлиқ: Россия ва Беларусга импорт учун тўловлар ва бу давлатларнинг бизнинг экспортимиз учун тўловлари Россия банкларига жорий этилган санкциялар туфайли мураккаблашади. Лекин тан олиш керак, бу борадаги муаммолар қисқа муддатли, чунки тўлов ҳақида гап кетар экан, олувчи томон ақл бовар қилмас эгилувчанлик ва топқирлик билан тўловнинг кўплаб вариантларини ўйлаб топади. Ёпиқ пул тизими шароитида фаолият кўрсатиш бўйича бизда, гарчи охирги йилларда унутилаётган бўлса-да, бой тажриба мавжуд.

4. Ўрта ва узоқ истиқболда Россия ва Беларус етказиб берувчилари билан боғлиқ янада мураккаброқ муаммолар пайдо бўлади: Уларни ҳозир хомашё, технология, материаллар ва бутловчи қисмлар бозорларидан жудо қилишмоқда ва улар ўзлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиргунга қадар маҳсулот етказиб беришда қийинчиликларга дуч келишади. Бу эса узоқ давом этиши, айрим жабҳаларда эса ҳеч қачон тикланмаслиги ҳам мумкин. Бинобарин, РФда ишлаб чиқариладиган ва биз импорт қиладиган айрим товарларнинг нархи ошади, танқислиги кузатилади.

5. Россиянинг ўзи кўплаб товарларга чеклов ва олиб чиқишга тақиқ ўрнатиши мумкин. Таассуфки, биринчи навбатда ижтимоий муҳим маҳсулотларга. Тушунтираман. Россия аллақачон бир қатор шундай товарларга кескин нарх чекловлари жорий этди. Шунинг учун ижтимоий муҳим товарларни ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини ички бозорда реализация қилгандан кўра, экспорт қилишни афзал билишади. Экспортнинг кескин ўсиши эса РФ ҳукуматида ички бозорни таъминлаш мақсадида экспортни тақиқлаш ё чеклашга рағбат уйғотиши мумкин.

6. Украинадан барча маҳсулот келиши, табиийки, тўхтаб қолди. Бу маҳсулотларга ва бозорларга ҳозирнинг ўзидаёқ муқобилини топиш керак.

7. Хизматлар бўйича. Украина компаниялари томонидан тақдим этилган IT, технологик, дизайн, маркетинг хизматлари, маълумотларни сақлаш ва узатиш хизматлари, техник кўмак каби хизматлар ҳам вақтинчалик узилди. Бу ҳам ёмон, чунки бундай юқори даражада ва арзон нархларда хизматларни украинлардан бошқа ҳеч ким тақдим этмайди. Қўшимча қилиш керакки, айрим украин компаниялари ҳарбий ҳаракатларга қарамасдан ўз хизматларини онлайн режимда тақдим этишда давом этишмоқда.

Бу ҳозирнинг ўзидаёқ бўй кўрсатган тўғридан тўғри таъсир этувчи ва тахмин қилиш осон бўлган муаммоларнинг биринчи гуруҳи эди. Кейинчалик янада мураккаб муаммолар пайдо бўла бошлайди:

1. Рублнинг девальвацияси. Бу меҳнат мигрантларимиз даромадларига зарба бўлади. Шунингдек, Россиядан нақд пул жўнатиш қийинлашади. Россия ўз резидентлари ва норезидентлар учун валютани олиб чиқишга аллақачон чекловлар ўрнатиб бўлди. Агар вазият шу зайлда давом этаверса, чекловлар янада қатъийлашиши, рубл курси янада тушиши мумкин. Даромадлари рублда белгиланган мигрантларимиз учун бу тўғридан тўғри зарарга киришни англатади. Мен бу мақолани ёзаётган чоғимда Россия банклари муассасалари томонидан жисмоний шахсларга валюта сотиш 30 фоизлик комиссия билан амалга оширилиши белгиланган эди. Кейинчалик комиссия 12 фоизга туширилди, тўғри. Шундай бўлса-да, бу қадамлар меҳнат мигрантлари томонидан мамлакатга пул жўнатишга жуда сезиларли зарба беради.

2. Мисли кўрилмаган санкциялар остида Россия иқтисодиёти ўткир рецессия ва инвестицион етишмовчиликка мубтало бўлади. Демак, иш ўринлари ва аҳоли даромадлари қисқаради, шу жумладан ва энг аввало меҳнат мигрантлари учун. Мигрантлар жўнатаётган пул тўғридан тўғри аҳоли қўлига келиб тушади ва кундалик истеъмолнинг катта қисмини ташкил этади. Бу эса мамлакатдаги истеъмолчиларнинг кенг доираси даромадлари ва харид қобилиятига кескин зарба бўлади.

3. Рублнинг девальвацияси, ўзбек сўмига чекланган бўлса-да босим ўтказади. Чекланган дейилаётганига сабаб, бахтимизга ҳозирда валюта манбалари 5-6 йил аввалгига нисбатан яхшироқ диверсификация қилинган, боз устига, бундай ноаниқлик ва волатиллик даврида мамлакатимизга валюта тушуми асосий манбаларидан бири — олтин нархи жаҳон бозорларида ошиб боради. Бу ҳам албатта валюта тушуми камайишини компенсациялайди ва маълум бир даражада барқарорлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилади.

4. Экспортдан тушумлар камаяди. Бу Ўзбекистоннинг асосий савдо шерикларида талаб камайиши ва тўлов қобилияти пасайиши билан боғлиқ бўлади.

5. Буларнинг барчаси ўрта истиқболда инфляция кўрсаткичларида ўз аксини топади. Бунда, гап ички бозорда нархлар динамикаси ҳақида бормаяпти, бу жаҳон нархлари туфайли содир бўлади. Ўтган йилги доллар инфляцияси юқори эмиссия, ишбилармонлик фаоллигининг кескин ошиши ва пандемиядан кейин товарларга бўлган талаб ошиши туфайли 6 фоиздан юқорироқ бўлди. Бу йили эса бунга Украинадаги вазият ва Россияни ихоталаш, энергетика, ғалла, ўсимлик ёғи ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги улуши юқорилиги туфайли дунё бозорида шу товарлар нархлари ошиши ҳам қўшилади. Доллардаги инфляция аниқ ўтган йилгидан кам бўлмайди, айрим прогнозларга кўра 8–10 фоизга етиши мумкин. Сўм курсини қўзғалмас қилиб ушлаш жуда қийин бўлади, боз устига зарарли ҳам, сўмни сунъий мустаҳкамласак, биз беихтиёр анъанавий бозорларимизга экспортимизни қисқартириб қўямиз. Мана шу важлар ортидан, қайта молиялаш ставкаси тез орада тушишини ҳам кутмасак бўлади.

6. Россиянинг кўплаб банклари ва корхоналари Ўзбекистонда молиялаштириш ёки инвестицион фаолият билан шуғулланаётган эди. Аниқ таъкидлаб айтиш мумкинки, уларнинг барчасида яқин йилларда бунинг учун ликвидлиги аввалги даражада бўлмайди ва бу ҳам мамлакатимиз иқтисодиётидаги ликвидликка ўз таъсирини ўтказади. Шу билан бирга, бошқа кредитлар қатори, истеъмол кредити ҳажми ва нархи ҳам яхшиланмайди.

Мана шундай унчалик ёқимли бўлмаган янгиликлар билан бир қаторда янги ва мутлақо кутилмаган имкониятлар очилаётган соҳалар ҳам борлигини қайд этиб ўтиш керак.

1. Профессионал ва ишбилармонларнинг Россия ва Беларусдан кўчиб келиши. Ушбу мамлакатларнинг бу синфга мансуб кўплаб вакиллари ўз ватанидан ташқарида янги имкониятларни излашмоқда. Булар айтишниклар, дастурчилар, креатив сектор вакиллари, консультантлар, технологлар, аудиторлар, маркетинг ва диструбиция бўйича мутахассислар, кўнгилочар бизнес вакиллари, чакана савдо мутахассислари, ҳозир Россия ва Беларусда ёпилаётган кўплаб компания ва соҳаларда ишлаган ва лойиҳаларни бошқарган инсонлар. Бу меҳнат бозоримиз учун жуда яхши имкониятлар: айнан мана шундай мутахассислар жуда тақчил эди, кичик ва ўрта бизнес учун экспертиза ҳам, бундай хизматлардан фойдаланишнинг ўзи ҳам имконсиз ё қимматлик қилар, бу ҳам ўсиш ва ривожланишни тўхтатиб турувчи омиллардан бири эди.

2. Туризм. Россияликлар ва беларуслар учун ҳозир жуда кўплаб мамлакатлар ёпилди ва бу икки давлатдан мамлакатимизга туризм ҳажми, аминманки, ўсади. Куни кеча, масалан, Бэтмен ҳақидаги янги фильмнинг премьерасини кўриш учун Тошкентга атайлаб келган россиялик ҳақида ўқиб қолдим.

3. Авиацияни ривожлантириш учун мисли кўрилмаган имкониятлар очилмоқда. Россиянинг жамики авиацияси қўшнилар осмонини ёпгани туфайли «қўндириб» қўйилган ёки ўз мамлакати доирасида чекланган, бир вақтнинг ўзида ҳам Россия, ҳам Европа осмонида учиш имкониятига эга, Европадан Ўрта ва Узоқ Шарқ, Жанубий-Шарқий Осиё томон ўтадиган ҳаво йўлларининг ўртасидаги манфаатли жойлашуви билан авиациямиз учун қанчалик кўп имконият очилаётганини тасаввур қилинг-а?

Нима қилиш керак:

1. Пайдо бўлган шароитларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида етказиб бериш манбаларини диверсификация қилиш имконияти пайдо бўлиши учун озиқ-овқат ва истеъмол молларига барча импорт божлари ва акциз солиқларини бекор қилиш керак. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи бозорда нархлар кескин ошиши ва тақчиллик юзага келишини юмшатиш учун ягона чора.

2. Ҳам экспорт, ҳам импорт учун бозорлар ва номенклатурани диверсификация қилиш лозим.

3. Бутунжаҳон савдо ташкилотига киришни имкон қадар тезлаштириш ҳамда иложи борича барча мамлакатлар билан эркин савдо тўғрисида битим имзолаш.

4. Мамлакатимизга ва мамлакатимиздан логистика йўналишларини диверсификация қилиш, бу ҳолда халқаро ҳуқуқ ва давлатлараро келишувлар асосида юкларнинг транзит давлатлар, энг аввало Россия ҳудудидан тўсиқларсиз ўтишини таъминлаш.

5. Имкони борича меҳнат мигрантларимиз учун меҳнат бозорларини диверсификация қилиш.

6. Россия ва Беларус ҳудудида бизнинг меҳнат бозоримиз маркетингини фаоллаштириш.

7. Етук мутахассисларнинг кўчиб ўтишини максимал даражада осонлаштириш: махсус соддалаштирилган виза режимлари жорий этиш (гап ишчи визалар ҳақида бормоқда), соддалаштирилган қайд этиш тизими, истиқомат ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар бериш, ишлаш учун рухсатномалар бериш. Буларнинг барчасини барча мутахассисликлар учун жорий этиш.

8. Ҳаво флотини кенгайтириш, рейслар ва фуқаролик авиацияси йўналишлари сонини ошириш, жумладан авиаташувлар бозорини эркинлаштириш орқали. Бизнинг авиакомпанияларимиз ҳозирда жадал ўсиши учун уникал имкониятга эга бўлиб туришибди».

Мавзуга оид