Иқтисодиёт | 22:19 / 03.04.2022
2553
2 дақиқада ўқилади

Ташаббусли бюджет: Навоий вилоятида 124 та ташаббус ғолиб деб топилди

Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташаббуслар орасида автобусга метан ўрнатишдан уй-жойга муҳтож якка-ёлғиз фуқароларга уй қуриб беришгача бор.

Молия вазирлигининг «Очиқ бюджет» ахборот порталида Навоий вилоятида учраётган камчиликлар ечимига маҳаллий бюджетдан пул ажратиш бўйича энг кўп овоз олган 124 та ташаббус ғолиб бўлди. Уларни амалга ошириш учун 46,33 млрд сўм сарфланади.

Ғолиб деб топилган ташаббусларнинг 70га яқини ҳудуддаги таълим муассасаларини (мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ва коллеж) таъмирлаш, жиҳозлаш, компьютер жамланмалари, электрон доска ва китоблар, мебеллар, чолғу асбоблари олиб бериш билан боғлиқ. Қолган таклифлар маҳаллаларда ички йўлларни таъмирлаш, спорт майдончаси қуриш, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, ичимлик суви билан таъминлаш, шунингдек, тиббиёт муассасаларига тиббий жиҳозлар олиш кабилардан иборат.

Конимех туманидан уй-жойга муҳтож якка-ёлғиз фуқароларга туман ҳокимлиги балансида турувчи уй-жойлар қуриб бериш билан боғлиқ 2 та ташаббус ғолиб деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 1 млрд 80 млн сўмдан маблағ ажратилади.

Яна бир эътиборни тортадиган ташаббус автобусга метан ўрнатиш билан боғлиқ. Ушбу ташаббус Зарафшон шаҳар ХТБга қарашли Isuzu автобусининг ёнилғи сарфини камайтириш мақсадида киритилган ва унга 35 млн сўм сарфланади. 

Мавзуга оид