Жамият | 11:40 / 12.03.2022
18430
5 дақиқада ўқилади

Андижонликлар Кегейлини обод ҳудудга айлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга яқиндан ёрдам бериш Андижон вилояти фаолларига юклатилган. Ҳозирда вилоят мутасаддилари, тадбиркор ҳамда фермерлар ушбу ҳудудда кенг кўламда фаолият олиб бормоқдалар.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Кегейли туманида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, масъулларга маслаҳат, тавсия ва кўрсатмалар бериб бормоқда. Мазкур ҳудудда андижонлик тадбиркорлар томонидан 2022-2023 йиллар давомида умумий қиймати 604 миллиард сўм бўлган 23 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 1700 та янги иш ўринлари яратилади.

Вилоят раҳбари «Сабо ҳамкор» МЧЖга қарашли замонавий «Nethouse» ёзги иссиқхона ва логистика марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Туманда андижонлик тадбиркор томонидан 5 миллиард сўм маблағ эвазига бир вақтнинг ўзида 150 китобхонга фойдаланиш имкониятини берувчи кутубхона қурилиши билан танишди.

Шунингдек, Шуҳратбек Абдураҳмонов туманнинг Халқобод маҳалласидаги хонадонларда бўлди. Ҳозирда ушбу ҳудуддаги оилаларга "Munavvaroy Agro Klaster" МЧЖ томонидан тухумга кирган 2 минг бош товуқ тарқатилиб, яна 8 минг бош товуқни етказиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу кластер корхонаси томонидан товуқлар озуқасини ўз вақтида етказиб бериш, ветеринар хизматини йўлга қўйиш ва тухумларини қайта сотиб олиш тизими яратилди. Хонадонларга ишкомлар, кичик иссиқхоналар ҳам қуриб берилмоқда. Андижон вилояти тадбиркорлари томонидан касаначилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Бу орқали аҳолини ҳунарга ўргатиб, ишсизликнинг олдини олиш мақсад қилинган. Бу тизим Кегейли туманидаги барча маҳаллаларда йўлга қўйилади.

Ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш мақсадида ҳозирда фаоллар томонидан 200 минг туп терак ҳамда 10 минг туп тут дарахти кўчатлари етказилиб, кўча бўйлари, хиёбонларга ўтқазилмоқда.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Кегейли туманидаги 16 та маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари билан доимий мулоқот ўтказмоқда.

Вилоят раҳбари ёш мутасаддилар билан мулоқоти давомида уларга ишонч билдириб, доимо қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Шунингдек, улар билан доимий алоқада бўлиш, фаолиятлари давомида маҳаллаларда юзага келадиган муаммо ҳамда таклифларни йўллаш юзасидан махсус бот ташкил этилганлигини маълум қилди. Бу ишларни самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди. Маҳаллаларда иш бошлаган 16 нафар ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчиларига компьютер жамламаларини топширди.

Ҳозирда тумандаги 16 та маҳалла фуқаролар йиғини Андижон вилоятининг шаҳар ва туманларига бириктирилган. Бир сўз билан айтганда, Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги андижонликлар Кегейли туманидаги 73 минг 594 нафар аҳоли истиқомат қилаётган ҳар бир овулни кўркам ва обод ҳудудга айлантиришга маҳкам бел боғлаган.

Шу билан бирга, Андижон вилояти ва Кегейли тумани аҳолиси ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва биродарлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда. Айни кунларда Кегейли туманидан келган 103 нафар хотин-қизлар вилоятда меҳмон бўлиб турибди.

Кегейли туманидан келган аёллар ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги ишга туширилган корхоналар фаолияти билан яқиндан танишмоқдалар. Дастлаб меҳмонлар Андижон шаҳридаги 1000 дан ортиқ опа-сингилларимиз меҳнат қилаётган “Dinar group” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган тикувчилик корхонасида бўлдилар. Шунингдек, «Бобур ХБК» масъулияти чекланган жамияти қошидаги 1 минг 500 киши иш билан таъминланган “Diromm” фабрикасида ишчиларга яратилган шароитларни кўздан кечирдилар.

Меҳмонлар шаҳар марказидаги Бобур номли вилоят кутубхонасида бўлдилар. Мазкур кутубхона 93 мингдан ортиқ номдаги 876 минг нусхадан ортиқ китоб фондига эга. Мулоқот давомида меҳмонларга маъмурият томонидан китоб тўпламлари совға қилинди.

Кегейлилик аёллар Андижон шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида касбий малакага эга мутахассислар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга гувоҳ бўлдилар. Ҳозирда ушбу масканда сервис ва хизмат кўрсатиш, техника, қурилиш, хорижий тиллар соҳаларида 24 та ихтисослик йўналиши бўйича 2 сменада ўқиш ташкил этилган. Бундан ташқари, меҳмонлар учун қатор маданий-кўнгилочар тадбирлар ўтказилиб, вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилмоқда.                                                   

Элмурод Эрматов тайёрлади

Мавзуга оид