Жаҳон | 09:50 / 04.04.2022
6892
2 дақиқада ўқилади

БМТ Украинада 1 417 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилди

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, яна 2038 киши жароҳатланган. 4 миллиондан ортиқ одам Украинани тарк этишга мажбур бўлган.

Фото: AP

Украинада уруш бошланганидан 2 апрелгача бўлган вақт ичида 1 417 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 2038 нафари яраланган. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумотларида айтилади.

Ҳалок бўлганларнинг 293 нафари эркаклар, 201 нафари аёллар, 22 нафари қиз болалар ва 40 нафари ўғил болалардир. Шунингдек, жинси ҳозирча номаълум бўлган 59 нафар болалар ва 802 нафар ёши катта фуқаролар ҳаётдан кўз юмган.

Жароҳатланганлар орасида 241 нафар эркаклар, 187 нафар аёллар, 41 нафар қиз болалар ва 38 нафар ўғил болалар бор. Шунингдек, 92 нафар болалар ва 1 439 нафар ёши катталар борлиги айтилади.

Қурбонлар ва яраланганларнинг энг кўпи Киевда, шунингдек, Черкасск, Чернигов, Харков, Херсон, Киев, Николаев, Одесса, Суми, Запороже, Днепропетровск ва Житомир вилоятларида қайд этилган - 1 951 киши, улардан 949 киши ҳаётдан кўз юмган.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, 4 миллиондан ортиқ одам Украинани тарк этиб, қўшни давлатларга кетишга мажбур бўлган.

24 февралдан 1 апрелгача бўлган маълумотларга кўра, қурбонлар ва яраланганлар сони мос равишда 1 325 ва 2 017 нафарни, 24 февралдан 21 мартгача эса мос равишда 953 ва 1 557 нафарни ташкил қилган.

24 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Украинани «демилитаризация» ва «денацификация» қилиш мақсадида ҳарбий операция бошлади. Мамлакат Мудофаа вазирлиги тинч аҳоли объектларига зарба берилмаётганини даъво қилмоқда.

Бир кун аввал БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Киев вилоятининг Буча шаҳридаги воқеаларни мустақил тергов қилишга чақирди. Россия Мудофаа вазирлиги «Буча аҳоли пунктида тинч аҳолининг ўлдирилиши»га алоқадорлик ҳақидаги айбловларни рад этди. 

Вазирлик, хусусан, Reuters ва AFP каби оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк томонидан эълон қилинган жасадлар фотосуратлари ва видеоларни «яна бир провокация» деб атади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид