Украинага бетарафликнинг шведча ёки австрияча модели таклиф этилмоқда. Бу нима дегани?
Россия ва Украина ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда Украина учун Австрия ёки Швеция вариантидаги бетарафлик мақомини мустаҳкамлаб қўйиш масаласида муҳокамалар кетмоқда. Бу ҳақда Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, бу вариантни «маълум бир келишув сифатида кўриш мумкин». Песков бошқа жиҳатларга тўхталмаган.
16 март куни тинчлик музокараларида Россия делегациясига раҳбарлик қилаётган Владимир Мединский Украина томони Австрия ёки Швеция модели бўйича таклиф билан чиққани, бу масала Россия ва Украина мудофаа вазирликлари раҳбарияти даражасида муҳокама этилаётганини маълум қилди.
«Бундай модель мамлакат ҳарбий блокларга кириш ва ўз ҳудудида хориж ҳарбий базалари жойлаштирилишидан воз кечишини назарда тутади, аммо ўз армияси ва ҳарбий-денгиз кучларига эга бўлишда давом этади», дегади у.
Киевдагилар эса мамлакат 2010 йилдаёқ бетарафлик ва қўшилмаслик ҳақида эълон қилгани, аммо тўрт йил ўтиб Россия Қримни босиб олиб, Донбассдаги айирмачиларни қўллаб-қувватлагани ҳақида эслатган.
Украина президенти офиси маслаҳатчиси, украинлар делегацияси аъзоси Михаил Подоляк эса Украина Россия билан уруш олиб бораётгани туфайли, музокараларда бетарафликнинг шведча ёки австрияча модели эмас, украинча модели ҳақида гап кетишини таъкидлади.
«Биринчидан, бу мутлақ хавфсизлик кафолатларини англатади. Ҳақиқийсини, шунчаки протоколдаги ёки будапештча эмас. Бу эса Украинага ҳужум қилинган тақдирда, кафолатларни имзоловчи томонлар бугунги кундаги каби четда турмаслигини, можаро вақтида Украина томонида туриб, зарур қуроллар зудлик билан етказиб берилишини таъминлаши зарурлигини англатади. Иккинчидан, Украина энди осмони ёпилиши бюрократик тартибларга боғлиқ бўлишини истамайди. Бизга осмон ёпилиши борасида аниқ кафолатлар керак», деган Подоляк Мединскийнинг сўзларига муносабатида.
Агар унинг қабул қилиниши ҳарбий ҳаракатларни тўхтатса, Украина нейтралитети варианти қандай номланиши у қадар муҳим бўлмайди. BBC Мединский томонидан айтилган Европадаги нейтралитет моделлари нималарни назарда тутишини кўриб чиқди.
Австрия модели
Австрия Россия билан умумий чегараларга эга эмас, барча томондан дўстона давлатлар билан қуршаб олинган - уларнинг кўпи НАТО аъзолари (Италия, Германия, Словения, Чехия, Словакия ва Венгрия), шунингдек, альянсга аъзо бўлмаган Швейцария ва Лихтенштейн.
Австрия нейтралитети маълум даражада мажбурий ҳодиса эди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Австрия ғолиб давлатлар томонидан эгалланган, уларнинг ҳар бири бу давлатни ўз таъсир доирасига олишни истар эди.
Ҳитлерга қарши коалиция бўйича собиқ иттифоқчилар ўн йил мобайнида Австрия келажаги борасида келиша олишмайди - у социалистик лагерга қўшиладими ёки Ғарб мамлакатлари йўлидан борадими. Муаммо ечими 1955 йилда Австрия мустақиллиги ва унинг нейтрал мақоми тўғрисидаги декларация имзоланиши бўлди.
Австрия нейтралитети эълон қилиниши у нафақат оккупациядан халос бўлиши, балки АҚШдан хавфсизлик кафолатлари олишига ҳам имкон беради - бу ортиқчалик қилмасди, чунки ўша вақтда Австрия Варшава келишувига аъзо давлатлар - Чехословакия ва Венгрия, шунингдек коммунистик Югославия билан чегарадош эди.
Социалистик блок қулашидан кейин бетараф Австрия амалда НАТО «соябони» остида қолди - назарий жиҳатдан фақат Швейцария ёки Лихтенштейн альянс мамлакатлари чегарасини бузмасдан Австрияга ҳужум қилиши мумкин, аммо бу шунчаки фантастик сценарий.
Ҳарбий иттифоқларда иштирок этишдан бош тортган ва ўз ҳудудида ҳарбий базалар жойлаштирилишини тақиқлаган бўлса-да, Австрия НАТОнинг турли ҳарбий дастурларида иштирок этиб, альянсга ҳарбий амалиётлар ўтказишда ёрдам беради ҳамда Евроиттифоқ хавфсизлик тузилмасига аъзо ҳисобланади.
Австрия ва Шимолий Атлантика альянси ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда - хусусан, ўтган йили Венада НАТО билан алоқа бюроси очилиши тўғрисида битим тузилганди.
Вақти вақти билан (одатда сайловлар арафасида) Австрияда НАТОга кириш борасида баҳслар бўлиб туради, аммо аҳолининг кўп қисми бу ғояни ёқламайди.
Швеция модели
Швеция нейтралитети Австрияникидан анча узоқ тарихга эга. Наполеон урушларидан кейинги икки асрдан ошиқ вақт давомида бу давлат ким биландир ҳарбий иттифоқ тузишдан сақланди, қўшниларнинг жиғига тегмасликка ҳаракат қилди ва муваффақиятга эришди.
Турли илмий мақолаларда Швециянинг позицияси ҳарбий можароларга аралашмаслик сиёсатининг идеал шакли сифатида келтирилади. Бундай сиёсат мустақилликни сақлаб қолиш учун державалар ўртасида мувозанатни сақлаш ва турли ёқимсиз режимлар билан ҳам ҳамкорлик қилиш заруратини талаб этади. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Швеция Учинчи рейх ва унинг иттифоқчилари билан савдо қилган ҳамда дўстона алоқаларни сақлаб қолган.
Иккинчи жаҳон уруши якунлангач ва совуқ уруш бошлангач ҳам Швеция ўзига содиқ қолди - НАТОга ҳам, шарқий блокка ҳам аъзо бўлиб кирмади. «Биз фаол бетарафлик сиёсатини олиб бормоқдамиз», деганди ўшанда Швеция бош вазири Улоф Пальме. Аммо Швецияни ҳам тўла бетараф деб бўлмайди. Урушдан кейинги даврда бу давлат Ғарб мамлакатлари ва Америка разведкаси билан фаол ҳамкорлик қилади, социалистик лагер ва СССР қулагач бу ҳамкорлик фақат кучаяди.
НАТОнинг бугунги ҳужжатларида Швеция «нейтрал» иттифоқчи деб аталади. Стокҳолм 1994 йилда НАТО томонидан тузилган «Тинчлик учун ҳамкорлик» дастурининг илк иштирокчиларидан бўлганди, швед армияси ва альянс мунтазам равишда қўшма машғулотлар ўтказиб келади.
Швед ҳарбийлари ва мутахассислари НАТО раҳбарлигида БМТ мандати бўйича ўтказилган барча амалиётларда иштирок этган - Босния ва Косовода, Малида, Халқаро хавфсизлик кучлари таркибида Афғонистонда, ЕИ ва НАТОнинг Ҳинд океанида қароқчиликка қарши навбатчилик амалиётларида.
2011 йилда НАТО томонидан Ливияда Қаззофий режимига қарши амалиёти вақтида Швеция ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига саккизта Сааб «Грипен» русумли қирувчи самолётлари, «Гольфстрим IV» разведкачи самолёти, ёнилғи ташувчи C-130 «Геркулес» самолёти, шунингдек ҳарбий мутахассислар гуруҳини жўнатганди.
2011 йил 24 сентябрида Швеция, Дания ва Норвегия мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги келишувни имзолашган. Шведлар мудофаа вазири Петер Ҳултквист ўшанда Шимолий Европа ва Болтиқбўйидаги вазият «сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун ҳарбий кучдан фойдаланишга тайёр бўлган» Россия айби билан ёмонлашиб бораётганини айтганди.
Мавзуга оид
15:06
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
14:22
Париж: Украина Россия ҳудудига SCALP ракеталари билан зарба йўллаши мумкин
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024