Ўзбекистон | 12:01 / 23.03.2022
6193
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда ноқонуний равишда олиб ўтилаётган XI–XIII асрларга оид маданий бойликлар тўхтатиб қолинди

Тегишли ташкилотларнинг хулосасига кўра жами 21 дона тарихий буюмларнинг умумий қиймати 210 миллион сўмни ташкил этади.

Фото: Сирдарё вилояти божхона бошқармаси

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, “Сирдарё” чегара божхона пости ходимлари томонидан ушбу пост орқали ҳаракатланаётган “Volvo” русумли юк машинаси ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтказилган.

Текшириш жараёнида машинада И.Р.га тегишли ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 21 дона бронзага ўхшаш қаттиқ жисмдан турли шаклларда ўйиб ясалган тарихий буюм борлиги аниқланган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази томонидан экспертизага тақдим қилинган 21 дона буюмда бир хил орнамент (нақш) ва ўймакорлик шакллари борлиги, тош бўлакчаларнинг бир хил вазнга эгалиги, уларнинг XI–XIII асрларга оид ноёб топилмалар ҳисобланиши ҳамда Ўрта Осиё метрологияси учун муҳим тарихий манба экани тўғрисида маълумот берилган.

Фото: Сирдарё вилояти божхона бошқармаси

Шунингдек, Туризм ва Маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос Агентлиги хулосасида ушбу 21 дона буюм амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, тарихий қийматдаги бойликлар экани ва умумий қиймати 210 миллион сўмни ташкил этиши ҳамда уларни Ўзбекистондан олиб чиқиш тақиқлангани маълум бўлган.

Қайд этилишича, юқорида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид