Ўзбекистон | 07:51 / 26.03.2022
8513
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда қурилишдаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида 84 нафар ишчи ҳалок бўлган

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Қурилиш соҳасидаги ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада кучайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳани қабул қилиш зарурати қатор омиллар билан асосланган. Февраль ойида Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли конвенцияси ратификация қилинди. 

Конвенция ратификация қилиниши муносабати билан қурилиш соҳасидаги меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига оид қонунчилик ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни конвенция талабидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш зарур.

Билдирилишича, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида иш берувчилар томонидан, айниқса қурилиш соҳасида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига эътиборсизлик ҳолатлари ва қурилиш майдончаларда ходимларга хавфсиз шароитлар яратилмагани кузатилмоқда.

Қайд этилишича, 2021 йил давомида республикада содир бўлган ва қайд этилган 574 та бахтсиз ҳодисаларнинг 168 таси, яъни 29 фоизи қурилиш соҳасида содир бўлган бахтсиз ҳодисалардир. Бахтсиз ҳодисалар оқибатида 199 нафар ходим ҳалок бўлган, шунинг 84 нафари (42 фоизи) қурилиш соҳасида меҳнат қилган ишчилар. Бундан ташқари, ушбу соҳада содир бўлган бахтсиз ҳодисалар оқибатида 113 нафари оғир тан жароҳати олган.

Шунингдек, қурилиш майдонларида қурилиш ишларига жалб қилинган ходимларнинг қурилиш соҳасига оид билим, малакаси етарли бўлмагани, аксарият ишчилар норасмий ҳолда ишлаб келаётгани амалга оширилган ишларнинг сифати паст бўлаётганига сабаб сифатида келтирилган.

Мавзуга оид