Жаҳон | 10:01 / 04.04.2022
14185
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Бучадаги воқеалар туфайли Россияга қарши янги санкциялар киритади

Янги санкциялар, хусусан, Россия кемалари томонидан ЕИ портларидан фойдаланишни тақиқлаш, экспорт чекловлари ва энергия ташувчиларга эмбарго қўйишни ўз ичига олади, деб ёзади FT. Элчилар уларни 6 апрель куни кўриб чиқишни режалаштирмоқда.

Фото: RIA Novosti/Vladimir Sergeev

Европа иттифоқи Киев вилоятидаги Буча шаҳридан олинган қурбонлар суратлари ва видеолари эълон қилинганидан сўнг Россияга қарши янги санкциялар жорий этишга тайёрланмоқда, чеклов чоралари ЕИ элчилари томонидан 6 апрель, чоршанба куни кўриб чиқилиши кутилмоқда, деб хабар берди FT ушбу режалар билан таниш дипломатга таяниб.

Нашрнинг ёзишича, баъзи аъзо давлатлар томонидан таклиф қилинган янги чекловлар кўпроқ шахсий санкцияларни, Россия кемаларининг Евроиттифоқ портларидан фойдаланишини тақиқлашни, қўшимча экспорт чекловларини ва энергия ташувчилар: кўмир, нефть ёки газга эмбарго қўйишни қамраб олади.

Бир кун аввал Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ЕИнинг Россияга қарши санкцияларни кучайтириш режалари борлигини маълум қилган эди. Молия вазири Кристиан Линднер, ўз навбатида, Германия 4 апрель, душанба кунидан ҳамкорлар билан чора-тадбирларни муҳокама қилишни бошлаш ниятида эканини билдирди.

Германия вице-канцлери Роберт Ҳабекнинг сўзларига кўра, Москвага нисбатан бешинчи чекловлар тўплами келаси ҳафтадаёқ қабул қилиниши мумкин, улар молиявий сектор ва технология маҳсулотларига тегишли бўлади. Шу билан бирга, Ҳабек яқин келажакда Россиядан нефть, газ ва кўмир етказиб беришга эмбарго қўйилишини истисно этди. 

Президент Владимир Путин ва Россиянинг юқори раҳбарияти, россиялик ишбилармонлар, амалдорлар, давлат каналлари, компаниялар, банклар ходимлари аллақачон ЕИ санкцияларига тушган. Россияга қимматбаҳо автомобиллар, соатлар ва кийим-кечакларни экспорт қилиш тақиқланган.

Россия Мудофаа вазирлиги «Буча аҳоли пунктида тинч аҳолининг ўлдирилиши»га алоқадорлик ҳақидаги айбловларни рад этди. 

Вазирлик, хусусан, Reuters ва AFP каби оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк томонидан эълон қилинган жасадлар фотосуратлари ва видеоларни «яна бир провокация» деб атади. Россия ҳарбийлари 30 март куни қўшинлар Бучани тарк этганини даъво қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид