Ўзбекистон | 07:37 / 05.04.2022
9233
3 дақиқада ўқилади

«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш мақсадида “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом;
  • “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари тўғрисидаги низом;
  • Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссиясининг таркиби.

Қарор билан "Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари ёшидан қатъи назар) фарзандларига даволаш, дори воситалари олиб бериш ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун харажатлар қоплаб бериш тартиби тасдиқланган. Харажатлар “Аёллар дафтари” жамғармаси ва Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар “Аёллар дафтари” билан ишлаш электрон тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш топширилган.

Электрон тизим давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади. Ушбу тизим ёрдамида қуйидаги имкониятлар берилади:

  • ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизнинг “Аёллар дафтари”га киритиш ҳақидаги мурожаатини бевосита қабул қилиш;
  • ушбу мурожаатни кўриб чиқиш натижалари, агарда мурожаатни қаноатлантириш рад этилган бўлса, рад этиш асосларини тақдим этиш;
  • “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кўрсатиладиган ёрдам турларини кўрсатиш;
  • “Аёллар дафтари” орқали ёрдам кўрсатилаётган хотин-қизларнинг рўйхати ва уларнинг ҳар бирига кўрсатилган ёрдамларнинг аниқ турлари, ҳажми ҳамда келгусида режалаштирилаётган тадбирлар билан танишиб чиқиш.

Бундан олдин “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тартиби тасдиқланганди.

Мавзуга оид