Жаҳон | 12:26 / 29.03.2022
30218
9 дақиқада ўқилади

Постсовет давлатларнинг кўпчиликка таниш бўлмаган илк раҳбарлари ҳақида

2022 йил 28 март куни Озарбойжоннинг биринчи президенти Аёз Муталибов 84 ёшида оламдан ўтди. Бу хабарнинг ўзига хос жиҳати шунда эдики, жуда кўпчилик Озарбойжон президенти деганда фақат ота-бола Алиевларни тушунар, улардан олдин кимдир президент бўлгани ҳақида тасаввурга эга эмасди.

Аёз Муталибов. 1992 й. Фото: РИА Новости/ Юрий Абрамочкин

Аёз Муталибов даври тартибсизликлар, қон тўкилиши билан кечган ва унинг ўзи мамлакатни ташлаб қочишга мажбур бўлганди. Умуман, постсовет давлатларда бир муддат ҳокимият тепасида бўлган, аммо янги тарихда из қолдира олмаган бошқа президентлар ҳам бор.

Тожикистон

Қўшни давлат раҳбари деганда ҳамманинг кўз ўнгига “Миллат пешвоси” (бу Имомали Раҳмоннинг расмий мақомларидан бири) келади. Аммо “Тинчлик ва миллий бирдамлик асосчиси” (бу ҳам) Тожикистоннинг биринчи эмас, учинчи (айрим ҳисоб-китобларга кўра бешинчи) президенти ҳисобланади.

Тожикистоннинг биринчи президенти Қаҳҳор Маҳкамов бўлган. Аммо бу лавозим ҳали рамзий бўлиб, амалда ҳали иттифоқ тарқалмаган, шунчаки бош котиб номи барча республикаларда ўзгараётганди. Компартиянинг собиқ раҳбари бўлган Қаҳҳор Маҳкамов 1990 йилнинг 30 ноябридан 1991 йил 31 августигача президентлик қилган.

Имомали Раҳмон ва Қаҳҳор Маҳкамов

Ундан кейин 23 кун давомида Қадриддин Аслонов президентлик вазифасини бажарувчи бўлган. Кейин Раҳмон Набиев 13 кун президентлик қилган, ундан сўнг Акбаршо Искандаров 55 кун президентлик в.б...

Кейин Раҳмон Набиев лавозимга қайтган ва 7 ой давлатни ҳаминқадар бошқарган. Талатўплар, фуқаролик урушлари билан кечган бу даврда президент сирли равишда вафот этган ва шу билан маълум муддат президентлик лавозими ҳам тугатилган.

Давлат 1992 йил 20 ноябридан 1994 йил 16 ноябрига қадар Олий совет раиси томонидан бошқарилган ва бу лавозимда Имомали Раҳмонов ишлаган. Кейинчалик президентлик лавозими қайта тикланади ва янги тарих ҳаммага маълум.

Қирғизистон

Аскар Акаев. russianlook.com

Аскар Акаевни ўзбекистонликлар яхши билишади. Ўзи олим бўлган президент мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган ва айни пайтда Москвада яшайди. Умуман, бу қўшнилар президент алмашинуви бўйича “рекордчи” ҳисобланишади ва шу пайтгача 8 киши (сўнгги 17 йилда 7 киши) давлатни бошқаришга улгурди. Аскар Акаев, Курманбек Бакиев, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбаев, Сооронбай Жээнбеков, Садир Жапаровни кўпчилик танийди.

Аммо булар билан бирга Ишенбай Қадирбеков, Талант Мамитов каби сиёсий арбоблар ҳам қисқа муддатдан президентлик вазифасини бажаришган.

Қозоғистон

Бу давлат президентлар бўйича “бой тарих”га эга эмас. Нурсултон Назарбоев 1990 йилдан 2019 йилга қадар Қозоғистонни узлуксиз бошқариб келди ва ўз ихтиёри билан истеъфо берди. Қатор мақомларни сақлаб қолганидан сўнг сафдоши Қосим-Жўмарт Тўқаевга ишонч билдирди ва ўзи фахрий лавозимларда турли тадбирларда қатнашиб юрди. Аммо Қозоғистонда кечган сўнгги тартибсизликларда Элбоши ва унинг яқинлари асосий нишонга айланишди. Уларнинг шу пайтгача дахлсиз ҳисобланган мақоми ҳамда обрўйига жиддий путур етди.

Туркманистон

Бу давлатда шу кунларда учинчи президент иш бошлади. Бири вафот этди, иккинчиси “ёшларга имкон бериш зарурлиги”ни таъкидлаб, янги сайловлар ўтказишни таклиф қилди.

Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурат Ниёзов собиқ иттифоқ тарқалгунча ҳам республикани бошқариб келаётган эди. Шунингдек, у мустақилликка ҳам бошқалар каби шошилмаган. 1991 йилнинг 27 октябри Туркманистон мустақиллиги куни ва Ниёзовнинг расман президентликка киришгани билан тарихда қолган.

1999 йилдан умрбод президентлик мақомини эгаллаган туркманбоши ҳақиқатан ҳам умрининг охирига қадар – 2006 йилнинг 21 декабрига қадар ҳокимият тепасида бўлди. Ундан кейин ҳаммамиз биладиган Гурбангули Бердимуҳаммедов Арқадағ мақомида 15 йил давлатни бошқарган бўлса, айни пайтда бу лавозимни унинг ўғли Сердар Бердимуҳаммедов эгаллаган.

Беларусь

Бу давлат тарихида биринчи ва ягона президент бор холос – Александр Лукашенко. У 28 йилдан бери Беларусни узлуксиз бошқариб келмоқда. Гап шундаки, 1994 йилга қадар бу республикада президентлик лавозими бўлмаган, Лукашенко ҳам мухолифат таркибида эди. Давлат Олий совет раиси томонидан бошқарилар, 1990-йиллар бошида бу лавозимда Станислав Шушкевич ишлаганди.

Станислав Шушкевич / Сергей Гунеев / РИА Новости

Шушкевич СССР парчаланганини расман англатувчи Беловеж келишувини имзолагани билан тарихда қолган. 1994 йил 23 июндаги биринчи тур сайловида 6 киши “тахт талашган”. Унда 44,82 фоиз овоз олган Лукашенко 10 июлдаги кейинги турда 80,34 фоизлик натижа кўрсатди. Қизиғи, Лукашенко ҳатто президентликка сайлангунига қадар ҳам “Городец” совхози директорлигидан бўшамаган. Яъни у расман совхоз директорлигидан давлат бошқарувига ўтган.

2001, 2006, 2010, 2015 ва 2020 йилларда ўтказилган кейинги бешта сайловда ҳам бу натижа айтарли ўзгармади. Норозиликлар кучайди, 2020 йилдагиси айниқса оғир кечди. Шунга қарамай Лукашенко жиловни сақлаб қола олди.

Украина

Леонид Кравчук, 1992 й. / Сергей Гунеев / РИА Новости

Бу давлат президентлик тарихи бўйича алоҳида эътиборга молик. Чунки сайловлар ҳамиша қизғин, муросасиз ва можаролар билан кечадиган Украина бугун бутун дунё диққат марказида. Шунингдек, давлат бошқарувига комик актёр келгани ҳам кўпчилик учун ғайритабиий туйилади.

Мустақил Украинани шу пайтгача 6 нафар президент бошқарган:

1. Леонид Кравчук (1991—1994, Беловеж келишувига имзо чеккани билан ёдда қолган);

2. Леонид Кучма (1994—2004);

3. Виктор Юшченко (2005—2010);

4. Виктор Янукович (2010—2014, президентликдан қочиб қутулган);

5. Пётр Порошенко (2014—2019);

6. Владимир Зеленский (2019 йилдан буён).

Молдова

Мирча Снегур. 1992 йил. Фото: РИА Новости/ Сергей Гунеев

Айни пайтда бу давлатни постсовет ҳудуддаги ягона ваколатли аёл президент – Майя Санду бошқариб келмоқда. Унга қадар 1990-2020 оралиғида Мирча Снегур, Пётр Лучинский, Владимир Воронин, Николай Тимофти, Игорь Додон каби президентлар давлатни бошқаришган.

Мирча Снегур 1990 йилда президентлик мақомини эгаллаган ва айнан унинг даврида мамлакат ўз мустақиллигини эълон қилди. У бу лавозимда 1997 йилга қадар фаолият юритди.

Грузия

Бу давлат айни пайтда парламентар бошқарувга ўтган ва Саломе Зурабишвили рамзий президент лавозимини эгаллаган бўлса-да, ўтмишда Грузия президентлиги жуда катта можаролар марказидаги ва ҳамиша омма эътиборида бўладиган лавозим эди. Айниқса 2004-2013 йиллардаги Михаил Саакашвили даври кенг кўламли ислоҳотлар ва катта ўзгаришлар билан эсга олинади. Кўпчилик Грузиянинг Саакашвилидан олдинги ва биринчи президенти сифатида Эдуард Шеварднадзени билади. Лекин Шеварднадзе 1995 йилдагина расман президент мақомини эгаллаган ва 2000 йилда қайта сайланиб, 2004 йилдаги “Атиргул инқилоби”дан кейин лавозимдан воз кечишга мажбур бўлган.

Звиад Гамсахурдия (1939-1993), она Тереза (1910-1997) ва грузин диссиденти, мусиқачи ва шоир Мераб Костава (1939-1989)
© photo: Sputnik

Грузиянинг биринчи президенти эса Звиад Гамсахурдия бўлиб, айнан унинг даврида Грузия мустақилликка эришади ва илк бор президентлик лавозими жорий этилади. Аммо 1992 йилда давлат тўнтариши амалга оширилади ва Гамсахурдия шубҳали тарзда вафот этади. Ўшанда ҳокимият тепасига Эдуард Шеварднадзе келган бўлса-да, у Республика Давлат Кенгаши раиси деган лавозимни эгаллайди, 1995 йилга қадар Грузияда президентлик лавозими вакант бўлиб қолади.

Арманистон

Левон Тер-Петросян. Фото: РИА Новости/ Мхитар Хачатрян

2018 йилга қадар Арманистон тўлақонли президент бошқарувида бўлган ва 3 киши давлат раҳбари сифатида фаолият юритган. Левон Тер-Петросян 1991-1998 йилларда, Роберт Кочарян 1998-2008 ва Серж Саргсян 2008-2018 оралиғида, яъни ҳар бири қатъий икки муддатдан президентлик қилишди.

2018 йилда бошқарув парламентар республикага ўзгарди, Саргсян ўзи бош вазир бўлиб олмоқчи бўлди, аммо инқилоб юз бериб, ҳокимиятга Никол Пашинян келди.

Саргсяндан кейин президент лавозимини эгаллаган Армен Саркисян эса 2022 йил февралида амалда мамлакат ички ва ташқи сиёсатига таъсир ўтказа олмаслигидан норози бўлиб, истеъфо берди. Унинг ўрнига ягона номзод – юқори технологиялар саноати вазири Ваагн Хачатурян президентликка киришди, яъни кураш ҳам бўлмади.

Латвия, Литва ва Эстония каби Болтиқбўйи давлатлари аллақачон европача сайловлар ва парламентар бошқарувга ўтишган. Энг йирик давлат бўлган Россиянинг бу борадаги тарихи эса алоҳида мавзу.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзуга оид