«Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасидан айрим маҳсулотлар рекламасига чеклов олиб ташлангани маълум бўлди
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори ўринбосари Аъзам Қурбонов “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири бўйича Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.
Аъзам Қурбоновга кўра, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида кўрилаётганда лойиҳага нисбатан жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар инобатга олинган.
“Масалан, амалдаги қонунда телевидение ва радиода реклама вақти эфир вақтининг 10 фоизи миқдорида чекланган бўлса, эндиликда бу икки бараварга оширилмоқда. Бу соҳа мутахассислари, тадбиркорлик субъектлари, хорижлик мутахассисларнинг фикрларидан келиб чиқиб белгиланди”, - дейди агентлик расмийси.
Унинг маълум қилишича, қонун лойиҳасининг дастлабки вариантида таркибида қанд, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган маҳсулотлар рекламасига назарда тутилган чеклов чиқариб ташланган.
“Бу бўйича талаб президентнинг 2020 йилдаги ПҚ-4887-сонли қарорига асосан қонун лойиҳасига киритилганди. Аммо бугунги кунда бизда ушбу соҳани тартибга солувчи норматив ҳужжатлар ҳали тўлақонли ишлаб чиқилмаганлиги, ваколатли органларнинг техник жиҳатдан тартибга солувчи норматив ҳужжатлари ҳали мослаштирилмагани нуқтаи назаридан ҳам ушбу норма чиқариб ташланди. Яъни фақатгина рекламани чеклаб қўйишмас, олдин соҳани тартибга солувчи ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин бу норманинг киритилиши мақсадга мувофиқ деб топилди ва бу охирги таҳрирда чиқариб ташланди”, - дейди директор ўринбосари.
Аъзам Қурбонов қонунга реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун киритилган санкциялар битта ҳуқуқбузарлик учун икки марта жазоланишга сабаб бўлмаслигини таъкидлади.
“Таклиф этилаётган янги таҳрирдаги қонунда ижтимоий жиҳатдан энг хавфли оқибатларга олиб келадиган ҳолатлар учун санкциялар назарда тутилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-1-моддасида эса маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида ваколатли органга маълумот тақдим этмаслик, яширин реклама кабилар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Амалиётда кўряпмизки, бир йил ичида соҳада 15 мингдан ортиқ қонунбузарликларга йўл қўйилган. Бир субъект томонидан бир неча марта қонунбузарликка йўл қўйилиши ҳолатлари ҳам мавжуд. Шу нуқтаи назарда таъсир чораси кучлироқ – БҲМнинг 30 бараваридан 100 бараваригача этиб белгиланган. Лекин битта ҳуқуқбузарлик учун иккита жавобгарлик келиб чиқмайди. Масалан, гиёҳванд моддани реклама қилганлик учун ёки порнография деб алоҳида-алоҳида айнан нималар учун санкция қўлланиши кўрсатилган”, - деди Аъзам Қурбонов.
2021 йил май ойида Қонунчилик палатасида “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси кўриб чиқилаётгани маълум бўлгач, лойиҳадаги кўплаб нормалар оммавий ахборот воситалари даромадининг кескин камайишига, тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ва хизматларини реализация қилишда жиддий муаммоларга дуч келиши мумкинлиги, реклама соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар жорий этилаётгани эса ҳуқуқ тизимимиз учун нонсенс экани таъкидланганди.
Мавзуга оид
09:43 / 14.11.2024
Қонуний ташқи реклама конструкцияси ноқонуний бузилганда бизнес-омбудсманга хабар бериш мумкин
12:28 / 11.11.2024
Тошкентда ноқонуний ташқи рекламаларни олиб ташлаш бўйича рейд ўтказилди
16:06 / 08.11.2024
“Биологик фаол қўшимчалар рекламаларида 328 та қонунга зид ҳолат аниқланди” – Рақобатқўм
21:02 / 05.11.2024