«Ҳамманинг ўз миллий манфаатлари бор» — мутахассислар билан Ўзбекистоннинг Украина бўйича позицияси ҳақида суҳбат
17 март куни Сенат ялпи мажлисида сўз сўзлаган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Украинадаги инқирозли вазият ва бу борада Ўзбекистоннинг позицияси бўйича муҳим баёнот берди. Унга кўра, Ўзбекистон Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олади, Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни тан олмайди.
Хўш, вазир Комиловнинг ушбу баёноти нималарни билдиради? Бу минтақадаги вазият ва Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳаётига таъсир ўтказиши мумкинми? Россияда ва Украина ўртасида тинчлик музокараларидан нималар кутиш мумкин? Kun.uz сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов билан шу саволлар атрофида суҳбат уюштирди.
— Сенат мажлисида Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг Украинадаги ҳолатга муносабати бўйича саволга жавоб бериб, позициямизни ифодалади. Кимдир буни «оламшумул», «тарихий» ва «фавқулодда дадил», деб атади, кимдир шунчаки Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат борасидаги позицияси яна бир бор ташқи дунёга эслатилди, демоқда. Сиз бу бўйича нималар дейсиз?
Фарҳод Толипов:
— Ҳақиқатан ҳам, Комиловнинг баёнотига нисбатан турлича қарашлар билдирилмоқда. Агар баёнотни чуқур таҳлил қиладиган бўлсак, унинг айрим қизиқ қирраларини кўрамиз...
1990-йиллардан буён то ҳозиргача Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги позициялари бир неча бор аниқ ўз ифодасини топган. Масалан, 2001 йилда Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари билан келишган ҳолда ўз ҳудуди – Қашқадарёда Америка ҳарбий базасини жойлаштиради.
Ўша пайтда бу воқеага нисбатан Россия расмий доираларидан Ўзбекистон бу борада биз билан маслаҳатлашиши керак эди, деган дўқ уришга ўхшаш қалтис сигналлар юборилади. Бу сигналларга эса ўша пайтда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги «Ўзбекистон мустақил ва суверен давлат. Бундай қарорларни ўз миллий манфаатларига таянган ҳолда қабул қилади», дея жавоб берган.
Бу жуда қатъий ва принципиал жавоб эди.
2006 йилда Ўзбекистон ўша пайтда Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлиб киради ва бу аъзолик икки йил ҳам давом этмайди – 2008 йилда ташкилотдан чиқиб кетилди. 2012 йилда эса Ўзбекистон КХШТдан ҳам чиқиб кетади.
Бу мисоллар айтиб турибдики, Ўзбекистон минтақа ва минтақа атрофида геосиёсий вазият қанчалик кескинлашмасин, имкон қадар принципиал позицияда туришга ҳаракат қилган. Яъни ташқи сиёсатини ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб юритишга ҳаракат қилган.
Биз кеча эшитган баёнот эса аввалги позицияларимизнинг шунчаки давоми ҳам эмас. Бу айримлар айтаётганидек, шунчаки шов-шув ҳам эмас. Чунки Комиловнинг чиқишида «Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олади», деган фикрлар ҳам янгради. Бундан тушуниладики, Ўзбекистон Украинанинг урушдан аввалги ҳудудий яхлитлиги қайтарилиши тарафдори. Баёнотдан ана шу фикр ҳам тушунилиши керак.
Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ мажбуриятларини ўзининг асосий йўналиши сифатида кўрсатди ва шу йўналишда ҳаракат қилиши билдирилди. Бу масалани соддалаштириб юбормаслик керак.
Биз аввалроқ Қримнинг, Россия–Грузия урушидан кейин эса Абхазиянинг мустақиллигини ҳам ёқламаганмиз. Бугун эса ДХР ва ЛХР мустақиллигини ҳам тан олмаймиз. Шу маънода Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳам эътироф этамиз. Бу жуда муҳим хабар.
Камолиддин Раббимов:
— Умуман Ўзбекистоннинг Украина атрофидаги позицияси ўзгармаяпти, балки оҳанги ўзгаряпти. Буни аниқлаштириш керак.
Ушбу келишмовчиликлар бошланар экан, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди аввалроқ айтдики, Қозоғистон ДХР ва ЛХРни мустақил давлатлар сифатида тан олмайди. Бу баёнотдан кўп ўтмай Кремлнинг энг асосий тарғиботчиси саналувчи таниқли шахс, Russia Today канали бош муҳаррири Маргарита Симоньян томонидан Қозоғистон шаънига нисбатан жуда агрессив баёнотлар берилди.
Шунингдек, Россиянинг қатор интернет нашрлари «Павлодар суверен халқ республикаси» (Қозоғистон шимолидаги област) лойиҳасини яна бир бор эслатишди. Бу Қозоғистонга нисбатан ўта жиддий ва салбий сигнал эди-ки, у орқали қозоқларга, ёки Россия билан бўласиз ёки бутунлай жим турасиз дейилди.
Бу воқеалар минтақадаги давлатларга жиддий таъсир қилди. Кейин Қозоғистон қайтиб «тилга кирмади». Яъни, бугунги Россиянинг постсовет давлатларига нисбатан сиёсати ниҳоятда агрессив эканини Марказий Осиё давлатлари ҳам инобатга олишди.
Ўзбекистон аслида ҳам ҳеч қачон сепаратист икки республика ёки Қримни алоҳида давлатлар сифатида тан олмасди. Бунинг сабаби, Ўзбекистон ёки минтақанинг бошқа давлатлари ўзини Украинага жуда яқин тутгани ёки Россиядан қўрққанидан ҳам эмас. Бунинг сабаби, минтақа давлатларининг барчасида миллий манфаатлар борлиги.
Шунингдек, ўтган 22 йил давомида (Путин ҳокимиятда бўлиб турган йиллар) барча постсовет давлатлари тушундики, давлатларнинг ички зиддиятлари орқали босим қилиш Россиянинг яхши кўрган методи ҳисобланади.
Минтақадаги давлатлар эса ўша ички зиддиятларни расмийлаштирмаслик учун ҳам босимларни очиқламай келмоқда.
Бугунги Кремл назарида халқ иродаси мавжуд эмас. У қарорларни халқ шуни хоҳлаяпти дея қабул қилмайди. Масалан, Украинадаги урушлар фонида кўриняптики, Кремл раҳбарлари учун украин халқи мавжуд эмас. Украинада сиёсий ирода йўқ ва фақат коллектив ғарб ҳамда АҚШ манипуляцияси мавжуд.
Бугун Украинанинг 42 миллион аҳолиси Европа иттифоқига ва НАТОга кириш орқали ўзини ҳимоя қилишга интилаётганини Кремл раҳбарияти тан олмайди. Бу совет даврида шаклланган оқ-қора фикрлашдан улар чиқиб кетолмади.
Яна шуни қўшимча қилиш керакки, 2014 йил Қрим аннексия қилинар экан, Марказий Осиёдан фақат Ўзбекистон Россияга қарши икки бор норозилик нотасини юборган эди. Бугун ҳам мана шу сиёсат давом этяпти, фақат эҳтиёткорлик кучлироқ. Чунки Россиянинг кучли агрессияси борасида тафаккур шаклланиб улгурган.
— Марказий Осиё доим Россия билан яқин алоқаларда бўлиб келган. Сўнгги воқеалардан кейин минтақадаги вазият ўзгариши мумкинми? Ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий санкцияларга учраган Россиянинг келгуси ҳолатини қандай баҳолайсиз?
Фарҳод Толипов:
— Кўриниб турибдики, савдо-сотиқ камайди ва камайишда давом этади. Шунингдек, иқтисодчиларда вазиятнинг Ўзбекистонга оид қисми бўйича бир савол борки, савдо алоқалари қайси валютада бўлади?
Шунингдек, Ўзбекистонга қайтаётган муҳожирлар асосан Россия рубли билан келмоқда. Хўш, қадрсизланаётган валютанинг келиши Ўзбекистон иқтисодиётига хавф бўлмайдими? Албатта, бўлади.
Бу Россия билан ўзгараётган алоқаларимизнинг акс-садоси. Бу бизга ҳам жиддий муаммолар олиб келяпти. Чунки кўраётганингиздек, Ўзбекистоннинг валютаси ҳам тобора қадрсизланиб боряпти.
Камолиддин Раббимов:
— Ўйлашимча, Россияда ҳокимият алмашиб, ички ва ташқи оҳанг ўзгармагунча, коллектив ғарб ҳамда дунё ҳамжамияти қўллаган санкциялар олиб ташланмайди. Бу санкциялар бир неча йил давом этади. Чунки Россияда олий ҳокимият алмашганда ҳам янги ҳокимият билан музокаралар давом этади.
Шунингдек, яқин йилларда Россияда кучли иқтисодий ва ижтимоий бўҳронлар кутилади. Россия иқтисодиёти ва Россия ахборот ҳудуди орбитасида қолаётган давлат сифатида бу бўҳронлар бизга ҳам сезилаверади. Бунга жамиятимиз тайёр бўлиши керак. Лекин бунга Россия аҳолиси ҳам, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам айбдор эмас.
Айни пайтда кун тартибидаги масала давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллик қадрияти. Кейинги 22 йилда Россиянинг бу қадриятларга тажовузи кўп кузатилди.
Жамиятимизда бир фикр шаклланиши керак, биз бу қийинчиликларга чидашимиз керак ва бизда бошқа муқобил йўл ҳам йўқ. Қайтараман, биз зўриқишларга тайёр туришимиз керак.
Давлатчилик иш ўринлари яратиш учун ўзининг қўшимча ресурсларини ишга солишга тайёр туриши керак.
Россияда эса зўриқишлар энди бошланмоқда. Чунки санкциялар қабул қилинганига ҳали бир ой ҳам бўлгани йўқ. Санкцияларнинг асосий таъсири бир ёки икки ойдан кейин бошланади. Улар ўз кучини кўрсатиб бошлар экан, Россияда ижтимоий ва сиёсий зўриқишлар авжига чиқади.
Владимир Путин 16 март куни Россия Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилар экан, ички курашларга тайёрлигини билдирди. Яъни «ички душманлар», «бешинчи колонна», «концептуал душманларимиз» дея классик авторитар ва тоталитар давлат раҳбарларига хос сиёсий ёндашув кўрсатилди.
Бу дегани Россия ичидаги сиёсий курашлар энди бошланади. Лекин мана шу зўриқишлардан кейинги Россия умид қиламанки, либерал ва демократик бўлади.
Ўша даврда Россия Марказий Осиё давлатларининг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳамда давлат сифатидаги қадр-қимматини тан оладиган Россия бўлишига умид қиламан.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
22:59 / 26.11.2024
Украина – Жанубий Корея: кутилмаганда пайдо бўлган иттифоқ
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
17:41 / 26.11.2024
«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар
16:39 / 26.11.2024