Жаҳон | 18:09 / 11.03.2022
9632
2 дақиқада ўқилади

Россия бош прокуратураси суддан Meta компаниясини экстремистик ташкилот деб топишни сўради

Хабар қилинишича, Роскомнадзор томонидан Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқларига кириш чекланади.

Фото: Reuters

Россия бош прокуратураси Роскомнадзордан Instagram ижтимоий тармоғига киришни чеклашни талаб қилди.

Қайд этилишича, Instagram тармоғида Россия фуқароларига нисбатан тажовуз қилиш (ўлдириш), мамлакат ҳудудида оммавий тартибсизликлар уюштиришга чақириқлар акс этган маълумотлар жойлаштирилмоқда.

“Шу сабабли Россия бош прокуратураси томонидан Роскомнадзордан Instagram ижтимоий тармоғига киришни чеклаш талаб қилинди”, - дейилади мамлакат бош прокуратураси хабарида.

Бош прокуратуранинг маълумот беришича, аввалроқ Facebook ижтимоий тармоғи Россия фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузишга алоқадор деб топилган. 

“Мазкур қарор асосида Роскомнадзор томонидан Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқларига кириш чекланади”, - дейилади Россия бош прокуратураси хабарида.

Бундан ташқари, Россия бош прокуратураси Meta Platforms Inc компаниясини экстремистик ташкилот деб топиш ва Россия ҳудудида унинг фаолиятини тақиқлашни сўраб судга ариза йўллаган.

Аввалроқ ОАВ Meta компанияси айрим мамлакатлардаги Facebook ва Instagram фойдаланувчиларига Украинадаги вазият туфайли россияликлар ва Россия ҳарбийларига қарши зўравонлик қилишга чақиришга рухсат беришини хабар қилганди. Маълумотларга кўра, Россия, Украина, Польша, Латвия, Литва, Эстония, Венгрия, Руминия ва Словакиядаги фойдаланувчиларга ижтимоий тармоқларда ана шундай чақириқларни жойлаштиришга рухсат берилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид