Ўзбекистон | 19:22 / 19.03.2022
16060
4 дақиқада ўқилади

Турин политехника университети талабасини ўлдириб қўйган йигит 8 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Ўтган йили Турин политехника университети ёнида содир бўлган жанжал оқибатида 18 ёшли талаба вафот этганди. Унинг ҳаётига зомин бўлган йигит 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.

2021 йилнинг 25 ноябрь куни Турин политехника университети дарвозаси ёнида юзага келган келишмовчилик оқибатида бегона йигит шу университет талабасининг юзига мушт туширган, кутилмаган зарба туфайли ерга йиқилган 18 яшар жабрланувчи олган жароҳати оқибатида вафот этганди.

Ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилганди. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди.

Суд тиббий экспертизасининг бирламчи маълумотига асосан талабанинг ўлимига бош мия ёпиқ жароҳати, мия тўқималарига қон қуйилиши сабаб бўлгани айтилганди. Судда экспертлар оғир тоифадаги тан жароҳати ўтмас, қаттиқ жисм таъсирида ўлимдан бироз олдин етказилгани ҳақида хулоса бергани маълум қилинди. Суд мажлисида судланувчи аввал ҳам Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноий жавобгарликка тортилгани очиқланди.

“Ижтимоий хавф даражаси, қилмишининг сабабини, унинг шахсини, муқаддам судлангани, жиноят ишида мавжуд бўлган айбини оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни, айбига иқрорлигини инобатга олиб, айбланувчига 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлашингизни сўрайман”, деб айтган суд мажлисида иштирок этган давлат айбловчиси.

Судда айбланувчи марҳумни танимагани, ўртоғи билан бирга тушлик қилиш учун университетга борганида жанжал устидан чиқиб қолганини таъкидлаган.

“Турин политехника университетига ўртоғим билан овқатланиш мақсадида боргандим. У ерга етиб борганимда битта нотаниш бола ўртоғимни урмоқчи бўлди. Ўртоғим қочиб қолди. Уни айланиб ўтиб, ўша боланинг олдига бордим. Нима бўлди ўзи, нега уришяпсизлар десам, у менга аралашманг деб айтди. Уришманглар, 3-4 минг доллар контракт тўлаб ўқияпсизлар деганимда мени онамдан сўкиб қолди. Ўзимни ушлаб туролмай урвордим.

Ёш йигитнинг умри хазон бўлди. Мен эса бунинг учун қамоқда ўтирибман. Агар шу ёққа бориб қолмаганимда ва жанжалга аралашмаганимда у бола мени сўкмасди, мен ҳам у болани урмасдим. Қилмишимдан афсусдаман. Мен 5 ё 10 йилда озодликка чиқиб, ота-онамнинг бағрига қайтиб келарман, лекин у бола энди қайтиб келмайди.

Мақсадим ўлдириш ёки нимадир қилиш, бирон жойини синдириш бўлмаган. Мен кучли зарба бериш ёки зарба бериб нимадир қилиш мақсадида у ерга бормагандим. Шунақа воқеа бўлиб қолди, мен унинг ўлимига сабабчи бўлиб қолдим. У болани танимаганман, шу пайтгача уришиб ё қасдлашиб юрган жойим йўқ. Ўзимни ушлаб қололмадим. Ёшлик қилиб қўйдим”, дейди айбланувчи.

Суд томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган шахс 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Мавзуга оид