Қорабоғда яна кескинлик: Озарбойжон яна бир тепаликни эгаллади
Қорабоғ можаросида янги кескинлик юзага келган. Можаро ҳудудидаги тепалик ва аҳоли пункти озарбойжонлик ҳарбийлар томонидан эгалланган. Тан олинмаган республика ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Озарбойжон Россия тинчликпарвар кучлари назоратидаги бу ҳудуддан қўшинларини олиб чиқиш ҳақидаги чақириқни рад этган ва бу ер ўз ҳудуди эканини маълум қилган.

Фото: ANADOLU AGENCY
2020 йил кузидаги урушдан кейин можаро ҳудудида ўзаро отишмалар давом этган ва томонлар бунда бир-бирини айблаб келган.
Бу сафар Озарбойжон томони, Арманистон ТИВ маълумотига кўра россиялик тинчликпарвар кучлар масъул бўлган тепалик ва қишлоқни эгаллашган. Россия тинчликпарвар кучлари 44 кунлик урушдан кейин Қорабоғга киритилганди. Россиялик тинчликпарвар кучлар Озарбойжон ва Арманистон ҳарбийлари позициялари ўртасида жойлашган.
Арманистон томони маълумотига кўра, тўқнашув пайшанба куни бошланган, ўшанда озарбойжонлик ҳарбийлар Фарух қишлоғига киришган. Бундан ташқари, арманлар Храморт қишлоғи (Озарбойжон бу қишлоқн Пирлар деб атайди) аҳолисини эвакуация қилган.
Жума куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикиси ҳукумати Озарбойжон тунда туркларнинг «Байрактар» дронларини қўллаганини маълум қилди. Арманистон ТИВ россиялик тинчликпарвар кучлар «Озарбойжон қуролли кучлари бўлинмалари Россия тинчликпарвар контингенти қўриқлаётган ҳудуддан зудлик билан олиб кетилишини таъминлаш чораларини кўриши»ни кутишини билдирди.
Озарбойжон ТИВ ҳеч қандай эскалация йўқлиги ва Арманистон «халқаро ҳамжамиятни чалғитишга уринаётгани»ни маълум қилди. Вазирлик озарбойжонлик ҳарбийлар шунчаки позициялар жойлашувига аниқлик киритгани ва «жазавага тушишга сабаб йўқлиги»ни билдирди.
Арманистон томони икки томондан ҳам ҳарбийлар орасида бир неча қурбонлар ва яраланганлар борлиги ҳақида маълум қилган. Озарбойжон мудофаа вазирлиги ҳеч қандай қуролли тўқнашув бўлмагани ва қурбонлар йўқлигини билдирган.
Тинчликпарвар кучлар кўз ўнгида
Озарбойжон ва Арманистон нашрларида озарбойжонлик ҳарбийлар тинчликпарвар кучлар кўз ўнгида стратегик аҳамиятга эга тепаликлардан бирига йўл очаётгани акс этган видео тарқалди. Бу маълумот томонларнинг ҳеч бири томонидан расман тасдиқланмаган.
Қорабоғлик политолог Тигран Григорян твиттердаги саҳифасида Фарух қишлоғида рўй бераётган воқеалар бўйича фикрларини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, бир неча кун муқаддам россиялик тинчликпарвар кучлар арманистонлик ва озарбойжонлик ҳарбийлардан ушбу қишлоқ атрофидаги позицияларидан кетишни талаб қилган, аммо кейин озарбойжонлик ҳарбийлар шунчаки «россиялик ҳарбийларнинг бирор қаршилигига учрамай» қишлоққа киришган.
Қорабоғ газсиз қолган
Эскалациянинг янги босқичи 8 март куни бошланганди, ўшанда Тоғли Қорабоғнинг арманистонликлар назоратидаги ҳудудларини газ билан таъминловчи қувурда портлаш рўй берганди. Натижада минглаб кишилар иссиқлик таъминотисиз қолганди.
Портлаш газ қувурининг озарбойжонликлар назоратидаги ҳудуддан ўтган участкасида содир бўлган. Арманистон бу ҳодисада Озарбойжонни айблаган, озарлар эса буни рад этиб, муаммони техник носозлик ва ноқулай об-ҳаво шароити билан изоҳлаганди.
Худди шу куни арман нашрлари Храморт қишлоғи озарбойжонликларнинг позицияларидан туриб ўққа тутилгани ҳақида ёзишди.
Кейин, арман томони озарбойжонликлар газ қувурини тузатишгани ва у ерга вентиль (жўмрак) ўрнатишгани, шу орқали 22 март куни яна газни ўчиришгани ҳақида хабар берди.
Евроиттифоқ маҳаллий аҳолини «ёмон об-ҳаво шароитида» газ билан таъминлашни тиклашга чақирди. АҚШ давлат департаменти икки томон ҳам деэскалация учун мулоқот каналларидан фойдаланиши кераклигини маълум қилди.
Фавқулодда ҳолат ва РФ чақириғи
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбарияти ҳарбий ҳолат эълон қилди.
«26 март куни Араик Арутюнян республика ҳудудида эълон қилинган ҳарбий ҳолат шароитида ҳуқуқ ва эркинликларнинг вақтинчалик чекланиши тўғрисидаги фармонни имзолади», дейилади Тоғли Қорабоғ республикаси ахборот маркази хабарида.
Фармонга мувофиқ, йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи чекланади, иш ташлашлар ва ташкилотлар фаолияти тўхташига олиб келувчи бошқа тадбирлар тақиқланади.
Бундан ташқари, «Республика мудофаа салоҳияти ва хавфсизлигига қарши қаратилган тарғибот билан шуғулланаётган ташкилотлар фаолияти тўхтатилади».
Ҳудуд раҳбарияти Россия президенти Владимир Путинга мурожаат йўллаб, ҳудуддаги россиялик тинчликпарвар кучлар сонини оширишни сўраган.
26 март куни Россия Мудофаа вазирлиги Озарбойжон қуролли кучлари Тоғли Қорабоғдаги тинчликпарвар миссияси назоратидаги ҳудудга кириб, тан олинмаган республика армияси бўлинмаларига ҳужум уюштирганини маълум қилди.
Россия мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Россия Озарбойжонга қўшинни ҳудудда олиб чиқишни сўраб мурожаат юборган.
Озарбойжон Россия чақириғини рад этди
Озарбойжон Мудофаа вазирлиги 2020 йил ноябрьида Россия воситачилигида имзоланган Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув шартларини бузганини рад этди.
«Мудофаа вазирлиги Озарбойжон 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама баёнотга содиқлиги ва унинг қоидаларини бузмаганини маълум қилади», дейилади вазирлик баёнотида.
Шу тариқа Озарбойжон Мудофаа вазирлиги ўз қўшинларини тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасидан олиб чиқиш ҳақидаги чақириққа жавоб қайтарган.
Бокудагилар вазият «Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлаштирилган Озарбойжон ҳудуди»да кескинлашганини айтишмоқда. Озарбойжон Мудофаа вазирлиги Россиядан «Тоғли Қорабоғ» иборасини ишлатмасликни ва Озарбойжон ҳудудлари номини тўғри кўрсатишни сўраган.
Озарбойжон Россияни «уч томонлама баёнот қоидаларига мувофиқ, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Озарбойжон ҳудудларидан Арманистон армиясининг қолган қисмлари ва ноқонуний арман қуролли тузилмалари тўлиқ олиб чиқилишини таъминлаш»га чақирди.
Мавзуга оид

21:04 / 02.05.2025
Қорабоғ ҳақида кутилмаган баёнот. Эрон ўз ўқидан чиқиб кетдими?

13:16 / 26.04.2025
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефонда суҳбатлашди

21:45 / 22.04.2025
Арманистон парламентида депутатлар жанжаллашиб кетди

07:43 / 21.04.2025