Андижонда қалбаки пул тайёрлаш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Андижонда катта миқдорда қалбаки пулларни тайёрлаш билан машғул бўлган шахслар қўлга олинди. Жиноий гуруҳ шу вақтгача 300 млн сўмдан ортиқ қалбаки пулларни Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида муомалага киритишга улгурган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, қалбаки пул тайёрлаш ва муомалага чиқариш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Қайд этилишича, Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро Бухоро шаҳрига бориб, 10 млн 100 минг сўм миқдоридаги қалбаки миллий валютани 600 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг жиноий шериги, Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1995 йилда туғилган фуқаро ушбу 600 АҚШ долларини қабул қилиб олган вақтида ушланди ҳамда унинг яшаш манзилида 2 млн 150 минг сўм миқдорида қалбаки банкнотлар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Суриштирув ҳаракатлари давомида қалбаки пуллар аслида Андижон шаҳрида тайёрланиши маълум бўлди.
Дастлаб Андижон шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган шахс ўзининг “Дамас” русумли автомашинасида 3 млн 200 минг сўм миқдоридаги 64 дона 50 минг сўмлик қалбаки банкнотларни олиб кетаётган вақтида қўлга олинди.
Сўнгра ушбу қалбаки пулларни тайёрловчи, 1987 йилда туғилган фуқаронинг уйидан пул тайёрлашда керак бўладиган буюмлар ҳамда 14 млн 550 минг сўм миқдоридаги қалбаки пуллар ашёвий далил сифатида олинди.
Таъкидлаш лозимки, жиноий гуруҳ умумий миқдорда 300 млн сўмдан ортиқ қалбаки пулларни тайёрлаб, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида муомалага киритишга улгурган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, Андижонда қалбаки 100 млн сўм пулларни ўтказаётган фуқаролар ушлангани хабар қилинган эди.
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
14:41 / 06.11.2024
5 сотих ерни фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган экология бўлими бош инспектори 20 минг доллар билан ушланди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
11:52 / 02.11.2024