Ўзбекистон | 09:49 / 21.03.2022
40414
4 дақиқада ўқилади

Болалар қўлига «игна санчгани» айтилган тарбиячи воқеаси. Тафсилотлар Kun.uz репортажида

Болаларни қўрқитиш учун фойдаланилган жисм игна эмас, тиш тозалагич бўлгани айтилмоқда. Kun.uz’га шу боғчанинг айнан ўша гуруҳида ишловчи яна бир тарбиячиси болани тепиб, турткилагани акс этган видео келиб тушди.

Самарқанд шаҳридаги «GOLDEN KIDS» хусусий болалар боғчасида кузатилган нохуш ҳолат – тарбиячи ёрдамчисининг болаларни ухлатишда игна санчиб қўрқитгани ҳақида хабар тарқалди. Тарбиячига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар берилди.

Kun.uz мухбири мазкур боғчада бўлиб, ҳолат бўйича ташкилот раҳбари ҳамда ота-оналар муносабати билан қизиқди.

Маълум бўлишича, боғча мудираси Феруза Юсупова муассасага ўрнатилган кузатув камерасига ёзиб олинган видео тарқатилишига ўзи розилик билдирган, ота-оналарга ҳам тасвирга олишга рухсат берилган.

Феруза Юсупова Kun.uz мухбири билан суҳбатда тарбиячиларни танлаб олишда аввало уларнинг оилавий шароити билан қизиқишини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ишга олинадиган ходимларнинг нафақат маълумоти, тажрибаси, балки ўзининг фарзанди бор-йўқлигига ҳам қизиқиш билдирилади.

«Чунки болага оиласида меҳр кўрсата олган инсон бировнинг фарзандига ҳам меҳр кўрсата олади.

Очиғи, муассасамизнинг обрўсига путур етказган бўлса ҳам оқни оқ, қорани қорани дейишни истайман. Бу тарбиячи хушмуомала, болалар билан яхши тил топишадиган кадр эди. Шу вақтгача бирор марта ножўя ҳаракатини сезмаганман. Тарбиячимизнинг оила аъзоларини ҳам яхши танийман.

Бироқ 18 март куни тарбияланувчимизнинг ота-онаси келиб, эътироз билдирди. Уларнинг айтишича, тарбиячи болаларини игна билан қўрқитиб, ухлатган экан. Бола ёлғон гапирмайди, аммо ходимларимиз ҳам бунақа қилишига ишонмадим. Ҳар бир хонада камера борлиги ва асл ҳолат унинг хотирасида сақланиб қолишини тушунтирдим. Шундан кейин камера ёзувларини кўздан кечирдик ва шу ҳолатга гувоҳ бўлдик. Воқеа 16 март куни содир бўлган экан. Ўша заҳоти ички ишлар ходимларини чақирдик ва вазиятни яшириб ўтирмасликка қарор қилдим. Тарбиячи ўша куни қўлида игна эмас, тиш тозалагич бўлганини айтди», дейди Феруза Юсупова.

Саодат Баҳромова ҳам уч набирасини «GOLDEN KIDS» хусусий болалар боғчасига берганини айтди. Бир набираси айнан шу тарбиячининг қўлида тарбияланаётган экан. Боғчадаги ҳолат видеоси тарқалгач, ҳамма ота-оналар хавотир олгани, бироқ ўзининг тарбиячига ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилди.

Боғча мудираси ушбу воқеадан кейин муассасанинг барча хоналарига кузатув камералари ўрнатилаётгани ва тарбияланувчиларнинг ҳар қандай хатти-ҳаракати назорат остида бўлишини таъкидлади.

Kun.uz ҳолат бўйича Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизматидан қўшимча маълумот олди.

ИИБга кўра, тарбиячи дастлабки сўроқдаёқ қўлида игна эмас, тиш тозалагич бўлганини айтган. Ҳозирги вақтда тарбиячига қарши ота-оналар томонидан яна олтита ариза келиб тушган.

Тарбиячининг қўлида аслида қандай жисм бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Вилоят ИИБ ахборот хизмати болаларнинг олган жароҳати экспертиза қилиниб, асл ҳолат аниқлангандан сўнг, қўшимча маълумот берилишини билдирди.

Kun.uz’га келиб тушган яна бир видео айни ушбу муассасадан экани айтилди. Унда тарбиячи тарбияланувчини орқа тарафидан тепиб, қўпол тарзда турткилагани кўринади.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а», «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш вояга етмаган шахсга ва ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид