Ўзбекистон | 18:59 / 29.03.2022
22579
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда узоқ давом этган ёғингарчилик: Дунёда йиллаб тўхтамаган ёмғирлар бўлган

Март ойидаги ёмғирлар шу ойда Тошкентда охирги 50 йиллик рекордни янгилади. Танаффус билан қарийб 1 ой давом этган ёғингарчилик Ўзбекистонда кам кузатиладиган ҳолат. Дунё тарихида бундан узоқроқ, йиллаб давом этган ёмғирлар бўлган.

Март ойининг ўтган даври учун Тошкент шаҳрида ёғингарчилик 186 мм бўлди, бу – март ойининг аввалги  – 1969 йил рекордини янгилади.

Ўзгидрометеорология хизмати марказининг маълум қилишича, март ойида ёмғирларнинг давомийлиги ҳам аномал бўлган.

Бахт шаҳарчасидаги ёғингарчилик, Сирдарё
Бахт шаҳарчасидаги ёғингарчилик, Сирдарё

5 мартдан 18 мартгача деярли ҳар куни ёмғир ёғиб, сўнг бироз танаффус кузатилган. Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларининг айрим туманларида март ойидаги ёғингарчилик бутун метеорологик кузатувлар туркуми бўйича рекорд даражада бўлган.

Қўрғонтепа туманидаги ёғингарчилик, Андижон

Ўзбекистондаги март ёмғирлари узоқ давом этди, дунё тарихида эса йиллаб кузатилган ёмғирлар ҳам бўлган. Рекорд даражада узоқ давом этган ёмғирлардан бири 1939-40 йилларда Тинч океанидаги Ҳаваи ороллар занжиридаги Оаҳу оролида юз берган. Оролдаги Маунавили деб аталадиган, асосан географик тадқиқот ва статистикалар тўпланадиган бу ҳудудда ёмғир 331 кун давом этган. Орол АҚШ таркибида ва аҳолиси 2 минг атрофида.

Оаҳу оролидаги узоқ давом этган ёмғирлар

 Ҳудуд океанда бўлгани учун Ҳаваи учун узоқ давом этадиган ёмғирлар табиий ҳол саналади. Масалан, 1993-94 йилларда Ҳаваидаги Оаҳу ва Биг оролларида ёмғир 200-247 кунлаб давом этган ҳолатлар ҳам бўлган.

Ер юзининг энг серёмғир ҳудуди деб тан олинган жой Ҳиндистоннинг Мегҳалая вилоятидаги Черрапунжи шаҳарчаси саналади. 12 мингга яқин аҳоли яшайдиган бу жой ёғингарчилик бўйича 2 марта рекорд ўрнатган. Ҳудудда 1960-1961 йилларда давомий ёмғирлар ёғган.

Мегҳалая вилояти / Фото: toiimg

1960 йилнинг 1 августида бошланган ёмғир 1961 йилнинг 31 июлида тўхтаган ва 40768 миллиметрни ташкил қилган. Бу – Гиннес рекордлар китобидан ҳам ўрин олган.

 Мегҳалая вилояти / Фото: content

Узоқ ва давомий ёғган ёмғирлардан бири Ҳинд океанида жойлашган, Францияга қарайдиган Реюнион оролида бўлган. 1980 йилнинг 14-28 январ оралиғида ёғган ёмғир 6433 миллиметрни ташкил қилган. 2 ҳафталик ёмғир Ҳаваи ва Черрапунжидагидек узун эмас, бироқ анча хавфли бўлган.

Реюнион оролида ёмғир / Фото: twnmm.com

Тўхтовсиз ёғган ёмғирлар бўронга айланиб кетган. Юзлаб кўчкилар юзага келиб, йўлларинг ярмини сув ювиб кетган. Экинларнинг асосий қисми нобуд бўлган. 2 мингга яқин уй вайрон бўлиб, қурбонлар 25 нафарга етган.

АҚШнинг Техас штатидаги Элвин шаҳри ҳам 24 соат тинимсиз ёғган ёмғирлар гувоҳи бўлган. Элвинда 1979 йил 25-26 июлда 1000 миллиметрдан ортиқ ёғин ёғган. Бу миқдор ҳозиргача АҚШ тарихида 1 суткада энг кўп ёмғир ёғган кун сифатида рекорд ҳисобланади.

Элвин, Техас/1979

1977 йил 1 августда Монголияда ҳам йирик миқдорда ёғингарчилик юз берган. Мудуоcаиданг шаҳрида 10 соат тинимсиз ёмғир ёғган. Бунда ёмғирнинг давомийлигидан ташқари, сатҳи ҳам баланд – 1400 миллиметр бўлган.

Мавзуга оид