Жаҳон | 15:38 / 04.04.2022
10180
2 дақиқада ўқилади

Германияда коронавирусга қарши қарийб 90 марта эмланган эркакка қарши иш очилди 

У март ойи бошларида Айленбург шаҳридаги вакцинация марказида ушланган. 

Фото: Picture Alliance/DPA

Магдебург шаҳрида яшовчи 60 ёшли эркак 2021 йилдан буён турли вакцинация марказларида SARS-CoV-2 коронавирусига қарши қарийб 90 марта эмлангани маълум бўлди.  

Унга нисбатан ҳужжатларни сохталаштириш ва ноқонуний равишда эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни бериш бўйича иш очилди. 

Хабар қилинишича, у Дрездендаги вакцинация марказларидан бирининг эътиборини тортган. Германия Қизил хоч жамияти ходимлари бошқа вакцинация марказларини ғайриоддий ташриф буюрувчи ҳақида хабардор қилган ва улардан ушбу эркак келган тақдирда полиция билан боғланишни сўраган. У шу йилнинг март ойи бошларида Айленбург шаҳридаги вакцинация марказида ушланган. 

Полициянинг маълумотига кўра, эркак ҳар сафар ўзининг ҳақиқий исми ва манзилини кўрсатиб эмланган. Маълумотлар базасида аниқланишича, у 87 марта турли вакциналар билан эмланган. 

Эркакнинг уйидан кўплаб бўш вакцинация паспортлари топилган. У паспортларга бошқа одамларнинг исмларини ёзганлиги тахмин қилинмоқда. Бунда вакцина партиясининг рақами ҳақиқий бўлган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид