Ўзбекистон | 16:46 / 18.03.2022
8436
2 дақиқада ўқилади

Асаларичилар уюшмаси аъзоларига алоҳида имтиёзлар берилиши мумкин. ССП бунга қаршилигини билдирди

Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси аъзоларига муайян миқдорда давлат бютжетидан субсидиялар ажратилиши мумкин. Савдо-саноат палатаси бу борада жамоатчилик экспертизаси хулосасини тақдим этди.

Фото: AP

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада асаларичилик тармоғини жадал ривожлантириш ва асаларичилик фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилди, дея хабар бермоқда Савдо-саноат палатаси.

Лойиҳанинг 1-банди 4-хатбошига кўра, “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси аъзоларига ҳар йили асалари қишлови даврида (октябр-апрел) озуқа сотиб олиш учун ҳар бир асалари оиласига базавий ҳисоблашнинг 30 фоизи миқдорида давлат бюджетидан субсидия ажратиш белгиланган.

Бунда, фақатгина “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси аъзоларига давлат бюджетидан субсидия ажратиш шаклидаги преференцияларни бериш назарда тутилган.

Аммо Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “Солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (кейинги ўринларда имтиёзлар деб юритилади) қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилади, шунингдек, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарур” деб белгиланган.

Экспертиза хулосасига кўра, лойиҳада назарда тутилган субсидияни соҳадаги барча тадбиркорлик субъектларига ажратишни назарда тутиш лозим.

Аввалроқ, Савдо-саноат палатаси Давлат солиқ қўмитасининг “қизил”га тушган тадбиркорларнинг биржа савдоларидаги иштирокини чеклашга оид қарор лойиҳасига ҳам қарши позиция билдирганди. Савдо-саноат палатаси буни тадбиркорни битта хато учун қайта-қайта жазолаш деб баҳолаганди.

Мавзуга оид