Жаҳон | 14:35 / 22.03.2022
5998
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Украинада уруш бошланганидан буён тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони мингга яқинлашди

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан анча кўп бўлиши мумкинлигини қайд этган.

Фото: Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Украинада уруш бошланганидан буён тинч аҳоли вакилларидан камида 925 киши ҳалок бўлган ва яна 1496 нафар одам турли даражада тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси хабар берди. 

Қурбонларнинг —183 нафари эркак, 137 нафари аёл, 11 нафари қизлар ва 25 нафари болалар. Шунингдек, 39 нафар бола ва 530 нафар жинси ҳали аниқлаштирилмаган катталар.

Луганск ва Донецк областлари ҳудудида 256 киши ҳалок бўлган, шундан 55 нафари — ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ва тан олинмаган «ЛХР» ва «ДХР» ҳудудида. 

Украинанинг бошқа ҳудудлари — Киев, Черкасс, Чернигов, Харьков, Херсон, Николаев, Одесса, Суми, шунингдек Запорожье, Днепропетровск ва Житомир областларида — уруш бошидан буён тинч аҳоли вакилларидан 669 кишининг ўлими қайд этилган. 

БМТ маълумотларига кўра, 1496 нафар яраланганларнинг 163 нафари эркак, 124 нафари аёл, 22 нафари қиз ва 17 нафари йигит, 60 нафари бола ва 1110 нафар ярадорнинг жинси ва ёши ҳали аниқлаштирилмаган.

Ташкилот қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан кўп бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Бошқармадагилар қурбонларнинг аксари таъсир доираси катта бўлган снарядлар келиб тушиши туфайли ҳалок бўлганини қайд этган — турар жой бинолари оғир артиллериядан ўққа тутилиши, шунингдек ракета зарбалари ва авиация зарбалари оқибатида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид