Жаҳон | 19:07 / 13.03.2022
36596
4 дақиқада ўқилади

Ироқ Курдистони пойтахтига ракеталар ҳужуми. Ҳужум учун жавобгарликни Эрон ўз зиммасига олди

Якшанбага ўтар кечаси Ироқ чегараларидан ташқаридан йўлланган ўндан ортиқ баллистик ракеталар курдларнинг Арбил шаҳрида портлади. Бу ҳақда курд расмийси маълум қилди. Унинг маълумотига кўра, ҳужум оқибатида қурбонлар йўқ.

АҚШ ҳукуматидаги расмий ўз шахсини сир тутишни сўраган ҳолда Reuters мухбирига маълум қилишича, ракеталар Эрон ҳудудидан учирилган. У қўшимча маълумотлар тақдим этмаган.

Ироқ расмий шахсларининг маълум қилишича, ракеталарнинг бир нечтаси АҚШ консулхонаси ҳудудига келиб тушган. «Ассошиэйтед пресс»нинг ёзишича, консуллик биноси янги қурилган ва ҳужум вақтида бўш бўлган.

Пентагоннинг исми сир тутилишини сўраган расмийси қанча ракета учирилгани ва уларнинг қанчаси шаҳар ҳудудига тушгани маълум эмаслигини айтган.

Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (IRGC) Арбилга қилинган ракеталар ҳужуми учун жавобгарликни зиммасига олди. Ташкилот баёнотига кўра, зарбалар нишони Исроил разведкасининг икки маркази эди.

«Сионист фитначиларининг стратегик маркази кучли ракета зарбаларига учради. Биз жиноятчи сионистик режимни яна бир бор огоҳлантирамизки, душманлик ҳаракатларининг такрорланиши кескин, қатъий ва бузғунчи жавобларга сабаб бўлади», дейилади баёнотда.

АҚШ Давлат департаменти вакили буни «ғазабни келтирувчи ҳужум» деб атаган, шу билан бирга унинг сўзларига кўра, бу ҳужум оқибатида америкаликлардан ҳеч ким жабрланмаган, шунингдек, АҚШнинг Арбилдаги объектларига зарар етмаган. Ироқ давлат телевидениеси Курдистон аксилтеррор кучларидаги манбасига асосланиб хабар беришича, Ироқ ташқарисидан учирилган 12 ракета Арбил ҳудудига келиб тушган.

Ракеталар айнан қаерга тушганига аниқлик киритилмаган. ОАВда ракеталар Америка консулхонаси жойлашган ҳудуд томон учирилгани айтилганди.

Арбилдаги халқаро аэропортда жойлашган Америка кучлари аввал ҳам ракета зарбалари ва дронлар ҳужумига учраган, АҚШ расмийлари бу ҳужумларда Эронга алоқадор бўлган гуруҳларни айблаган. Аммо сўнгги ойларда бундай ҳолатлар кузатилмаётганди. Америка ҳарбийларига қарши баллистик ракеталар қўлланиши сўнгги бор 2020 йил январида, АҚШ томонидан Бағдод аэропортида ҳарбий қўмондон Қосим Сулаймоний ўлдирилишига жавобан амалга оширилганди. Ўша ҳужум оқибатида америкалик ҳарбий хизматчилар орасида қурбонлар бўлмаган, аммо жуда кўпчилик жароҳатланганди.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган шиа гуруҳлари ҳам аввалроқ Суриядаги америкалик ҳарбийларга ҳужум қилганди. Ҳафта бошида эса Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Дамашқ яқинидаги ҳужуми оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг икки вакили ҳалок бўлганди. Бу ҳақда Эрон давлат нашрлари орқали расмий маълумот берилган, корпус жавоб чораси кўрилишини ваъда қилганди.

Арбил аҳолиси бир неча кучли портлашлар акс этган видеоларни ижтимоий тармоқларда эълон қилган. Портлашлар кучи айрим жойларда уйларни силкитиб юборган.

Эрон билан алоқадор бўлган айирмачи кучлар доимий равишда АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий ва дипломатик объектларига ҳужум қилиб туради. Эрон бундай ҳужумларга алоқадорлигини рад этади.

Ироқдаги сиёсий партиялар (уларнинг деярли барчаси ҳарбий қанотларига эга) октябрь ойидаги сайловлардан кейин ҳукумат тузиш бўйича қизғин музокаралар олиб бормоқда. Reuters агентлиги ёзишича, Эронга яқин бўлган шиа айирмачилари агар ҳукмрон коалициядан ташқарида қолишса, куч ишлатишга ўтишлари ҳақида огоҳлантиришган.

Мавзуга оид