Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Озиқ-овқат хавфсизлиги, валюта курси ва макроиқтисодий барқарорлик. Украинадаги урушнинг Ўзбекистонга таъсири бўйича таҳлил ва прогнозлар
Таҳлилчиларга кўра, меҳнат муҳожирларининг 75-80 фоизга яқин пул ўтказмалари Россия ва Қозоғистондан амалга оширилади. Ушбу мамлакатларда миллий валюталар қадрсизланиши, ишсизлик кучайиши, хорижлик ишчиларга талаб кескин қисқариши ва иш ҳақлари пасайиши Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий таъсир қилиши мумкин.
Россия армияси Украинада жанговар ҳаракатлар бошлаганидан кейин жаҳоннинг кўплаб давлатларидаги озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид ошиб, таъминотнинг шусиз ҳам заиф бўлган глобал мувозанати бузилди.
EastFruit таҳлилчиларининг фикрига кўра, Ўзбекистон ҳукумати юзага келаётган таҳдидларни муваффақият билан бартараф этишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, асосий муаммолар ҳали олдинда.
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларининг нетто-импортёри
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларининг ташқи савдо айланмасида салбий савдо баланси йилига 500 миллион долларни ташкил этади.
Аҳамиятли жиҳати, озиқ-овқат импортининг 36 фоизи – Россия, Беларусь ва Украина мамлакатлари ҳиссасига тўғри келган, яъни улар Ўзбекистонга тўғридан тўғри озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчилардир. Мос равишда, Ўзбекистонга импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг 30 фоизга яқини Россиядан, 4 фоизи Беларусдан, 2 фоизга яқини эса Украинадан импорт қилинган. Шунингдек, Россиядан озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ҳажми бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин, чунки ушбу товарларнинг бир қисми мамлакатга Қозоғистондаги воситачилар орқали кириб келади.
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари экспортида эса, ушбу уч давлатнинг умумий улуши янада юқори, мақола муаллифлари ҳисоб-китобларига кўра – 42 фоиз. Шу билан бир қаторда, озиқ-овқат маҳсулотларининг қарийб 40 фоизи Россия бозорига Қирғизистон ва Қозоғистон орқали экспорт қилинади.
Рақамлардан хулоса қилиш мумкинки, узоқ муддатли истиқболда Украинадаги вазиятнинг Ўзбекистон озиқ-овқат бозорига таъсири жуда оғир бўлиши мумкин.
Энг аҳамиятли жиҳатларидан бири, Ўзбекистонга импорт қилинадиган умумий озиқ-овқат маҳсулотларининг 60 фоиздан ортиғини юқори калорияли асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, дон ва дон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи ва уни ишлаб чиқариш учун хомашё, шунингдек, шакар ташкил қилади. Бундан ташқари, импорт конъюнктурасидаги ўзгаришларга чорва учун озуқа маҳсулотлари ва қисман гўшт импорти ҳам сезгирдир.
Ушбу товарларнинг барчаси бўйича Ўзбекистон нетто-импортёр ҳисобланиб, импорт режимларининг ўзгариши товарларнинг ички бозорда мавжудлиги ҳамда маҳсулотларнинг нархлари ва хавфсизлигига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Фақат сабзавот ва мевалар бўйича (картошкадан ташқари) Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтайи назаридан вазият нисбатан яхши. Бироқ бу ерда ҳам Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини Россия ва ушбу давлат билан яқин савдо алоқаларига эга бўлган бошқа мамлакатлар бозорларига етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Россияда аҳолининг сотиб олиш қобилияти пасайгани сабаб ушбу маҳсулотларга талаб кескин камайгани ва рублнинг кескин қадрсизланиши туфайли ўзбекистонлик трейдерлар ва ишлаб чиқарувчилар зудлик билан муқобил бозорларни излаши зарур. Лекин бу осон иш эмас, чунки Ўзбекистондан товар экспорти логистикаси қиммат ва мураккаб, бу маҳсулотлар эса тез бузиладиган тоифага киради ва уларнинг сифати Россиядан кўра талабчанроқ мамлакатлар талабларига ҳар доим ҳам мос келавермайди.
Муҳим импорт маҳсулотлари тоифаларига эътибор қаратадиган бўлсак, дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари бўйича Ўзбекистоннинг Россияга қарамлиги у қадар юқори эмас – ушбу маҳсулотларнинг асосий қисми қўшни Қозоғистондан импорт қилинади. Бу кўрсаткич Украинадан ҳам жуда кам миқдорни ташкил этади.
Ўсимлик ёғи билан боғлиқ алоҳида муаммолар йўқ – Россияда экспортга тақиқ қўйилмаган, Украинадан импортга боғлиқлик ҳолати эса аҳамиятсиз даражада – 1-2 фоиз оралиғида. Албатта, мазкур товарларнинг ҳам худди дон каби нархи ошиши мумкин, лекин бу глобал муаммо.
Мутахассисларнинг фикрича, шакар масаласида муаммо жуда аниқ. Ўзбекистонга шакар ва шакарли «қандолат» импортининг 60 фоиздан ортиғи Россия улушига тўғри келади. Россия эса шакар экспортига тўғридан тўғри тақиқ жорий қилди.
Украинадан етказиб бериш улуши тахминан 4 фоиз эди. Табиийки, Бразилия ва бошқа йирик етказиб берувчи давлатлардан олиб келиниши мумкин бўлган шакар хомашёсидан маҳаллий қайта ишлаш ҳажмини ошириш муаммонинг ечими бўлиши мумкин, аммо бу ерда асосий савол қуйидагича: Ўзбекистон корхоналарининг қуввати ички бозордаги талабни тўлиқ қоплашга имкон берадими?
Таҳлилчилар фикрига кўра, ҳозирда импорт бўйича вазият унчалик хавфли кўринмаётган бўлса-да, йил охиригача бу масала анча муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Чунки ҳозирча глобал миқёсда ҳам 2021 йилги ҳосил захираларидан фойдаланилмоқда.
Доллар ва бошқа валюталарнинг сўмга нисбатан курси
Ўзбекистонда 9 мартга қадар АҚШ доллари ва бошқа асосий валюталар курси нисбатан барқарор сақланиб қолди. Россия рубли бундан мустасно. 24 февралдан 9 мартга қадар Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган курс 1 АҚШ доллари учун 10 840 сўмдан 10 897 сўмгача, яъни атиги 0,5 фоиз ошган. Бошида Ўзбекистон Марказий банки кутиш позициясини эгаллади – уруш қисқа муддатли бўлиши ва кейин ҳаммаси меъёрий ҳолатга қайтиши мумкин ҳам эди. Аммо ҳарбий ҳаракатлар чўзилиб кетди ва сўм босқичма-босқич девальвация қилина бошланди – 9 мартдан 15 мартга қадар 1 АҚШ доллари 10 897 сўмдан 11 033 сўмгача ёки 1,2 фоизга ошди.
Бироқ март ойининг иккинчи ярмида эртаги сабзавотларни ташқи бозорларга жўнатиш мавсуми бошланаётгани, бунда Россия, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон асосий бозорлар бўлиб, уларнинг валюталари долларга нисбатан сезиларли даражада пасайганини ҳисобга олсак, бу сўмнинг арзимас девальвациясидир. Бундан ташқари, қуритилган мева-сабзавот, шунингдек, музлатилган меваларни жўнатиш давом этмоқда ва келгусида ҳам давом этади. Қолаверса, ўша вақтга келиб, уруш сурункали босқичга ўтаётгани ва сиёсий музокаралар ҳали кўзга кўринарли натижаларни бермаганлиги ҳақида тушунча мавжуд бўла бошлади. Натижада 15 мартдан 18 мартга қадар 1 АҚШ доллари 11 033 сўмдан 11 572 сўмгача, яъни 3 кун ичида 4,9 фоизга қимматлашди. Умумий олиб қаралганда эса, 24 февралдан 18 мартгача бўлган даврда ўзбек сўми долларга нисбатан 6,8 фоизга қадрсизланган. Аммо бу миллий валюталари девальвацияси жиддий тус олган асосий савдо бозорларида (Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда) Ўзбекистон товарларининг нарх бўйича рақобатбардош бўлиши учун етарли эмас. Бошқа томондан, асосий савдо бозорлари, айниқса, Россияда аҳолининг сотиб олиш қобилияти даражаси ҳам кескин тушди, шу боис, сўмнинг кескин девальвацияси билан маҳсулот экспортининг юқори ҳажмини сақлаб қолиш осон бўлмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий валютасининг кескин қадрсизланиши инфляция кўрсаткичларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Маълумот учун, 30 март ҳолатига кўра, 1 АҚШ долларининг қиймати 11 442 сўмни ташкил этмоқда.
Истеъмолчилар кайфияти
EastFruit мутахассисларининг ўрганишларига кўра, Ўзбекистондаги истеъмолчилар кайфиятида кескин ўзгаришлар сезилмаган.
«Россиядан буғдой ва шакар етказиб беришнинг вақтинчалик тақиқланиши муносабати билан қисқа муддатли ажиотаж пайдо бўлди, бироқ расмий ҳукумат бунга дарҳол муносабат билдириб, Ўзбекистонда ушбу маҳсулотлар бўйича тақчиллик бўлмайди, деган баёнот билан аҳолини тинчлантирди», дейилади мақолада.
Қайд этилишича, кўплаб кекса авлод вакиллари ҳар эҳтимолга қарши макарон, дон ва бошқа зарур маҳсулотлар захирасини яратишга ҳаракат қилишган, аммо бу ҳодиса дўконларда ажиотажни юзага келтирмаган, аксинча, савдодаги қисқа муддатли ўсишга ёрдам берган.
Меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари
Меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Украинадаги урушнинг таъсири коронавирус пандемияси давридагидан ҳам салбийроқ бўлиши прогноз қилинган.
Таҳлилчиларга кўра, меҳнат муҳожирларининг 75-80 фоизга яқин пул ўтказмалари Россия (65-70 фоиз) ва Қозоғистондан (7-10 фоиз) келгани сабабли, бу ердаги таъсир икки жиҳатдан сезиларлидир.
Биринчи омил – рубл қадрсизланиши Россиядаги меҳнат муҳожирларининг АҚШ доллари қийматида ўлчанадиган даромадларини автоматик равишда 25–30 фоизга, Қозоғистондаги муҳожирларникини эса тахминан 15–18 фоизга камайтирди. Шу боис, бошқа омилларни ҳисобга олмаган ҳолда ҳам, Россия рубли ва Қозоғистон тенгесининг қадрсизланиши аллақачон бу давлатлардан пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада пасайишига олиб келмоқда.
Иккинчи омил – Россия ва Қозоғистонда иқтисодий вазиятнинг жуда ёмонлашувидир (Қозоғистон иқтисодиётининг Россия иқтисодиёти билан боғлиқлик даражаси юқори). Бу жараёнларнинг ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун асоратлари Россияда ишсизлик кучайиши, хорижлик ишчиларга талаб кескин қисқариши ва катта эҳтимол билан мигрантлар иш ҳақи пасайиши ҳисобланади. Буларнинг бари меҳнат муҳожирлари сони Россия ва Қозоғистонда қисқаришига, шунингдек, уларнинг даромадлари камайишига олиб келади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг расмий Тelegram-канали орқали ўтказилган аноним сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 35 фоизи Россияда ишини давом эттирмоқчи эканини, 24 фоизи рубл қадрсизланишда давом этса, қайтиши мумкинлигини, 41 фоизи эса рубл қадрсизланиши ёки ишсиз қолгани сабаб Ўзбекистонга қайтмоқчилигини маълум қилган.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йилда халқаро пул ўтказмалари орқали тушумлар ҳажми 8,1 миллиард долларни ташкил этган, бу кўрсаткич 2020 ва 2019 йиллар билан солиштирилса, 34 фоизга кўп. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ушбу маблағнинг 65-70 фоизи Россиядан (тахминан 5,5 миллиард доллар) ва 7-10 фоизи Қозоғистондан (650 миллион долларга яқин) жўнатилган.
2022 йил якунига кўра меҳнат муҳожирлари томонидан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми учдан бир қисмга қисқарган тақдирда ҳам, бу миқдор 2,7 миллиард долларни ташкил этади. Бу кўрсаткич тахминан Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг уч йиллик қийматига тенг.
Жаҳон банки Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмининг 21 фоизга қисқаришини тахмин қилган, бироқ бу прогнозлар урушнинг дастлабки ҳафталарида эълон қилинган. Шунингдек, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг бугунги кайфияти ҳам анчайин салбий томонга ёмонлашган бўлиши мумкин.
Давлат назорати
Нархларни тартибга солиш бўйича дастлабки чора-тадбирлар ҳукумат томонидан шакарга нисбатан амалга оширилди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ҳозир Россия билан савдо-сотиқда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш ва бунинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини камайтириш мақсадида Покистон, Эрон, Ҳиндистон ва Хитой билан савдо алоқаларини фаоллаштиришга ҳаракат қилмоқда. Покистондан картошкадан ташқари гўшт ҳам импорт қилина бошланди.
Хулоса
Айни пайтда Ўзбекистонда озиқ-овқат бозоридаги вазият барқарорлигича қолмоқда, бироқ меҳнат муҳожирлари пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши сабаб мамлакатда инфляция даражаси ошиши ва умумий макроиқтисодий ҳолатда ҳам ушбу салбий факторлар таъсирини кузатиш мумкин. Шунингдек, келгуси ойларда озиқ-овқат нархлари ўсиши эҳтимоли баланд, бу эса мамлакатдаги кам таъминланган аҳолининг озиқ-овқат калориялари минимал тўпламига эга бўлишига салбий таъсир кўрсатади. Агар Россия ва Қозоғистондан меҳнат муҳожирларининг катта қисми ишсиз қолиб қайтиб келса, бу вазият мамлакат ички бозорида озиқ-овқат маҳсулотларига талаб кучайишига, ўз навбатида, бу даромадлар камайгани ҳолда импортни ошириш заруратига олиб келади.
Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон бозорларига экспорт қилиш истиқболи ҳам ноаниқдир. Чунки ушбу мамлакатларда аҳоли даромадлари даражаси пасайиши ва миллий валюталар қадрсизланиши муаммоси бор. Бу эса мамлакат фермерлари даромади камайиши ва бу борадаги инвестиция лойиҳалари чекланишига олиб келиши мумкин.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025