Жаҳон | 22:25 / 18.03.2022
48304
2 дақиқада ўқилади

Хитой раҳбари Байден билан мулоқотда «зиддият ва қарама-қаршиликлардан ҳеч ким манфаатдор бўлмаслиги» ҳақида гапирди

Си Жинпинг АҚШ ва Хитой глобал тинчликни сақлаш учун биргаликда ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлаган.

Huang Jingwen / Xinhua / Scanpix / LETA

ХХР раиси Си Жинпинг ва АҚШ президенти Жо Байден телефон орқали мулоқот ўтказишди. CNN хабарига кўра, мулоқот қарийб икки соат давом этган. Икки мамлакат етакчилари 2021 йил ноябридан буён илк бор гаплашишди.

Мулоқот тафсилотларини ҳозирча АҚШ президенти маъмурияти ҳам, Хитой ҳукумати ҳам очиқламади.

«Синҳуа» агентлиги ХХР раиси телефон сўзлашувида «Украина инқирози — биз кўришни истаган нарса эмас» дегани, шунингдек, «зиддият ва қарама-қаршилик ҳеч кимга фойда келтирмаслиги»ни айтгани ҳақида қисқача хабар бериш билан чекланган.

Си Жинпинг Байденга АҚШ ва Хитой нафақат икки томонлама муносабатларни ривожлантириши, балки халқаро масъулиятни ҳам ўз зиммасига олиши кераклигини айтган.

«БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ва икки етакчи иқтисодиёт сифатида, биз нафақат Хитой-Америка муносабатларини тўғри йўналишга йўналтиришимиз, балки ўз зиммамизга юклатилган халқаро масъулиятни ҳам бажариб, дунё тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳаракат қилишимиз керак», дея Хитой раҳбарининг сўзларини келтирган «Синҳуа».

  • Музокаралар бошланишидан олдин Reuters агентлиги Байден ХХР раисини Россияга Украинадаги урушда ёрдам бермасликка чақириши кутилаётгани ҳақида хабар берганди. Ғарбдаги манбалар маълумотларига кўра, Россия Хитойдан қурол сўраган, Кремль буни рад этган.

Мавзуга оид