Ўзбекистон | 12:08 / 19.03.2022
23049
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон яна бир бор Украинадаги можаро юзасидан позицияси ўзгармас эканини маълум қилди

Кеча, 18 март куни Европа иттифоқи ва унга аъзо давлатлар, шунингдек, Буюк Британия, Япония ва АҚШнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ташаббуси асосида, Ташқи ишлар вазирлигида дипломатик корпус раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Kun.uz

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда хорижий дипломатик миссиялар раҳбарлари Украинадаги вазият бўйича ўз қарашлари ҳақида маълумот берган. Шунингдек, дипломатлар халқаро ҳамжамиятнинг ўт очишни тезда тўхтатиш, конструктив музокаралар жараёнини ўтказиш ва ушбу мамлакатда халқаро гуманитар ҳуқуқни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, вазирлик учрашувда яна бир бор можаро юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси очиқланганини маълум қилган.

«Ўзбекистон томони Республиканинг ушбу масала бўйича вазмин ва бетараф ёндашув ҳамда вазиятни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақириқни кўзда тутадиган ўзгармас позициясини билдирди.

Ўзбекистон Россия билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ўрнатгани, Украина билан ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириб бораётгани алоҳида таъкидланди», — дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида нутқ сўзлаган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Украина можаросидаги Ўзбекистон позициясини маълум қилган эди.

Абдулазиз Комилов, Ўзбекистон Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олишини, Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни эса тан олмаганини билдирган. Шунингдек, вазир ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга, можарони сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилишга чақирган эди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид