Жаҳон | 15:51 / 30.03.2022
8086
2 дақиқада ўқилади

Полша йил охирига қадар Россия энергия ресурсларидан воз кечишни режалаштирди

Бош вазир Матеуш Моравецкийнинг сўзларига кўра, Полша "апрелда, кечи билан май ойида Россия кўмири импортига тўлиқ эмбарго жорий этади".

Фото: РИА Новости

Полша Россия энергия манбаларидан воз кечиш режасини йўлга қўяди ва бу режани йил охирига қадар амалга оширади, деди мамлакат бош вазири Матеуш Моравецкий.

"Бугун Россия углеводородлари- нефти, гази ва кўмиридан воз кечиш бўйича Европадаги энг радикал режани тақдим этамиз. Бу режа Европани тиклаш учун муҳим", - деди у.

Моравецкийнинг сўзларига кўра, Полша "апрелда, кечи билан май ойида Россия кўмири импортига тўлиқ эмбарго жорий этади".

Бундан ташқари, у Полша Россия нефтига қарамликни сезиларли даражада камайтиргани ва йил охирига қадар Россия нефтидан воз кечиш учун бор имкониятини ишга солишини айтди.

Моравецкийнинг қўшимча қилишича, май ойида газ импортини ҳам қисқартириш кутилмоқда.

Қайд этилишича, Полша 2022 йил охирига қадар Россия газидан тўлиқ воз кечиши кўзда тутилган.

Моравецкий Европанинг бошқа мамлакатларини ҳам Полшадан ўрнак олишга чақирди. 

У шунингдек, Еврокомиссиядан Россия углеводородларига солиқ белгилашни сўради. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид