Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Тўйчивойнинг симёғочлари қачон алмаштирилади?» — Мутасаддиларнинг Kun.uz'га ваъдаси
Шаҳрихон тумани Янги турмуш маҳалласи Тўйчивой кўчасида яшовчилар қатор йиллардан буён симёғоч ўрнатиш ва электр узатиш тармоқларини янгилаш борасида мурожаат билан чиқишади. Аммо мутасаддилар дастурга туширилади, деган важдан нарига ўтишмаган.
Маҳалла аҳли 4–5 йил муқаддам янги уйларга кўчиб чиқишган. Мурожаатлари самарасиз қолавергач, қўлбола симёғочларни ўрнатиб, қўшни маҳалладан электр токи тортиб келишга мажбур бўлган. Ушбу маҳаллани тўлиқ электр билан таъминлаш учун 40 га яқин бетон симустунлар керак бўлади. Бундан келиб чиқадики, муаммо жиддий.

Бундан ташқари, қўлбола симёғочлар узра тортилган симларнинг айрим жойлари одам қўли етадиган даражада пастда жойлашган. Бу эса аҳоли учун хавф туғдириши табиий.
«Токни тортиб келгач, қўшни маҳалла аҳолиси билан уришиб кетяпмиз. Истеъмол ортганлиги сабаб зўриқиш юзага келиб, трансформатор бир неча марта портлаб ҳам кетди. Баъзан биз томонни узиб қўймоқчи ҳам бўлишади. Мутасаддилар муаммога ечим бера олишмаяпти», – дейди Тўйчивой кўчаси оқсоқоли.

Қўлбола симёғочлар билан тортиб келинган электрнинг қуввати жуда паст. Уйдаги чироқлар базўр ёнмоқда. Электр токидан фақат чироқ ёқиш учунгина ишлатиш мумкин, холос. Музлаткич ёки маиший техника воситалари учун қувват етмайди.

«Кун ботгач фарзандларимиз уйга вазифаларини қила олмайди. Сабаби — токнинг қуввати паст. Хонани етарлича ёритиб бера олмайди. Аввалги мурожаатимизга жавобан 2021 йилнинг 2-чораги якунига қадар ишларни якунлаймиз, деб жавоб беришганди. Аммо 2022 йил келди ҳамки, бирорта ҳаракат ҳам бошланмади», — дея ҳолатни изоҳлади маҳалла фаоли Дониёрбек Солиев.

Маҳалланинг муаммоси қачон ҳал этилиши бўйича изоҳ сўраб, Шаҳрихон тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Жасурбек Жўраевга юзландик.

«Бу кўчаларни лойиҳалаштирганмиз. 3 та трансформатор қурилиши режалаштирилган. Ўтган йили қолиб кетишига пандемия сабабчи. Бу йил охиригача бу кўча ҳам тўлиқ бетон симустун ва узлуксиз электр энергияси билан таъминланади», — дейди у.

Бироқ маҳалла аҳли бундай ваъдаларни бир неча маротаба эшитганлигини таъкидламоқда. Ваъдалар берилди, муддат айтилди. Kun.uz мутасаддилардан ушбу масалага ижобий ечим кутиб қолади. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.
Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
08:52 / 27.05.2025
1,4 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган музлаткич омбори аниқланди
10:43 / 26.05.2025
“Кореяда олган тажрибани қишлоғимда қўлламоқчиман” – бўш ерларни ўзлаштираётган шаҳрихонлик йигит
08:40 / 23.05.2025
Тошкентдаги қурилиш объектида 1,4 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилди
13:56 / 02.05.2025