Ўзбекистон | 12:19 / 30.03.2022
5268
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон ва Хоразмда янги санитария полигонлари қурилади

Фото: KUN.UZ

«Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудларида маиший чиқинди полигонларини рекултивация қилиш ва янги полигонлар қуриш» лойиҳасини амалга ошириш учун қиймати 120 млн АҚШ доллари бўлган кредит шартномаси имзоланган. Бу ҳақда Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси маълум қилди.

Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида:

– замонавий талаблар асосида 6 та (Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳар, Тўрткўл, Қораўзяк, Қўнғирот туманларида ҳамда Хоразм вилоятининг Боғот ва Қўшкўпир туманларида) янги полигонларни ташкил этиш;

– 14 та ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли, Амударё, Беруний, Элликқалъа, Қонликўл, Мўйноқ, Чимбой, Тахтакўпир туманларида ҳамда Хоразм вилоятининг Гурлан, Янгибозор, Хива, Хонқа, Янгиариқ, Ҳазорасп туманларида) чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини қуриш ва уларни 28 та махсус техника ҳамда 56 та 60 м3 ҳажмдаги контейнерлар билан таъминлаш;

– янгидан ташкил этилган полигонларда 6 та чиқиндиларни компост қилиш жойларини ташкил этиш ва 1 та полигонда органик чиқиндилардан биологик газ олиш ҳамда 6 та чиқиндиларни саралаш, 2 та тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилувчи ускуналарини ўрнатиш;

– янгидан ташкил этилган полигонлар учун 6 та компактор (зичлагич) ва бошқа турдаги 24 та махсус техникалар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Қўшимча қилинишича, Словениянинг «CЕCТ» компанияси томонидан лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари (ТИА) ишлаб чиқилиб, Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Тошкент халқаро инвестиция форуми»да Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида кредит шартномаси имзоланган.

Шуҳрат Саидаҳматов
Тайёрлаган Шуҳрат Саидаҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид