Ўзбекистон | 12:40 / 15.03.2022
15268
2 дақиқада ўқилади

ОТМларда коррупциянинг олдини олиш учун жорий қилинган “супер-контракт” тизимида ҳам коррупция ҳолатлари аниқланди

10та ОТМда 117 талабанинг ДТМ балли сохталаштирилиб, уларнинг “супер-контракт” нархи 9,6 млрд сўмга арзонлаштирилган.

Фото: iStock

Депутат Дониёр Ғаниевнинг ёзишича, Ҳисоб палатасининг 2021 йилги фаолияти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Ҳисоботда табақалаштирилган тўлов-контрактни сохталаштириш ҳолатлари аниқлангани қайд этилган.

“Ҳисоб палатаси томонидан ОТМларга қўшимча табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ҳужжатлари ўрганилганда, 10та ОТМда 117 нафар талабанинг (бу фақат аниқлангани, аниқланмагани қанча худо билади) Давлат тест маркази маълумотномасидаги балларини сохталаштириш орқали "супер-контракт" суммаларининг миқдори жами 9,6 млрд сўмга кам ҳисобланган”, деб ёзади депутат.

Масалан, Тошкент тиббиёт академиясида 2020/2021 ўқув йилида фуқаро Ф.Б. кириш имтиҳонида аслида атиги 56,6 балл олган бўлса-да, унинг тўплаган балли 132,7 балл этиб кўрсатилган ҳамда фуқародан 279,4 млн ўрнига 139,7 млн сўм, 139,7 млн сўм камроқ тўлов-контракт пули олинган.

“Оддий қилиб айтганда, олий таълим муассасаларига киришда айнан коррупциянинг олдини олиш мақсадида жорий қилинган "супер-контракт" тизимининг ўзида ҳам коррупция ҳолатлари аниқланган. Яъни коррупцияга қарши курашиш орқали ҳам "соққа" қилиш йўлини ўйлаб топишган. Қойил қолмай иложи йўқ”, дейди депутат.  

Қайд этилишича, келгусида бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқимоқчи бўлганлар учун онлайн платформа яратилиб, аризалар автоматик тарзда қабул қилиниши ва шартномалар суммаси инсон омилининг аралашувисиз ҳисобланиши йўлга қўйилган.

Мавзуга оид