Ўзбекистон | 13:01 / 24.03.2022
708
1 дақиқада ўқилади

Самарқанд аэропортида яширинча хорижга олиб чиқилаётган қадимий ҳайкалча тўхтатиб қолинди

Мазкур ҳайкалча Самарқанд аэропортидаги чегара божхона пости ходимлари томонидан аниқланган.

Фото: Kun.uz

Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, Самарқанд-Москва йўналишида учиб кетмоқчи бўлган фуқаро И.Х. яшил йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида, унга тегишли багаж сумкасидан қадимий ашё топилган.

Дастлабки суриштирувда фуқаронинг сумкасидаги буюм Ўзбекистондан олиб чиқиш учун махсус рухсатнома талаб этиладиган қадимий ҳайкалча экани аниқланган.

Вилоят маданий мерос бошқармаси ҳайкалча ХIХ асрнинг иккинчи ярми ХХ аср биринчи ярмида яратилгани ва у маданий бойликлар сирасига кириши ҳақида хулоса берган.

Қайд этилишича, ҳайкалчани Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетиши олди олиниб, ўрнатилган тартибда Самарқанд давлат музей-қўриқхонасига топширилган.

Аввалроқ Сирдарё вилоятида ноқонуний равишда олиб ўтилаётган XI–XIII асрларга оид маданий бойликлар тўхтатиб қолинганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид