Ўзбекистон | 08:00 / 24.03.2022
2304
3 дақиқада ўқилади

2021 йилда Хоразмда йўлдаги «авария»лар оқибатида 82 нафар инсон нобуд бўлди

Хоразм вилоятида 2021 йилда 342 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, оқибатда 82 нафар инсон вафот этган, 263 нафари турли даражада тан жароҳати олган.

Фото: Хоразм вилояти ИИБ

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Шавкат Байхуразов «Хавфсиз ва равон йўл» тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш юзасидан Халқ депутатлари вилоят кенгашида ҳисобот берди.

Қайд қилинишича, 2021 йилда вилоят ҳудудида 342 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, уларда 82 нафар инсон вафот этган, 263 нафари турли даражада тан жароҳати олган.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 54,4 фоизи (186 таси) тезликни ошириш, 12,3 фоизи (42 таси) қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, 5,3 фоизи (18 таси) йўл белгиларига амал қилмаслик ҳамда 28 фоизи (96 таси) бошқа сабабларга кўра юзага келган. 

Ушбу йўл-транспорт ҳодисаларининг 33 таси (9,6 фоизи) куннинг қоронғи вақтида, ёритиш мосламалари бўлмаган жойларда содир этилган.

2021 йил мобайнида йўлларда 212 724 та қоидабузарлик аниқланган. Уларнинг 33,9 фоизи (72 005 таси) қўпол қоидабузарликни, 1,4 фоизи (2 934 таси) маст ҳолатда транспорт воситаларини бошқариш ҳолатларини, 4,0 фоизи (8 591 таси) пиёдалар қоидабузарликларини ва 0,3 фоизи (726 таси) велосипедни маст ҳолда бошқариш ҳамда 60,4 фоизи (128 468 таси) бошқа ҳолатларни ташкил этади.

Вилоят ҳудудида «Хавфсиз ва равон йўл» тамойили асосида, йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўл ҳаракати қоидабузарликларининг олдини олиш ва инсон хавфсизлигини таъминлаш борасида тегишли ишлар амалга оширилган. Жумладан, 1478 дона янги йўл белгилари ўрнатилган, 35 та жойга янги светофор ўрнатилган, 359 та пиёдалар ўтиш жойи қайта тикланган, 235 таси янгидан ташкил этилган, 120 километрдан ортиқ кўча ва йўлларга 2 400 дан ортиқ ёритиш чироқлари ўрнатилган. Шунингдек, автомобиль йўлларининг қатнов қисми яқинида жойлашган мактаблар олдига 58 та «ўқувчи-пиёда» макети ўрнатилган.

Ҳисобот юзасидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди:

  • 4293 та йўл белгиларини янгидан ўрнатиш;
  • 516 та йўл кўрсаткичларни ўрнатиш;
  • 77 та светофор ўрнатиш;
  • 4 954 та ёритувчи мослама ўрнатиш;
  • 14 380 та қарама-қарши ҳаракат йўналишларини ажратиб турувчи бетон тўсиқлар ўрнатиш;
  • 163 км узунликдаги йўлларни кенгайтириш;
  • 151 км узунликдаги йўлларнинг тоифасини ўзгартириш;
  • Тупроққалъа тумани ҳудудидан ўтган А-380 автомобиль йўлининг 443,4 ва 482,9 км қисмида қайрилиб олиш жойларини ер остига ёки ер устига ўтказиш;
  • шаҳар ва туман марказидаги кўчаларда ер усти пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш.
  • тезлик режими бузилишини қайд этувчи 45 та радар мосламасини тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилишини таъминлаш.

Мавзуга оид