Ўзбекистон | 17:23 / 11.03.2022
36061
2 дақиқада ўқилади

«Бу биз учун янги бозорлар дегани» — Президент ўзбек пахтасига бойкот бекор қилингани ҳақида

Шавкат Мирзиёев Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилганига муносабат билдирди.

Шавкат Мирзиёев раислигида саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда президент маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун очилаётган янги имкониятларни қайд этди.

«Сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларимиз самарасини бериб, Cotton Campaign куни кеча Ўзбекистонни қора рўйхатидан чиқарди. Бу ҳам биз учун жуда катта имконият, янги бозорлар дегани.

Бунинг ҳисобига истеъмол маҳсулотларининг хомашёсини олиб келиб, уларни қайта ишлаш орқали қўшимча 1,5 миллиард долларлик маҳсулотни бемалол экспорт қилса бўлади», деди давлат раҳбари.

Шу боис хомашёни олиб келиб, тайёр маҳсулот чиқарган ва уни четга сотадиган (божхона ҳудудида қайта ишловчи) корхоналарга апрелдан бошлаб

  • экспортчилар учун берилаётган барча имтиёзлар татбиқ этилади;
  • лойиҳалари доирасида техник-иқтисодий асос, маҳсулот сертификати, божхона тўловлари таъминоти талаб этилмайди;
  • рухсатнома бериш муддати 3 баробар қисқаради, 1 йил давомида ишлаб келаётганларига рухсатнома ҳар бир контрактига эмас, балки корхона фаолиятига берилади;
  • олиб келган дастгоҳлари учун божхона божлари ундирилмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 10 март куни Cotton Campaign халқаро коалицияси Ўзбекистон пахтасига эълон қилинган глобал бойкотни бекор қилди. Ўзбекистон пахтасига 2009 йилда эълон қилинган бойкот 12 йилдан ортиқ амал қилиб келаётганди.

Мавзуга оид