Ўзбекистон | 17:51 / 29.03.2022
8299
2 дақиқада ўқилади

Имтиҳонда қўлга тушган абитуриентлар кириш имтиҳонларидан 5-7 йилгача четлаштирилиши мумкин

ДТМ Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда тақиқланган воситалардан фойдаланган абитуриентлар учун қонуний чоралар кўриш йўллари устида ишламоқда.

Бу ҳақда бугун, 29 март куни Давлат тест маркази мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берилди.

“Одатда, кириш имтиҳонларида тартибни бузган, тақиқланган воситалардан фойдаланган абитуриентлар имтиҳондан четлаштирилади. Агар бундай хатолик назоратчилар томонидан қилинса, улар ҳам четлаштирилади. ДТМда қоида бузган назоратчиларнинг рўйхати бор. Ҳар йили имтиҳонда назоратчи бўлиш учун ўқитувчилар рўйхати сўралади. Агар улар олдинги йилларда қоида бузган бўлса, бундай шахс назоратчиликка қўйилмайди.  

Лекин қоида бузган абитуриентларга ҳеч қандай чора кўра олмаймиз. Ҳозирги кундаги қонунчилик ҳужжатларида бу белгиланмаган”, деди ДТМ директори Мажид Каримов.

Қайд этилишича, абитуриентлар имтиҳонга киритишда бармоқ изи, face-контрол орқали текширилади ва шу орқали улар қаттиқ назоратга олинади.

“Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан абитуриентларнинг имтиҳонда қатнашишини чеклаш масаласи кўриляпти. Бу борада халқаро тажриба ҳам ўрганилган. Тартибни бузган абитуриентлар 5-7 йилгача умуман қабул имтиҳонида иштирок этмаслиги, агар ОТМда ўқиса, талабаликдан четлаштириш масаласини норматив-ҳуқуқий жиҳатдан қонунийлаштириш йўлларини кўриб чиқяпмиз”, дея маълумот берди Мажид Каримов.

Марказ бош бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзаевнинг қўшимча қилишича, ҳозир сайёр қабулларда абитуриентлар билан учрашувларда имтиҳонга турли тақиқланган воситаларни олиб кириш уларнинг бир йиллик меҳнатини йўққа чиқариши ҳақида тушунтиришлар олиб борилади, роликларда ҳам бу масалага тўхталиб ўтилади. 

Мавзуга оид