Ўзбекистон | 20:43 / 18.03.2022
7512
2 дақиқада ўқилади

Аҳолимизнинг 75 фоизида ортиқча вазн борлиги ва қон босими юқори экани барчамизни ўйлантириши керак — президент

Халқаро форумлар саройида Соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида давлат раҳбари шифокорлар аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб қилишлари зарурлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Мен сизлардан соғлом турмуш тарзи орқали, касалликнинг олдини олишга кўпроқ эътибор беришингизни сўрайман. Чунки, жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланадиган одам, ҳеч қандай давога муҳтож бўлмайди. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, инсон саломатлиги 19 фоиз ташқи муҳитга, 20 фоиз – генетик омилларга, 9 фоиз – соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва 52 фоиз турмуш тарзига боғлиқ. 

Саломатлигимиз асосан ўз қўлимизда экан, жамиятда соғлом турмуш маданиятини янада оширишимиз зарур. Бу масала бўйича алоҳида дастурни бошлаганимиздан хабардорсиз.

Афсуски, тўғри овқатланмаслик ва ҳаракатсизлик оқибатида, бугунги кунда аҳолимизнинг 75 фоизида ортиқча вазн борлиги, 30 фоизида эса холестерин ва қон босими юқори экани, барчамизни ўйлантириши керак.

Шунинг учун, жорий йилдан бошлаб, 17 мингдан зиёд тиббий бригада, 2 мингдан ортиқ оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий қилинади. Рейтинг дегани шуки, энди тиббиёт ходимлари ўз ҳудудида аҳоли соғлиғини сақлаш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича ўзига мажбурият олади. 

Бунда, ортиқча вазнга йўл қўймаслик, тўғри овқатланишга амал қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан воз кечиш ва улар натижасида инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш кўрсаткичлари, асосий мезон сифатида белгиланади.

Ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари ҳар чоракда мукофотланади, йил якунида эса, ҳар бир вилоятда энг яхши натижа кўрсатган поликлиникага мукофот ва совғалар берилади”, деди президент тадбир иштирокчиларига.

Мавзуга оид