Ўзбекистон | 08:21 / 17.03.2022
4178
4 дақиқада ўқилади

Айрим турдаги маҳсулотларни сотишда қайд этилган ҳуқуқбузарликларга қарши кураш чоралари кучайтирилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим турдаги маҳсулотларни муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган, шунингдек амалдаги қонунчиликка номувофиқ қадоқланган ҳолда сотишда қайд этилган ҳуқуқбузарликларга самарали курашиш бўйича қўшимча чораларни кучайтириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг фото, видео ва мобил воситалари орқали айрим турдаги маҳсулотларни (озиқ-овқат, тиббий, маиший кимё товарлари) муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган, амалдаги қонунчиликка номувофиқ қадоқланган ҳолда сотишда қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 1 сентябрга қадар марказлаштирилган тизимга келиб тушаётган видеоёзувлар бўйича тизимли мониторинг юритиш ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини назарда тутган ҳолда, жисмоний ва юридик шахсларнинг фото, видео ва мобил воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тўпловчи марказлаштирилган тизим ишга туширилишини таъминлайди.

Бунда, лойиҳа-техник ҳужжатлар ишлаб чиқилиб Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ҳамда “Киберхавфсизлик маркази” ДУКга экспертизадан ўтказиш учун киритилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг фото, видео ва мобиль воситалари орқали айрим турдаги маҳсулотларни сотишда қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, қоидалар фақат ишлаб чиқариш санаси ва амал қилиш муддати кўрсатиш талаб этиладиган товарлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга нисбатан татбиқ этилади.

Жисмоний ва юридик шахслар видеотехника воситалари орқали айрим турдаги маҳсулотларни (озиқ-овқат, тиббий, маиший кимё товарлари) муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган, амалдаги қонунчиликка номувофиқ қадоқланган ҳолда сотишда қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини қайд этиши ҳамда уч иш куни ичида марказлаштирилган тизим орқали Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига кўриб чиқиш учун юбориши мумкин.

Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати тўғрисидаги видеоёзувда қуйидагилар аниқ акс эттирилиши лозим: ҳуқуқбузарлик аниқланган манзил, сана ва вақт; ишлаб чиқилган сана ва муддатсиз маҳсулотнинг партияси ёки бирлиги; аниқланган маҳсулотларининг миқдори; савдо номи ва ишлаб чиқарувчининг (импорт қилувчи) манзили.

Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган видеоёзувларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Ўзгартириш киритилган видеоёзувлар кўриб чиқилмайди, ҳажмини қисқартириш мақсадида видеоёзувнинг бевосита ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган қисмини кесиб олиш бундан мустасно (қоида тариқасида, видеоёзувнинг давомийлиги 120 секунддан ошмаслиги лозим).

Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган видеоёзувларни марказлаштирилган тизимга юборишда қуйидагилар тўлиқ кўрсатилиши лозим: фуқаронинг исми, фамилияси, отасининг исми, доимий яшаш манзили, юридик шахснинг номи, жойлашган жойи (почта манзили), банк ҳисоб рақами (видеоёзув юридик шахс вакили номидан тўлдирилганда); уяли телефон рақами ёки банк пластик картаси рақами ва электрон манзили; ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, сана ва вақт.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид