Инсон тақдири билан ҳисоблашилмаганда — ИИВ ва Олий суд бир вазиятдаги икки ходимга турлича “мурувват” кўрсатяпти
Китоб тумани ИИБ собиқ терговчиси, лейтенант Жамшид Обидов бўлим бошлиғи билан бирга айбланган ва кейинчалик иккиси ҳам оқланган. Буни қарангки, бошлиқ аллақачон ишга тикланган, Обидов ураётган бирорта эшик эса очилмаяпти.
Ушбу мавзуга бир муддат аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ҳам эътибор қаратган. У Косон туманида ўтказган учрашувида Обидовнинг иши билан танишлигини маълум қилиб, Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасига эътирозларини билдирган.
Ўша учрашувда «Вилоят ички ишлар бошқармасига суднинг қарори ҳам бир тийин экан деган гапни мандан эшитасизлар, телевизорда гапираман, бу ерда тартиб йўқ Қашқадарёда дейман. Мани биласизлар қандай гапиришимни. Ўзининг ходимини йўқ қиляпти булар дейман. Судлашиб юрибди, ҳимоя қилиш ўрнига дейман. Суд ишида бунинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш керак эмасми? Ким ҳимоя қилади буни?» – деган Акмал Саидов.
Жамшид Обидов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўша учрашувни эсларкан, Акмал Саидовнинг аралашуви сабаб адолат тикланишига катта умид боғлаганини яширмади. Аммо ўша чиқишдан кейин ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.
Обидов қандай вазиятда хизматдан бўшатилганди?
Китоб тумани ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи, майор Асатилло Саидов ва терговчи Жамшид Обидов ўзаро тил бириктириб, 1998 йилда пора олганликда айбланади. Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан 1999 йил 3 август куни улар жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб қилинади. Ўша йилнинг 5 август куни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарилади. Ўз навбатида улар 1999 йил 2 августдан буён хизмат интизомини бузиб (айнан ўша куни улар Сурхондарё вилоят прокуратурасига тергов учун чақиртирилган бўлади), ишга чиқмаётганлиги учун ИИБ хизмати сафидан бўшатилади. Обидовнинг айтишича, улар Сурхондарё вилояти прокуратурасига боргач, қамоққа олинишидан хабар топади ва иккиси ҳам яширинади. Таъқибда бўлгани учун хизматини давом эттира олмайди.
Асатилло Саидов 2004 йил 21 январ куни Навоий вилоят суди томонидан оқланиб, 2005 йил Қашқадарё вилояти ИИБ буйруғи билан ишга тикланади. Бошқарманинг 1999 йил 14 августдаги буйруғини бекор қилиниб, бор махсус унвони билан ички ишлар идораларига тикланади.
Бироқ ушбу жараёнлар Жамшид Обидовга келганда, осонликча ҳал бўлмайди. Обидов Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йилдаги ажрими билан оқланиб, айбсиз деб топилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди 2019 йил 2 декабрда Қашқадарё вилоят ИИБнинг 1999 йил 14 августдаги буйруғи ғайриқонуний деб топиш ва Жамшид Обидовни ички ишлар органлари хизматига тиклаш ҳал қилув қарори чиқаради.
Худди мана шу ўринда Акмал Саидов дастлаб эътироз қилган вазият юзага келади. Яъни, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси собиқ ходимни ишга тиклаш ўрнига, у билан судлашишни лозим топади. Қашқадарё вилоят суди вилоят ИИБнинг апелляция шикоятини рад қилиб, ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси кучида қолдиради.
Шундан сўнг Обидовни ишга тикламаслик важи билан Қашқадарё вилояти ИИБ Олий судга мурожаат қилади.
ИИБ ва Олий суд – қайси бири хато қиляпти?
ИИБ Олий судга мурожаат қилгач, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 2 июндаги ажрими билан қуйи суд органларининг қарорлари бекор қилинади. Жамшид Обидовнинг ички ишлар органлари хизматига тиклаш ҳақидаги даъво аризаси рад этилади.
Содда қилиб айтганда, Олий суд ҳам, ИИБ ҳам Обидовнинг ишга тикланмаслигига асос сифатида Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан 1999 йил 14 августдаги 35-сонли буйруғини кўрсатмоқда. Ушбу буйруқда собиқ ходим “Ички ишлар идораларида хизмат ўташ тўғрисидаги муваққат Низом”нинг 69-моддаси, яъни ички ишлар идоралари ходими номига номуносиб хатти-ҳаракат содир этгани учун ишга тикланмаётгани кўзда тутилган.
Буни қарангки, тергов бўлими бошлиғи, лавозим жиҳатдан Обидовнинг раҳбари бўлган майор Асатилло Саидов ҳам вилоят ИИБнинг айнан юқорида тилга олинган қарори билан ишдан бўшатилган, судда оқланган ва ишга тикланганди. Обидов ҳам худди шу хулоса, шу буйруқ билан ишдан бўшатиляпти, аммо негадир ишга тикланмаяпти.
Жиноят-процессуал кодексининг 310-моддасида реабилитация этилган шахснинг меҳнат қилиш, нафақа олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа ҳуқуқлари ҳам тикланиши лозим, деб кўрсатилган. Шунингдек, “Реабилитация этилган ҳарбий хизматчиларнинг хизматга оид, пенсия олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини тиклаш ва уларга етказилган мулкий зиённи қоплаш, маънавий зиён оқибатларини бартараф этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда ҳам “Реабилитация этилган ҳарбий хизматчи илгари хизмат қилган жойига (лавозимига) тикланиши лозим”лиги қайд этилган.
Аммо негадир навбат Жамшид Обидовга келганида, Қашқадарё вилоят ИИБ масъуллари ва Олий суд кўзини кўр, қулоқларини кар қилиб олаётгандек. Ҳар нима бўлганда ҳам ҳар соҳада адолат бўлгани яхши, албатта.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
19:20 / 21.10.2024
Тошкентда судялар учун Германия ва Словения ташкилотлари ҳамкорлигида семинар-тренинг бошланди
14:44 / 21.09.2024
Сенатда Олий суд раисига ўринбосарлар сайланди
18:36 / 18.09.2024
“Ҳаммадан бир хил ундирилади” - Китобда ёшлар етакчиларининг маоши пахта терими учун ушлаб қолинмоқда
21:57 / 23.07.2024