Жаҳон | 20:03 / 05.04.2022
9543
1 дақиқада ўқилади

Кўмир, ВТБ ва яримўтказгичлар: Евроиттифоқ Россияга қарши янги санкциялар тайёрлади 

Янги санкцияларда Россиянинг йилига 4 млрд евролик кўмири импортидан воз кечиш кўзда тутилган.

Фото: РИА Новости

Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг бешинчи пакетини тайёрлади. Бу ҳақда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.

Янги санкцияларда Россиянинг йилига 4 млрд евролик кўмири импортидан воз кечиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Евроиттифоқ ВТБ ва яна учта банк операцияларини тўлиқ тақиқлайди, Россия кемаларининг ЕИ портларига кириши ман этилади ҳамда Россия ва Беларус транспорт операторларининг киришига тўсиқ қўйилади.  

Шунингдек, Евроиттифоқ 10 млрд евролик яримўтказгичлар ва турли жиҳозлар экспортини тўхтатади, маълум бир турдаги 5,5 млрд евролик маҳсулотлар (жумладан, ёғоч, цемент, денгиз ва алкогол маҳсулотлари) импортига тақиқ қўяди. Бундан ташқари, Россия компанияларининг ЕИ давлат харидларида қатнашиши тақиқланади.  

Шахсий санкцияларга тушган жисмоний шахслар рўйхати кенгайтирилади.  

Еврокомиссия раисининг қўшимча қилишича, ЕИ яна қўшимча санкциялар устида ишламоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид